Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги таҳрирдаги Конституцияда ёшлар масаласига устуворлик берилган
12:48 / 2023-05-24

Ўзбекистон — ёшлар мамлакати. Аҳолимизнинг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Эртамиз эгаси, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидандир. Ёшларнинг ўзини самарали намоён этиши учун шароит ва имконият яратиш, мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялашга қаратилган саъй-ҳаракатларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Шу йил халқимиз хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида ҳам кўплаб соҳа ва йўналишлар қаторида ёшлар масаласига алоҳида устуворлик берилган. Аввало, Бош қомусимизнинг янги таҳририни такомиллаштириш ва қабул қилиш жараёнларида юртимиз ёшлари фаоллик кўрсатганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Зеро, ўзининг эртасига, юрт равнақига бефарқ бўлмаган фаол йигит-қизларимиз ушбу сиёсий жараёнларда ўзининг теран фикрини, ташаббускорлигини яна бир карра намоён қилдилар.  

Янги таҳрирдаги Конституциямизда алоҳида бир боб — XIV боб «Оила, болалар ва ёшлар» масаласига бағишланди. Бу эса юртимизда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қанчалик эътибор қаратилаётганини, улар давлат ҳимоясида эканлигини кўрсатади.  

Жумладан, 78-моддада боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти сифатида белгилаб қўйилди. Шунингдек, айни шу моддада давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамлаб қўйилди. Ушбу нормалар келажагимиз давомчилари бўлган фарзандларимизнинг ҳар жиҳатдан ривожланиши учун давлат катта масъулиятни, мажбуриятни ўз зиммасига олаётганини англатади.    

Айниқса, ёшлар ҳуқуқлари акс этган 79-моддага кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Шунингдек, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиб бериши белгилаб қўйилди.  

Шу ўринда айтиш жоизки, мактаб таълимини битирган ҳар бир ёш катта ҳаётга қадам қўяди. Бу дегани улар олий таълим олиши, ишлаши, уйланиши, уйли-жойли бўлиши, бир сўз билан айтганда, жамиятда ўз ўрнини топиши лозим. Аммо буларни амалга ошириш ёш йигит-қизлар учун осон кечмайди. Шунинг учун ҳам давлатимиз Конституция даражасида бу каби масалаларни ўз зиммасига олиб, ёшларнинг таълим олишига, соғлиғини сақлашга, ишга жойлашиши ва уй-жойга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратади.  

Бундан ташқари, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли эканлиги ҳам янги таҳрирдаги Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилди. Яъни бу давлат олий таълим муассасаларида давлат гранти асосидаги таълим шакли давом этишини англатади. Бу эса ёшларимизнинг олий таълим олишига кенг имконият яратади. Айниқса, фарзандини тўлов шартнома асосида ўқитиш имконига эга бўлмаган оилалар фарзандлари учун қулайликдир.  

Хулоса ўрнида айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямиз ёшларимизга янада кенг имконият ва шароитларни, қатор енгилликлар ҳамда муҳим янгиликларни туҳфа этди. Педагогик фаолиятим давомида гувоҳи бўляпманки, юртимиз ёшлари бу каби конституциявий имкониятлардан, давлатимизнинг ғамхўрлигидан жуда мамнун. Конституциявий ислоҳотлар ёшларимизга катта мотивация беряпти.  

 

Муниса Миргиязова,  

ТДЮУ Хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси