Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги таҳрирдаги Конституция: Ўзбекистон – дунёвий давлат (+видео)
10:06 / 2023-12-08

Жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз бирдамлик ва жипсликда янги таҳрирдаги Конституцияни бир овоздан маъқуллади. Шундан сўнг янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинди.

Хўш, янги таҳрирдаги Конституцияда қайси йўналишларга кўпроқ эътибор қаратилиб, янги нормалар белгиланди? 

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Акбаршоҳ Тешабоев ана шулар ҳақида гапириб берди: 

– Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси том маънода халқчил ҳисобланади. Конституциянинг халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси эканини биз Конституцион ислоҳотлар жараёнида кўрдик. 

Янги таҳрирдаги Конституция матни халқимиз томонидан берилган таклифлар асосида бойитилди. Икки маротаба халқнинг муҳокамасига тақдим этилди. Биринчи босқичнинг ўзида 62 мингдан, кейинги босқичда 150 мингдан, жами 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам ушбу Конституциянинг халқчил аҳамиятга эга эканини кўрсатади. 

– Конституцияда қандай янги нормалар белгиланди? 

– Конституцияга халқимизнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинган холда жуда катта ўзгаришлар киритилди. Авваламбор, инсоннинг шаъни, қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгиланди. 

Халқаро ҳуқуқий нормаларнинг Конституциямизга киритилиши ҳам ўзига хос хусусият ҳисобланади. Мисол учун, биринчи моддага эътибор қаратадиган бўлсак, унда Ўзбекистон ижтимоий, ҳуқуқий ва дунёвий давлат сифатида эътироф этилаётгани жуда катта аҳамиятга эга. 

Болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар: оналик, оналик-болалик ва шу билан биргаликда оталикнинг ҳам давлат томонидан муҳофаза қилиниши алоҳида белгилаб қўйилгани аҳамиятлидир. Ўқитувчи мақомининг Конституцияда олий даражада белгилаб қўйилганини эса алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. 

Янгиланган Конституциямиздаги фуқароларни уй-жой, бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш масаласи, пенсия, иш ҳақи, нафақаларнинг миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ҳолатда белгиланишига доир норманинг ўзини ҳам мамлакатимиз фуқароларининг фаровонлигини таъминлаш, барқарор тараққиётни кафолатлаш борасидаги муҳим нормалар сифатида эътироф этишимиз мумкин.

– Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини уй-жой билан таъминлашга доир ҳуқуқий нормалар киритилди. Шу ҳақда ҳам мулоҳазаларингизни билдириб ўтсангиз.

– Халқимиз томонидан энг кўп келиб тушган таклифлардан бири янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 47-моддаси яъни ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги акс этган нормадир. Мазкур норма кўплаб юртдошларимизнинг юрагидаги орзу эди, десак, муболаға бўлмайди. Ҳар кимнинг уй-жойли бўлишга ҳақли эканлигига доир норманинг Конституциявий даражада мустаҳкамланиши ҳам ҳуқуқий, сиёсий ҳам рамзий аҳамиятга эга. Чунки “снос” муаммоси кўпчиликни қийнаб келаётган эди. 

Илгари одамларнинг уй-жойга доир бўлган ҳуқуқлари тўла кафолатланишига ишончи кам эди. Янгиланган таҳрирдаги Конституциямизга ўта зарур нормаларнинг киритилиши натижасида, эндиликда кимнингдир уйи агар давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олинадиган бўлса, амалдаги бозор қиймати асосида ҳисоблаб чиқилиб, олдиндан компенсация тўланади.    

– Янгиланган Конституцияда Ўзбекистон дунёвий давлат деб белгиланди. Бунинг аҳамияти нимада?    

– Ўзбекистоннинг дунёвий давлат деб эътироф этилиши ўзига хос рамзий маънони англатади. Аввало, дунёвий давлат қандай давлат, деган саволга жавоб бериб ўтсак. Дунёвий давлат бу – дин ҳамда давлат бир-биридан ажратилган дегани. Бироқ диний ташкилотлар, диний муассасаларнинг фаолияти давлат томонидан рағбатлантириладиган давлатга нисбатан дунёвий давлат ибораси ишлатилади.    

Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат вакиллари бир байроқ остида, ягона мақсад атрофида жипслашиб яшамоқда. Мана шунча миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилади. Уларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши дунёвий давлатда белгиланган энг муҳим мезонлардан бири ҳисобланади.    

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/oLnrUQ2QEjI" title="Yangi tahrirdagi Konstitutsiya: Oʻzbekiston – dunyoviy davlat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), ЎзА