Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган
13:39 / 2023-04-12

Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида турли соҳа вакиллари, миллий маданият марказлари ходимлари ва ёшлар иштирокида Янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров иштирок этиб, Янгиланаётган Конституция мазмун-моҳиятига тўхталар экан, конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистон учун янгилик эмаслиги, аммо Бош қомусга бугунги реал эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ўзгартишлар киритилаётгани тарихий воқелик эканини таъкидлади.  

– Амалдаги қонунларимиз бугунги реал ўзгаришларга мутаносиб эмас ва ҳатто Конституциямизни ҳам ўзгартиш ҳаётий заруратга айланди, – деди Алишер Қодиров. – Аслида конституциявий ислоҳотлар анча аввал бошланган. 2019 йилги парламент сайловларидан кейинги таҳлиллар фуқароларнинг қонунлардан кўнгли тўлмаётганини, кўплаб қонунлар бугунги реал ҳаётга жавоб бермай қолаётганини кўрсатди. Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида махсус гуруҳ тузилиб, амалдаги қонунлар таҳлил қилинди, ўрганилди, қиёсланди ва ҳақиқатан ҳам кўплаб қонунларимиз Янги Ўзбекистон ислоҳотларига жавоб бермаётгани маълум бўлди. Қарийб бир йил давомида миллий ва умуминсоний қадриятлар, “Инсон манфаати ҳар нарсадан устун” ғояси асосида Конституциявий қонун лойиҳаси тайёрланди ва унда жамиятимизнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинди. Янгиланаётган Конституция лойиҳасини тайёрлаш жараёнида икки босқичда халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилди. Биринчи босқичда 60 мингдан зиёд таклиф келиб тушган бўлса, иккинчи босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди ва таклиф-мулоҳазалар сони 150 мингдан ошди. Шу билан бирга, меҳнат жамоалари, олийгоҳлар, маҳалла фаоллари ва зиёлилар билан бўлиб ўтган муҳокамаларда ҳам яна қарийб 10 мингта қўшимча таклиф келиб тушди. Шунингдек, ўтган давр мобайнида халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлатлар тажрибаси ўрганилди, лойиҳа 6 турдаги экспертизадан ўтказилди. Албатта, янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинган бўлиб, том маънода халқ Конституцияси, десак янглишмаймиз. Бугунги кунда тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциямизнинг моддалари 155 тага етиб, қарийб 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда.  

[gallery-11405]

Янгиланаётган Конституциямизда таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилади, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлади. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошмоқда. Фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланмоқда. Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтириляпти. Киритилаётган ўзгаришларга асосан давлатнинг фуқаролар олдидаги вазифаси билан бирга фуқароларнинг ҳам давлат ва жамият олдидаги мажбуриятлари ҳам мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

– Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланмоқда. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамланяпти, – дейди Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Анора Бобомуродова. – Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланмоқда.  

Тадбирда вилоятда фаолият олиб бораётган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият улашди.

А.Бўриев,  

С.Аслонов (сурат), ЎзА