Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда қайд этилишича, жамоат транспортида тўловлар
шаффофлигини таъминлаш, йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимларидан фойдаланишни рағбатлантириш ва автоматлаштирилган тўлов тизимини ривожлантириш мақсадида жамоат транспорти тизимида янги, қўшимча ва рағбатлантирувчи тарифлар жорий этилди.
Жорий йилнинг 1 ноябридан Тошкент шаҳар жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) қатновларни амалга ошириш учун чекланган тариф 2 000 (икки минг) сўмни, қатнов учун бир марталик тўлов электрон тўлов тизими – банк карталари ҳамда АТТО транспорт картаси орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда – 1 700 (бир минг етти юз) сўмни ташкил этиши белгиланди.
Янги табақалашган тариф режаларига кўра, Транспорт карталаридан (АТТО) фойдаланган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тарифлар жорий этилди. Яъни, бир соат ичида биринчи автобусда тўлов 1 минг 700 сўмни, иккинчи автобусда тўлов 700 сўмни, учинчи ва кейинги автобусларда тўлов 0 сўмни, бир соат ичида метродаги тўлов 1 минг 700 сўмни, биринчи автобусда тўлов 1 минг 100 сўмни, иккинчи автобусда тўлов 700 сўмни, учинчи ва кейинги автобусларда тўлов 0 сўмни ташкил этади.
Шунингдек, бир соат ичида биринчи автобусда тўлов 1 минг 700 сўмни, метродаги тўлов 1 минг 100 сўмни, иккинчи автобусда тўлов 700 сўмни, учинчи ва кейинги автобусларда тўлов 0 сўмни ташкил этади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, йўловчи биринчи транспортга чиқишида тўлов қилинган вақтдан бошлаб ҳисоб даври бошланади.
Бир соатлик тарифда метродан фақат бир марта фойдаланишга рухсат этилади. Иккинчи марта метродан фойдаланганда 60 минутлик ҳисоб даври янгидан бошланади.
Қўшимча равишда йўналишли йўловчи транспортидан фойдаланишда, унинг туридан қатъий назар, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланган ва чекланмаган тариф режалари жорий этилди. Бунда, ушбу тарифлардан фойдаланувчи йўловчилар белгиланган вақт даврида чексиз қатновларни амалга оширишлари мумкин бўлади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА