Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятини барча бўғиндаги давлат фуқаролик хизматчиларига етказиш мақсадида ўқувлар-семинарлар ташкил этилмоқда.

Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлигида семинарлар ташкил этилиб, 2 минг нафардан ортиқ давлат хизматчилари қамраб олинди.
Ўқув давлатимиз раҳбарининг "Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Семинарлар натижадорлигини ошириш учун тажрибали мутахассислардан иборат махсус экспертлар гуруҳи шакллантирилган.

Мақсад — бошқарувда конституциявий нормаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш, уларни давлат хизматчисининг ҳар кунлик фаолиятига татбиқ этиш, пировардида “Инсон қадри” тамойили асосида халққа хизмат кўрсатишнинг сифат даражасини оширишга эришиш.
Эслатиб ўтамиз, ўқув семинарлар барча вазирлик, идора ва уларнинг қуйи тузилмалари, ҳокимликларда жорий йилнинг 27 сентябрига қадар давом этади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА