Биринчи июнь куни воҳа ҳаётининг кўзгуси ҳисобланган “Янги Сирдарё”, “Новая Сырдарья” газеталари ташкил этилганига 60 йил тўлди.
Дастлаб “Сирдарё ҳақиқати” номи билан нашр этилган газетанинг ўқувчилар қўлига етиб боришида Самад Қодиров, Мели Маҳмудов, Саъдулла Боқиев, Эркин Отабоев, Раҳмонқул Маматқулов, Олим Қўчқорбековнинг ҳиссаси катта бўлган. Газета илк нашрларда Мирзачўлга сув чиқариб, қўриқ ерни гуллаб-яшнаган бўстонга айлантираётган матонатли, жасоратли, заҳматкаш чўлқуварлар ҳақида мақолалар берилган.


Дастлабки йилларда С.Акбарий, О.Қўчқорбеков, А.Пўлат, И.Сулаймонов, С.Боқиев, К.Шукуров, Ш.Убайдуллаев, М.Маҳмудов, С.Султонов, Т.Жамолов, А.Умаров, Ж.Сувонқулов, Э.Мавлонов, А.Эшпўлатов каби фидойи ижодкор ва журналистлар фаолият кўрсатган. Ҳозирда ижодкор ва журналист Муҳаммад Исмоилов бош муҳаррир сифатида фаолият олиб бормоқда. Кейинги йилларда воҳада рўй бераётган оламшумул ўзгаришлар ҳақида айни пайтда таҳририятда фаолият олиб бораётган М.Аҳмедов, Х.Пардабоева, Т.Аҳмадалиев, Л.Нишонова, Р.Содиқов ва Б.Боймуродов сингари ижодкорлар ўқишлик мақолалар билан газетхонлар меҳрини қозониб келмоқда.
Газетанинг 60 йиллиги муносабати билан таҳририятда тадбир ўтказилди. Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев “Янги Сирдарё”, “Новая Сырдарья” газеталарининг воҳа миқёсида ўзига яраша муносиб обрўси борлигини, ортда қолган йиллар давомида саҳифаларида ҳудудлардаги турли жабҳаларда кечаётган қизғин меҳнат жараёни, амалга оширилаётган ислоҳотлар, фидойи инсонлар ҳаёти ёритиб борилаётганлигини, газеталарнинг мавқеи келгусида яна юксалишида камарбаста бўлишга тайёр эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, сенатор Ҳаётхон Ортиқбоева, ГулДУ профессори Равшанбек Маҳмудов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналистлар Алиқул Хонимқулов, Холида Пардабоева журналист касбининг машаққатли ва шарафли жиҳатлари ҳақида сўз юритди ва келгусидаги ишларга ютуқлар тилади. Шунингдек, “Тасвирий ойина” вилоят бошқаруви раҳбари Ҳакимжон Юнусов, “Бек Кластер”, вилоятда фаолият олиб бораётган ташкилотлар мутасаддилари жамоани қутлаб, ўзларининг эсдалик совғаларини топширди.
Ш.СУЯРОВ,
Ш.ОРТИҚБОЕВ,(суратлар) ЎзА