Сурхондарё вилояти ҳокимлигида Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятини давлат хизматчиларига етказишга бағишланган ўқув- семинар бўлиб ўтди.
Видеомулоқот шаклида ўтказилган тадбирда марказий студияда вилоят ташкилот, идора ва бошқармалари, ҳудудий студиялардан бошқарув органларининг ҳудудий бўлинмалари мутасаддилари иштирок этди.

Ўқув- семинарда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилоят филиали раҳбари Шерпўлат Бойқулов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аброр Раҳматов, Тошкент давлат юридик университети профессори Олим Нарзуллаев ва бошқалар янги таҳрирдаги Конституциямиз Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берганини алоҳида таъкидлади.

Президентимизнинг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Янги таҳрирдаги асосий қонунимиздан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ тадбирларни ўз ичига олган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Фармон ижроси доирасида ташкил этилган ўқув-семинарда Бош қомусимизга қатъий риоя этиш юзасидан вазирлик ва идораларда амалга ошириладиган биринчи навбатдаги муҳим чора-тадбирлар, унда белгиланган асосий принциплар, инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ҳамда жамият ва шахс масалалари, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, сайлов тизимидаги фундаментал вазифалар каби мавзулар юзасидан маърузалар тингланди. Давлат хизматчиларига жамиятда Конституциянинг сўзсиз ижросини ва унга риоя этилишини таъминлашдаги вазифаси, бурч ва мажбуриятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

–Ўқув-семинар бошқарувда конституциявий нормаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида ташкил этилди,–дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аброр Раҳматов.– Шунингдек, уларни давлат хизматчисининг ҳар кунлик фаолиятига кенг татбиқ этиш, “Инсон қадри” тамойили асосида халққа хизмат кўрсатишнинг сифат даражасини оширишга эришиш ҳам кўзда тутилган.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири