Бухоро шаҳрининг Низомий Ганжавий маҳалласи Садриддин Айний кўчаси ҳудудида янги шаклдаги кўча 24/7 тизимида иш бошлади. Унинг очилиш маросимида мутасаддилар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда шаҳар аҳолиси иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов ушбу лойиҳа нафақат Бухоронинг туризм салоҳиятини ошириш, балки маҳаллий тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири эканини, бундай лойиҳалар келгусида яна кўплаб амалга оширилишини таъкидлади.


Хизмат кўрсатиш йўналишида фаолият юритадиган мазкур кўчада инфратузилма тадбирларини амалга ошириш учун 2 миллиард 894,6 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Мазкур маблағ ҳисобидан ҳозирда кўчанинг электр тармоқлари янгиланди, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди, замонавий ёритгич чироқлари ўрнатилди, пиёдалар йўлаги қурилди, болалар майдончаси ва воркаут, беседка қуриш ишлари амалга оширилди.

Умуман, лойиҳа доирасида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўнгилочар масканлар, озиқ-овқат дўконлари, тез тайёрланадиган таомлар шохобчалари, шунингдек, сайр қилиш ва дам олиш учун махсус зоналар ташкил этилди.

Шунингдек, кўчада 26 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди. 40 та тадбиркорнинг фаолияти кенгайди. 24 та кўчма савдо шохобчалари ташкил қилинди. 50 та янги иш ўринлари яратилди. Бунинг натижасида бюджетга қўшимча 500 миллион сўм солиқ тушуми тушишига эришилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.