Янги сув қувурлари ётқизилмоқда
Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасидаги ишларнинг бошланганига бир неча йил бўлди. Дастлабки босқичда шаҳар атрофини айланиб ўтган магистрал сув қувурларини янгилаш кўзда тутилган эди. Бир неча кун олдин ушбу лойиҳаларнинг давоми ва якуний қисми сифатида шаҳарнинг Хонобод ва Алишер Навоий кўчаларидан ўтувчи диаметри 800 мм бўлган ичимлик суви тармоғини янгилаш ишлари бошланди.
Ушбу кўчалардаги яроқсиз ҳолатга келган сув қувурларининг алмаштирилиши натижасида шаҳарнинг эски шаҳар қисмидаги маҳаллалар ва Мағзон, Хонтепа, Каманди, Қиличбек қўрғонча ҳамда Бўстон маҳаллаларининг ичимлик суви таъминоти янада яхшиланади.

Энг асосийси бу ишлар якунлангач, сув қувурларига юқори босим билан сув етказиб бериш имконияти пайдо бўлади.
Шу билан шаҳар бўйлаб янгидан қурилган ҳалқасимон сув қувурларини тортиш лойиҳаси якунига етади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, кейинги йилларда ёз ойларида шаҳарнинг Насаф ва Махсумобод маҳаллаларида сув таъминотидаги узилишлар кузатилаётган ва бу ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири