“Янги солиқлар – янгича имкониятлар“
Ўқув-семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Сирдарё вилояти адлия ҳамда давлат солиқ бошқармалари ташаббуси билан янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг амалга жорий этилишига бағишлаб ўтказилган ўқув-семинари шундай номланди.
Тадбирда молия, божхона, савдо-саноат палатаси, давлат хизматлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармалари, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов жорий йил 1 январдан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалиётга татбиқ этилгани, солиқ ҳисоботларининг янги шакллари ишлаб чиқилгани ва солиқ ҳисоботи шакллари Ўзбекистон Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилгани, ушбу кодекснинг мазмун-моҳияти барча солиқ тўловчиларга етказилиши лозимлигини таъкидлади.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига кўра 1 январдан солиқ тизимида янгиликлар жорий этилмоқда. Семинарда шу ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир иштирокчилари адлия, солиқ, молия ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассисларининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси бандлари, солик низоларини судгача ҳал қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар, даромад манбаларининг тақсимланиши мавзуларидаги ҳаммабоп ва оммабоп маърузаларини катта қизиқиш билан тинглади.
– Эндиликда солиқ тўловчилар яшил, сариқ ва қизил йўлакчаларга ажратилади, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг солиқ солиш бўйича маслаҳатчиси Абдуқаюм Абдушукуров. – Солиқларни доимий, ўз вақтида тўлаб борувчилар текширувлардан холи бўлади, муддатини ўтказиб ҳисобот топширувчилар сариқ йўлакда, ҳисоботларни муттасил топширмай, бюджет тўловларини ўз вақтида тўламай келаётганлар эса қизил йўлакда бўлади. Қизил йўлакдагилар фаолияти устидан камерал назорат тартибида аудит текшируви ўтказилади.
Ўқув-семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди.