French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги тафаккур, янги армия, янги имкониятлар
09:56 / 2026-01-14

Муносабат

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши мамлакатимиз мудофаа сиёсатида мазмунан янги босқич бошланганини кўрсатди. Йиғилишда билдирилган фикр ва вазифаларни оддий баёнот сифатида эмас, балки бугунги глобал ва минтақавий ўзгаришларга берилган тизимли жавоб сифатида баҳолаш мумкин.

Сабаби, бугун жаҳонда ҳарбий-сиёсий вазият беқарорлашиб бораётган, минтақавий можаролар кенгайиб, қуролланиш пойгаси янги шакл касб этаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг хавфсизликка оид ёндашуви алоҳида эътиборга лойиқ.

Бугун замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди. Хавф-хатарлар фақат ҳарбий майдон билан чекланиб қолмаяпти. Киберҳужумлар, ахборот хуружлари, сунъий интеллект, иқтисодий босим ва геосиёсий таъсир ўтказиш воситалари давлат хавфсизлигининг ажралмас қисмига айланди.

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг барча соҳа ва тармоқларни “проактив иш режими”га ўтказиш ҳақидаги талаби бугунги глобал вазиятга берилган энг тўғри ва ўз вақтидаги жавобдир. Энди хавфга жавоб бериш эмас, хавфни олдиндан кўра билиш ва бартараф этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ўтган йиллар мобайнида миллий армиямизни модернизация қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника, учувчисиз учиш аппаратлари, рақамли бошқарув тизимлари жорий этилмоқда. Қўшинларда янги тактик усуллар синовдан ўтказилиб, жанговар тайёргарлик сифат жиҳатдан янги босқичга чиқди.

Айниқса, ҳарбий таълим тизимининг тубдан янгиланиши алоҳида эътиборга лойиқ. Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг ташкил этилгани, таълим жараёнига сунъий интеллект, рақамли баҳолаш ва илғор технологияларнинг жорий этилиши бу келажак офицерлар корпусини тайёрлашда мустаҳкам пойдевор демакдир. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, ҳарбий таълимни модернизация қилмасдан туриб, армиянинг янги қиёфасини яратиб бўлмайди. 

Йиғилишда илгари сурилган энг муҳим ижтимоий йўналтирилган ташаббуслардан яна бири бу – муддатли ҳарбий хизматга мутлақо янги ёндашувдир. Президентимиз уни фақат ҳарбий бурч эмас, балки ёшлар учун ҳаётий старт майдони сифатида ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Эндиликда, армияда хизмат қилган ҳар бир ёш камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши, IT, сунъий интеллект, дастурлаш каби замонавий йўналишларда билим олиши, олий таълимга кириш ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши учун барча шароит яратилиши бу ҳақиқий ижтимоий ислоҳотдир.

Жумладан, аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқишини бошлайди.

Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади.

Бундан ташқари, армиядан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг кредит харажатини 6 фоизи давлат томонидан қопланади, давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшлар учун Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест балларига 10 фоизлик имтиёз бериш амалиёти жорий қилинади. Хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларга касбни эгаллаш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ҳарбий хизматчилар меҳнатини қадрлаш, уларнинг оилалари ва ҳарбий пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилишга қартилган муҳим ташаббусларни ҳам илгари сурди. Уларнинг маошларини ошириш, пенсия ҳисоблаш тизимини такомиллаштириш, уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш – буларнинг барчаси “инсон қадри учун” деган тамойилнинг амалдаги ифодасидир.

Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти бўйича алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга киритиш ҳақидаги топшириқ Қонунчилик палатаси депутатлари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Қолаверса, йиғилишда саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келгани ҳақидаги фикр алоҳида аҳамият касб этди. Чунки дунё ўзгармоқда, таҳдидлар шакли ва кўлами янгиланмоқда.

Ўзбекистоннинг ҳарбий блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаган ҳолда, кўп томонлама дипломатия, ҳарбий мустақиллик, юқори технологияларга асосланган мудофаа стратегиясини таъминлаш лозим. Бу ҳужжат мамлакат хавфсизлигига оид қонунчиликни тубдан такомиллаштириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарорлар изчил ва тизимли амалга оширилса, Ўзбекистон армияси нафақат миллий хавфсизлик кафолати, балки замонавий, юқори технологияли ва ижтимоий жиҳатдан барқарор институтга айланади.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА