Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳамда инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақил давлатимиз ҳуқуқий асоси, жамият барқарорлиги кафолати ҳисобланади. Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 31 йиллигини бутун халқимиз кенг нишонламоқда. Зеро, 2023 йил 30 апрель куни юртимиз тарихида унутилмас воқеа – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинди. Унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топгани дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олган. У умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, жорий йилнинг 8 май санасида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Президент фармони ҳамда шу йилнинг 16 ноябрида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент фармойишида қайд этилганидек, “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди”.
Эътироф этиш жоизки, бугун Конституция нормалари халқимиз ҳаётида ифодасини топа бошлади. Аввало, Ўзбекистон ўзининг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатидаги мақомини мустаҳкамлади. Шунингдек, янги Конституциянинг умумхалқ референдуми асосида қабул қилингани халқимизнинг Ватан тақдирига дахлдорлиги, юксак сиёсий ва ҳуқуқий маданияти ҳамда ишончини намоён этди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, давлат суверенитети принциплари, демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатини намоён этган ҳолда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган ҳолда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди.
Асосий қонунимизда белгиланган конституциявий нормалар ижросини сўзсиз таъминлаш барча соҳаларда “инсон қадри”нинг том маънода юксалишига, давлат ва жамият ҳаётини “инсон – жамият – давлат” деган тизимга асосланган янги ва замонавий тарзда бошқариш имконини яратди, дейиш мумкин.
Шу маънода давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “...янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат”, деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз”.
Бош Қомусимизнинг муқаддимасида давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар аниқ белгилаб берилди.
Конституциянинг 1 моддасида эса “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”, деб белгиланди.
Чиндан ҳам, янги Ўзбекистон иқтисодий-сиёсий, ижтимоий-ҳуқуқий, маданий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлари билан дунё ҳамжамияти ҳурмат-эътирофини қозонмоқда. Бунга, албатта, мамлакатимиз иқтисодий равнақи, халқимиз турмуш тарзидаги фаровонлик, ёш авлод камолоти йўлидаги туб ислоҳотлар самарасига асос бўлмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат бўлди. Моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпайди. Шунингдек, 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгариш киритилди. Конституция матни 65 фоизга янгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, Конституциянинг янги таҳрирда қабул қилиниши халқ фаровонлигини янада юксалтириш учун мустаҳкам замин яратиши шубҳасиз.
Эркинжон МАҲМУДОВ,
Қўқон шаҳар адлия бўлими бошлиғи