Янги сотиб олинган уйдан бир асрлик китоблар топилди
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида яшовчи фуқаро янги сотиб олган уйидан XIX аср охири ХХ аср бошларига тегишли қадимий китоблар топиб олган. Мазкур қўлёзмалар Маданий мерос агентлиги ва унинг шаҳар бошқармаси масъуллари томонидан ўрганилди.
Агентлик матбуот хизматининг хабар беришича, фуқаронинг мурожаатига асосан янги уйдан топилган тарихий китоблар устида атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди. Текширувлар натижасида топилган ашёлар эски ўзбек ёзувидаги қўлёзма ва тошбосма китоблар экани аниқланди. Уларнинг ичида шеърий тўпламлар, бадиий ва илмий-оммабоп китоблар ҳам бор экани маълум бўлди.
Топилган китоблар фуқаронинг шахсий мулки эканлигини инобатга олган ҳолда агентлик ходимлари томонидан қўлёзмаларни давлатга топшириш ёки сотиб юбориши мумкинлиги тушунтирилди.
Мазкур китоблар устида батафсил ўрганиш ишлари якунига етгач қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА