Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги сайлов: замонавий сиёсий номзод фуқароларда қандай таассурот уйғотиши керак?
13:27 / 2021-08-24

Замонавий сиёсий раҳбар учун сиёсий имижни шакллантириш сиёсий жараёнларнинг биринчи галдаги вазифаларидан бири ҳисобланади.

  Сиёсий имижни маълум бир сиёсий имижмейкер эмас, балки жамият аъзоларининг фикри, қарашлари асосида шаклланган сиёсий қиёфа сифатида ҳам талқин этиш мумкин. Аслида, инсонлар ўртасидаги муносабатлар уларнинг диққатини тортадиган тарафлари,яъни имижи (қиёфаси) ҳисобига қурилади.  

 Сиёсий имижни яратиш, номзодларни тайёрлаш муаммоси XIX асрда юз берган демократик ўзгаришлар, хусусан, сайловларнинг жамият тараққиётида кенг қўлланилиши билан изоҳланади. Давлатнинг мавжуд бўлиши, шаклланиши ва сақланиб қолиши фуқаролар(сайловчилар)хатти-ҳаракатига боғлиқ. Бу вазифаларни амалга оширмаслик эса сиёсий элитанинг алмашувига ва фуқароларнинг онги ва муносабатига таъсир ўтказишга қодир бўлган янги сиёсий элитани шакллантиришни талаб қилиш билан кечади.  

 Имижология (imagemaking) орқали оммага таъсир ўтказилади. Бу усулларда ана шундай фуқароларнинг шахсий қизиқиши, ёқтирган ранги, кийими, тинглайдиган мусиқасигача бўлган жиҳатлар назарда тутилади.  

 Сиёсий лидерларнинг узоқ муддатли сиёсий имижини яратиш учун имиж стратегиясини ишлаб чиқиш талаб этилади.  

 Бундай стратегияни шакллантиришда аввало, фуқароларнинг қуйидаги жиҳатларини ҳисобга олиш лозим:а) сайловчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш; б) фуқароларда тўғри танлов кўникмасини шакллантириш, яъни уларни жамиятдаги муҳим соҳалар томон йўналтириш; в) фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш функциясининг бажарилиши; г) муаммоли вазиятларда низоларни ҳал этиш орқали сиёсий номзоднинг (жамиятдаги ўрни анча юқори бўлган) сайловларда ғолиб бўлишига (электорал танлов) имконият шакллантирилади.  

 Сиёсий имижнинг пайдо бўлиш жараёни бир неча бажариладиган роллар мажмуини эслатади ва у мантиқий кетма-кетлик асосида амалга оширилади. Шунинг учун, якуний сиёсий имижни шакллантиришда жамият аъзолари томонидан қабул қилинган асосий рамзлар (прототип) асос қилиб олинади.  

 Номзод имижини шакллантиришнинг муҳим жиҳати – унинг жамиятдаги таниқли шахсларнинг «тарихий роли ва аҳамияти»дан унумли фойдаланишдир.  

 Масалан, таниқли сиёсатчилар (А. Меркел (Германия), Путин (РФ), Обама (АҚШ), Т.Эрдоған (Туркия), Ли Куан Ю (Сингапур)) билан бирга тушган расмлардан сайлов тарғиботида фойдаланиш шу шахсларнинг йўлида эканлигини изоҳлайди ва бу сайловчиларда ижобий тасаввурни шакллантиради.Бу сиёсий имиж яратилишининг ўзига хос томонларидан ҳисобланади.  

 Сиёсий имижни шакллантириш халқ ва ҳокимият ўртасидаги муносабатлари ривожи сифатида ҳам талқин этилади. Чунки инсонлар ҳар доим ҳам ҳокимият ҳақида тўлиқ (аниқ) тасаввурга эга бўлмайди, балки номзоднинг имижи орқали дастлабки тасаввури шаклланади. Масалан, Ғарб сиёсий технологларининг фикрича, номзоднинг сўзлаши беш фоиз, фуқароларда яхши таассурот қолдириш эса 55 фоизни ташкил этади. Аммо биринчи тасаввур турғун бўлмасдан, вақтинчалик кўринишга ҳам эга бўлади. Унинг давомийлиги воқеалар ривожига боғлиқ. Замонавий сайловларда фуқароларнинг сиёсат ҳақидаги тасаввури бевосита номзоднинг омма ёки ОАВда чиқиши билан изоҳланади. Р.Никсоннинг спичрайтери Р.Прайс бу ҳақда: «сиёсий имиж реалликка эга бўлмасдан, бу номзод ва халқ ўртасида кимёвий реакция кўринишига эга бўлиб, унга турлича ўзгартиришлар киритиш мумкин», деган эди.  

 Сайлов жараёнининг кенг қамровли эканлиги ҳисобга олинса, сайловчиларнинг 99 фоизи номзод билан юзма-юз кўриша олмайди. Бундай вазиятда номзоднинг юриш-туриши, кўриниши, фикрлаши (сиёсий имижи)ни шакллантириш ва уни тарғиб этиш муҳим ҳисобланади.Сиёсий технологияларда асосий эътибор номзоднинг фуқароларда қандай таассурот уйғотишини таъминлашга қаратилади.  

 Ҳар бир сайловчи ўзининг тасаввуридаги номзоднинг ғолиб бўлишини истайди. Шунинг учун ҳам сиёсий имижни яратишда ана шу қараш ва фикрларни эътиборга олиш ва унга таъсир этиш технологияларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Фуқароларда (яъни электорат)да бундай фикрларни шакллантириш уч босқичда амалга оширилади:а) фуқароларнингнг (сайловчилар) манфаатлари ва қизиқишларини ўрганиш ва таҳлил этиш;б) орзу-истакларини номзод «қиёфаси»да мужассамлаштириш; в) тайёр бўлган «образ (номзод)ни» сайловчиларга намойиш этиш.  

 Одатда сайловларда электорат манфаатларини кўпроқ ҳимоя қилувчи номзод ғалаба қозонади. Аммо бу мураккаб вазифадир. Номзод аввало, ўз сайловчиларининг қарашлари, қизиқишлари, уларга қандай номзод зарурлигини аввалдан аниқлаш усулларидан фойдаланиши керак.Бу жараёнда ишончли вакилнинг ҳам ўрни катта. Бунда сайловчиларнинг ёши, манфаатлари, ижтимоий келиб чиқиши, мутахассислигини аниқлаш ва шунга номзодни тайёрлаш сайловларнинг натижасига катта таъсир кўрсатади.  

 Учрашувлар ташкил этиш жараёнида номзод ва унинг ишончли вакили эътибор бериши лозим бўлган қуйидаги жиҳатлар мавжуд:  аҳоли ўртасида номзоднинг сиёсий имижи, шиори, шунингдек, сайловолди дастурини шакллантиришда ёдда қоладиган сиёсий технологиялардан фойдаланиш;  номзод сайловчиларга ўзининг қатъий шахсий позициясига эга эканлигини кўрсата билиши;  номзод сайловчилардан (халқдан) ташқи кўриниши билан ажралиб турмасликка интилиши;  сайловчилар билан учрашувларда самимий, киришувчан, шунингдек, сайловолди учрашувлар уларнинг охирги учрашуви эмаслигини кўрсатиб бериши;  учрашувларда номзод ўз сиёсий рақибини қораламаслиги ва ундан ўз ғоя ва қарашларини устун қўймаслиги;  сайловчилар орасидан сиёсий тизимдан норози қатламни аниқлаши, улар билан муносабатга киришиб, кўрсатилган муаммоларни ҳисобга олиши лозим, чунки айнан шу тоифадаги сайловчилар бошқаларга нисбатан фаол бўлиб, сайловнинг якуний натижаларига жиддий таъсир кўрсатади.  

 Сиёсий имижни шакллантириш хусусияти нуқтаи назаридан биологик (сайловчилар билан учрашувларда ўзини тута олиш), коммуникатив (муносабатга тез кириша олиш), социал (фуқаролар томонидан муҳим деб топилган жиҳатларни ҳисобга олиш) ва афсонавийлик (жамиятдаги муҳим стереотип бўлган образлардан фойдалана олиш) каби турларга ажратилади.  

 Сиёсий имижни шакллантиришда тарихий, замонавий аҳамиятга эга, аҳоли ўртасида кенг оммалашган образлардан фойдаланиш орқали янгича кўринишга келтириш муҳим. Масалан, АҚШ тарихида сиёсий лидерлар Линколн – миллат ҳимоячиси, Рейган – иқтисодий ўсиш асосчиси, Кеннеди – демократия сақловчиси каби сиёсий имижлардан фойдаланиш замонавий сиёсий технологияларда алоҳида ўрин тутади.  

 Шунингдек, номзод ўз сиёсий имижини мустаҳкамлаш учун сайловчилар муаммоларини тўлиқ ўрганиши, ҳал этиш стратегиясига эга бўлиши керак. Масалан, ишсизлик муаммоси ва бошқа ижтимоий муаммолар гирдобида қолган сайловчилар номзод танлашда ҳуқуқ ҳимояси, коррупцияга қарши курашни ўз олдига қўйган номзодга нисбатан, кўпроқ ишчи-хизматчилар муаммоларини англаган, уни ҳал этиш йўлларини таклиф этган номзодга кўпроқ овоз берадилар. Сиёсий имиж доимий ўзгарувчанликка, мослашувчанликка мойил. Сиёсий имижни шакллантиришда номзоднинг келиб чиқиши, ҳаёт тарзидаги мураккабликларни фуқароларга кўрсата олиши орқали мустаҳкамлаб боради. Масалан, сиёсий имижни яратишда «Золушка» образи мавжуд бўлиб, бунда номзод ўзини оддий қатламдан эканлигини кўрсатиб, шу тоифадаги фуқароларни ўзи томонга «оғдиради”.  

 Сиёсий имиж самарали стратегиясини ишлаб чиқиш ва тўғри йўналтириш сайловдаги ғалабани таъминловчи муҳим жиҳат ҳисобланади. Бунда сайловчиларнинг қарашларини ҳисобга олиш унинг асосий ютуғи ҳисобланади. Замонавий сиёсий кампанияларда сиёсий имижни шакллантиришда қуйидаги стратегиялардан фойдаланилади:  

 биринчидан, сиёсий номзод имижини сайлов жараёнида эмас, сайловгача шакллантириши лозим; иккинчидан, номзоднинг шакллантирилиши бу фақатгина тўлдириш холос;  учинчидан, сиёсий имижни яратишда аввало, сайловчилар муаммоларини тўғри англай билиш керак; тўртинчидан, сиёсий имижни шакллантиришда профессионал кадрлардан фойдаланиш зарур; бешинчидан, сиёсий имижни шакллантириш аниқ мақсадларга йўналтирилган бўлиши лозим (пассив ҳаракатлар сайловчиларда ишончсизлик туғдиради); олтинчидан, жамиятда мавжуд қадриятлардан сиёсий имижни шакллантиришда фойдаланиш мақсадга мувофиқ;  еттинчидан, сайловчи манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий муаммоларни тўлиқ англаш ва шу орқали ўзининг сиёсий имижи шакллантирилишини ҳисобга олиш лозим. Бу жиҳатлар устунлиги сайловчиларнинг номзодга нисбатан жиддий муносабат билдиришини таъминлайди.  

 Жамият аъзолари ўртасида ижобий таассуротни шакллантиришда номзод қуйидаги умумий ва муҳим талабларни қаноатлантириши керак:  

 Номзод ўзида ғолиблик (қаҳрамонлик) хусусиятларини мужассам этиши. «Қаҳрамон»(харизма) образи – бу муваффақият калити сифатида талқин этилиб, «қаҳрамон» образини шакллантириш орқали сайловчилар онгига таъсир қилиши лозим. Сиёсий имижни шакллантиришдаги «қаҳрамон» образида амбивалентлик яъни, бир-бирига қарама-қарши хусусиятларни (меҳрибон, аммо қаттиққўл образини) шакллантириш ва номзоднинг ўзига хос томонларини фуқароларга кўрсатиб беришдан иборат.  

Номзодда раҳбар(ота)лик хусусиятларини шакллантириш. Ушбу тамойил таниқли психоаналитик З.Фрейд қарашлари билан боғлиқ бўлиб, кўп даврлардан буён сиёсий лидерларни тайёрлашда ўзига хос мактаб вазифасини бажармоқда. Ушбу назариянинг асосида “оилада фарзандлар ўз отасига эҳтиёж сезганидек, омманинг ҳам ўз лидерига эҳтиёжи доим мавжуд бўлади». Ушбу образ сиёсий номзод масъулиятни ўз бўйнига олувчи, қаттиққўл, аммо ҳимоячи шахс сифатида талқин этилади. Омма онгида одатда «янги раҳбар» (президент, ҳоким, губернатор, депутат) муаммоларни ҳал этувчи, «эски раҳбар»нинг хатоларини қайтармайдиган образ сифатидаги қарашлар доим мавжуд бўлиб, бунда номзоднинг янгича сиёсий технологиялар асосидаги имижини шакллантириш якуний натижаларга жиддий таъсир қилади.  

Номзоднинг ҳар томонлама мослашувчанлик хусусияти. Бунда номзод сайловчиларда жамиятнинг турли гуруҳлари, ижтимоий табақаларининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўғри ва асосли маълумотга эга бўлиши асосидаги таассуротни уйғотиши тушунилади. Бунга мисол тариқасида Туркия президенти Т.Эрдоғоннинг сиёсий фаолиятини кўрсатиш мумкин. Бу имижни шакллантиришда Эрдоғоннинг турли лавозимларда ишлаганлиги, 22 ёшидан жамиятнинг энг фаол қатлами бўлган ёшлар орасида фаолият кўрсатганлиги унинг сиёсий имижини «қаҳрамон» (харизма) сифати билан бирга жамиятдаги турли ижтимоий табақаларнинг ўзига хос «вакили» сифатида (турли хил образлар орқали) ҳам танитади. Масалан, у талабалар ва зиёлилар орасида маърифатчи, анъаналарни қадрловчилар орасида диний қадриятлар ва ислом дини ривожининг ташаббускори, ишчилар орасида узоқ ва машаққатли меҳнат йўлини босиб ўтган оддий ишчи, хизматчи сифатида танилди.  

Сиёсий номзоднинг фуқаролар учун очиқлиги. Аслида бу жиҳатлар юқоридаги иккинчи ва учинчи жиҳатларнинг давомидир. Сайловчилар аввало, ўз муаммоларини ҳал этишга қодир бўлган номзодларни қўллаб-қувватлашини ҳисобга олиб, номзоднинг ўз сайловчилари учун очиқ ва шаффофлиги, ҳамиша улар манфаатларини назарда тутиши ва очиқ мулоқотга киришиши назарда тутилади. Бундай сиёсий имижнинг ўзига хос вакили Сингапурнинг 1959 йилдан 1990 йилгача бўлган бош вазири Ли Куан Ю ҳисобланади. Ли Куан Ю ҳукумат раҳбари сифатидаги ўттиз йиллик фаолияти давомида Сингапурни оддий порт мамлакатидан дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирига айлантирди. Унинг сиёсий имижи ҳақида сўз борганда, бежизга «Замонавий Сингапур мўъжизаси» деб таъриф берилмайди. Унинг сиёсий имижининг умумий моҳияти – халқ (сайловчилар)нинг мақсадлари, фикрлари, қарашларини ҳисобга олганлиги билан изоҳланади.  

Очиқлик сайловчилар ва номзод ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши,шунингдек,номзоднинг сиёсий имижи янада ошишининг кафолатидир.Сиёсий технологларнинг фикрича, айнан шу усул сиёсий муаммоларни тўғри таҳлил этиш ва ҳал қилиш имконини беради.  

 Сиёсий имижни шакллантиришда коммуникация тизимидан фойдаланиш. Ҳар қандай номзоднинг сиёсий имижи кенг оммага номзоднинг оммавий учрашувлари, дебат ва интервьюлари, шунингдек, унинг фаолиятини ОАВда кенг ёритилиши ва сиёсий рекламалар орқали тақдим этилишида белгиланади. Бу ерда номзоднинг коммуникатив муносабатлардаги тажрибаси, хусусан, ўзининг керакли инсон эканлигини оммага кўрсатиб бериши ётади. Сайловда қўлланиладиган сиёсий технологиялар тарихида кўплаб таниқли ва профессионал номзодлар ушбу усулдан фойдаланган. Бу талаблар бажарилмаса, сайловчиларда салбий тасаввур ҳосил бўлади ва бу ҳолат анча муддатгача сақланиб қолади.  

Сиёсий имижни шакллантириш механизмларидан бири сифатида интернет тизимини ҳам кўрсатиш мумкин. Интернетдан фойдаланувчилар орасида 12 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар 82 фоизни,25 ёшдан 34 ёшгача бўлганлар68 фоизни, 35 ёшдан 44 ёшгача бўлганлар 49 фоизни, 45 ёшдан 54 ёшгача бўлганлар33 фоизни, нафақадагилар 8 фоизни ташкил этишини ҳисобга олсак, у номзоднинг сиёсий имижи тарғиботида катта ўрин тутишини англаш мумкин.  

 Сиёсий номзоднинг имижини яратишда унга мос жамоанинг мавжудлиги. «Қирол атрофидаги жамоа қиролни қирол қилади», деган фикр сайлов кампаниясида алоҳида ўрин тутади. Одатда янги сиёсий имижни шакллантиришда яхши танилган, обрўли ва тажрибали жамоанинг мавжудлиги ва унинг муваффақияти,шубҳасиз, номзоднинг имижига катта таъсир кўрсатади. Украина президент сайловларида В.Ющенко билан бирга боксёр В.Кличко, АҚШ сайловларида Голливуд юлдузлари Чак Норрис, Арнолд Шварценеггернинг иштирок этишини бунга мисол қилишимиз мумкин.  

Сиёсий технологияларда жамоа (омма, сайловчилар)га мос номзоднинг сиёсий имижини шакллантириш муҳим ҳисобланади. Дунёда сиёсий номзоднинг имижини шакллантиришда салмоқли тажрибага эга бўлган давлат АҚШдир. Уларнинг фикрича, сиёсий номзоднинг имижини шакллантиришда қуйидаги омилларга эътибор қаратиш юқори натижаларга олиб келади:а) номзоднинг шахсий хусусиятлари;б) номзод ҳақидаги маълумотларни ОАВ томонидан қандай талқин этилиши;в) номзоднинг тарихий ёки ҳаётий тажрибаси.  

 Америка имижмейкерларининг сиёсий номзоднинг имижини шакллантиришдаги бош мафкураси – нимани ёки кимни тарғиб этиш эмас, шу билан бирга кимга тарғиб этишни англашдир. Бунда сайловчиларнинг ижтимоий истакларини тўлиқ ва тўғри англашга йўналтириш лозим.  

 Бу жараён аввало, ижтимоий психология доирасидаги тадқиқотлар ва социологик сўровномалар орқали амалга оширилади ва бунда жамиятдаги «ижтимоий қадриятлар»ни ўрганиш орқали сиёсий имиж шакллантирилади.  

 Сиёсий имижни шакллантириш механизмлари.  

 Сиёсий фанларда сиёсий имижнинг механизми деганда – бирор шахс (номзод)ни унга хос бўлмаган жиҳатлар билан такомиллаштириш (тўлдириш) асосида янги қиёфа (имижи)ни шакллантириш (персонификация) услублари тушунилади.  

 Ғарб сиёсий технологияларида сиёсий имижни шакллантириш механизмлари қуйидаги «Лидер (номзод) ўзи аслида ким?» ва «Лидер(номзод)ни бошқалар қандай тасаввур қилиши лозим» деган асосий жиҳатга эътибор қаратади.  

 Сиёсий имижни шакллантиришдаги замонавий, энг самарали услублардан бири–номзод дастурининг жамиятдаги турли гуруҳлар (омма) манфаатларига мос келишини таъминлашдан иборат. Агар сиёсий номзод томонидан тўғри ва самарали ишлар амалга оширилса, сайловчиларнинг кўпчилик қисми уни қўллаб-қувватлайди. Агарда сиёсий номзоднинг имижини шакллантиришда жамиятдаги мавжуд ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларига мослиги таъминланса, узоқ муддатли ва оммабоп бўлади.  

 Имижмейкинг технологияси номзодларнинг шахсий хусусиятларига янгилик кирита олмайди, балки мавжудларини ривожлантириб, кенг оммага ижобий жиҳатдан тарғиб этиш тамойилларига амал қилиш билан белгиланади. Сиёсатшунос Д.Олшанскийнинг фикрича,сиёсий имижни шакллантиришда самарали ҳисобланган қуйидаги усуллар мавжуд: мотивацион таҳлил – жамият аъзолари психологиясини ўрганиш; психо автоматикага эътибор – тингловчиларнинг онг ости стереотиплари динамикаси; хромологияни ҳисобга олиш – инсонларнинг шахсий қизиқишига (ҳар хил гулларнинг бошқаларнинг психоэмоционал хусусиятларига) таъсири; онгсиз жамоага таъсир ўтказиш имкониятидан фойдаланиш.  

 Сўзларни тўғри танлаш, ўз ўрнида қўллай олиш, ҳозиржавоблик, ўзини тутиши, маълумотлар билан тингловчини манипуляция қила олиши – сиёсий имижнинг асосий механизмларидан ҳисобланади.  

 Сиёсий имижни шакллантириш механизмлари сайлов ўтказилиши кутилаётган шаҳар, ҳудуд, мамлакатда «ижтимоий шарт-шароитлар»ни ўрганишга мўлжалланган (симпатия, антипатия,истаклар, қўрқув,идеаллар) мониторинг тизимини йўлга қўйишни ҳам назарда тутиб,Ғарб сиёсий технологияларининг асосини ташкил этади. Жамиятдаги турли гуруҳлар номзодни қўллаб-қувватлаши асосида, аслида ўз манфаатларини амалга оширувчи «вакил»ни тасаввур қилади.  

 Электорат манфаатини ҳисобга олиш – сиёсий технологиялар самарадорлиги асосидир. Сайловларда сўровномалар ўтказиш орқали турли гуруҳларнинг истаклари(қарашлари)ни аноним ёки очиқ тарзда ўрганиш ҳамда унинг натижаларидан номзоднинг ғалабаси учун фойдаланиш муҳимдир.Масалан, ғарбда уй ҳайвонлари (ит, мушук, от )ни яхши кўришади. Номзоднинг шу ҳайвонларга бўлган муносабатини(гарчанд, бундай ҳайвонга эга бўлмаса ҳам) сайловчиларга тарғиб этиши (расм, видеоролик шаклида) шу тоифадаги инсонларнинг уни қўллаб-қувватлашига олиб келади.  

 Сиёсий номзоднинг замонавий имижи бевосита жамият аъзоларининг қарашларини ўзида мужассам этиши муқаррар ғалабани таъминлаб беради. Социологик сўровномаларни тез-тез ўтказиш ғарб сиёсий технологияларининг асосий жиҳатларидан бири ҳисобланади. Ушбу сўровномалар асосида замонавий имижиологияда қуйидаги икки услубдан кенг фойдаланилади:  

 сўровномада респондентлар (сайловчилар)нинг номзод ҳақидаги фикрлари асосида бўлажак номзоднинг янги имижи шакллантирилади ва оммага «намоён» этилади, шунда улар ўзлари орзу қилган одамни «танишади»;  

респондентлар жавоблари асосида мослаштириш усули (трансформация) бўлиб, бунда аввал ҳам сайланган номзодни замонавий, янги талабларга мослаштирилган ҳолатда янги сайлов натижаларига тайёрланади.  

Бу социологик сўровномалар улар тасаввуридаги номзоднинг шахсий хусусиятларини аниқлашга қаратилган 3-5 та саволдан иборат бўлиб, мураккаб бўлмаган тарзда ўтказилади ва натижалар янги номзоднинг сиёсий имижини шакллантиришда кенг қўлланилади. Бу усуллардан айниқса, АҚШ, Буюк Британия, Германия каби аҳолисининг сиёсий фаоллиги юқори бўлган мамлакатлар кенг фойдаланади. Бу турдаги сўровнома таҳлиллари шуни кўрсатадики, респондентларнинг сиёсий талаблари билан бир қаторда номзоднинг ахлоқий жиҳатлари ҳам кенг муҳокама қилинади. Замонавий сиёсий технологияларда эътиборга олинадиган номзоднинг шахсий хусусиятлари қуйидагича ифодаланади:  

 оддийлик,инсонлар билан муносабатларни ўрната олиш, уларнинг муаммоларига бефарқ эмаслик. Бу усулдан АҚШнинг бир қатор президентлари, хусусан, Билль Клинтон икки марта сайлов кампанияларида фойдаланган ва ғалабага эришган;  

 фидойилик, жамиятдаги инсонларга таъсир этувчи муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланиб, замонавий, сиёсий номзоднинг имижида катта аҳамият касб этади.Масалан, Россия Федерациясининг биринчи президенти Борис Елсин аввал АҚШда яшаб турган пайтида университетда ўқиган маърузаларидан йиғилган юз минг АҚШ долларини мамлакатдаги кўптармоқли шифохоналар учун шприц сотиб олишга сарфлаган ва бу ҳолат унинг сайлов жараёнларида катта муваффақият билан «фидойи» номзод сифатида эътироф этилишига олиб келади;  

 камтарлик, сиёсий номзоднинг имижини шакллантиришда бу хусусиятдан фойдаланиш Европа ва Осиё мамлакатлари сайловларида кузатилади. Бунда сиёсий имижмейкерлар номзоднинг камтарона ҳаёт тарзини оммага тарғиб этишга ҳаракат қилишади;  

 оилавий муносабатларда тутган ўрни, бу нафақат сиёсий, балки ижтимоий ҳаётда инсонлар томонидан алоҳида эътироф этиладиган қадрият ҳисобланади. З.Фрейднинг фикрича, номзоднинг оиласига бўлган муносабати сайловчиларнинг кўз ўнгида уларга бўлган муносабат сифатида қабул қилинади. Америка тарихида ота-бола Бушлар ўз сиёсий имижини бевосита ўз рафиқалари таъсирида шакллантирганини алоҳида таъкидлаб ўтишган;  

 ваколатлилик ва профессионализм,бунда номзоднинг бирор бир муаммоли вазиятни ижобий томонга осон ва тез ҳал этганлиги оммага етказилади;  

 номзоднинг динга бўлган муносабати,сайловларда сиёсий номзоднинг имижини шакллантиришда динга бўлган муносабати ҳам муҳим саналади. Унинг асосий мазмуни – сайловчилар агар номзод динни ҳурмат қилса, унинг хатти-ҳаракатлари ўз дини доирасидаги ахлоқ қонуниятлари билан чамбарчас боғлиқ деб ҳисоблайди. Бу услубдан фойдаланган Елсин ва Путин ўзларининг диний байрамлардаги иштироки билан омма олдидаги сиёсий имижини янада мустаҳкамлашга бўлган ҳаракатни кузатиш мумкин;  

 ташқи кўриниш, инсонинг ташқи қиёфаси бошқаларда биринчи тасаввурни шакллантирувчи омиллардир. Шу боис, сиёсий рекламалар ташвиқотида номзоднинг ташқи кўринишига биринчи навбатда эътибор қаратилиши бежиз эмас. Албатта,бунга бирламчи омил сифатида қараш керак эмас, балки ташқи кўриниш билан бир қаторда,унинг шахсий хусусиятлари мос келиши самарали ҳисобланади;  

 омадлилик, у сиёсий имижнинг энг юқори кўрсаткичларидан биридир. Номзоднинг шахсий қобилиятига нисбатан омадининг юқори эканлиги унинг сайловдаги натижаларига таъсири орқали шаклланиб боради. Сайловчилар ўзининг орзу-истакларини бевосита овоз бериш орқали номзоднинг келажакдаги ёрдамига умид боғлайди.  

 Сиёсий номзоднинг имижини шакллантиришда жинс масаласида фикрлар мавжуд. Масалан, эркакларда тажовуз мавжудлиги ва жавобгарлик ҳиссининг юқорилиги, аёлларда эса эмоционаллик мавжудлиги ҳамда жараёнларга мослашувчанлиги билан изоҳланади. Сиёсий номзоднинг ўз мавқеини мустаҳкамлаши ўз қарашларини сайловчиларга самимий ва содда тильда етказиши билан изоҳланади. Бунда сиёсий номзоддан муаммони тўғри англаши, таҳлил қила олиши талаб қилинади. Бу услублардан М.Тетчер (Англия) ва Р.Рейган (АҚШ) кенг ва самарали фойдаланган;  

 сайловчиларнинг саволларига оддий ва аниқ жавоб бера олиш сиёсий номзоднинг рейтингини оширади. Ортиқча ибораларни ишлатиш, тингловчилар (сайловчилар)да сиёсий бегоналашувни келтириб чиқаради. Г.Кол (Германия), А.Меркел (Германия), Т.Эрдоған (Туркия)лар шу услуб вакиллари ҳисобланади;  

 номзоднинг сиёсий имижини шакллантиришдаги муҳим жиҳатлардан яна бири – ОАВ ва телекоммуникация (интернет) тизимидан қанчалик фойдалана олишидир. Бу борада Франклин Рузвелт халқ орасида«радио-президент»номи билан танилгани ва АҚШ тарихида сурункасига тўрт марта президентликка сайланган президент сифатида тарихга кирганлигини мисол қилиш мумкин.  

 Номзоднинг сиёсий имижини шакллантиришда омма билан муносабат ўрнатишда аввалги тарихий услублар, хусусан, омма олдида чиқиш қилиш бугунги кунда ўзгаришларни талаб қилмоқда. Бугун муаммони номзоддан анча узоқда, яъни уйда, телевизор қаршисидаги фуқаролар(сайловчилар)га етказиш каби ноодатий кўринишга эга бўлган, мураккаб жараён юзага келди.  

 Бунда сиёсий номзоддан актёрлик маҳоратини, яъни телетомошабинни ўзига жалб этиш, шу ўринда сайловчилар (томошабин)га уларнинг муаммоларини ҳал қила олишига ишонтириш каби икки мураккаб услубларни қўллашга тўғри келади. Сиёсий технологиялар қўллаш тарихида бу борадаги моҳир сиёсатчи сифатида сиёсатшунослар М.Тетчер (Англия) сиёсий фаолиятини мисол тариқасида келтиришади. «Ишончим комилки, агар Тетчер хоним сиёсий жараёнлар вакили бўлмаганида, ундан ажойиб актриса чиқар эди, у сиёсатда айни шу мақомни бажарди», деган эди таниқли дипломат Л.Замятин.  

 Оммавий ахборот воситалари бугунги кунда сиёсий жараёнларнинг асосий ташвиқотчисига айлангани боис, бу ҳолат номзоднинг асосий эътиборида бўлиши лозим. Номзоддан ОАВдан фойдаланиш жараёнида ёрқин, эсда сақланадиган, оммабоп услублардан фойдаланиш талаб этади. Масалан, 1992 йили телевидениеда Б.Клинтонни кўчада техник носоз машинада қолиб кетган йўловчига ёрдам берганини акс эттирувчи ролик тақдим этилди ва бу унинг сиёсий рейтингига «халқ президенти (демократ)” номини қўшиб берди.  

 ОАВда чиқиш қилаётган сиёсий номзоднинг имижи учун қуйидаги асосий жиҳатларни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқдир:а) ташқи кўриниш (соч турмаги ва юз қиёфаси); б) кийими ва унга қўшимча бўлган аксессуарлар; в) мимика ва пантомимика (имо-ишоралар); г) нутқи; д) дикция (овоз тембрлари), афоризмлардан фойдаланиши.  

 ОАВда номзоднинг чиқишига мўлжалланган кўрсатувнинг бошланғич вақти ҳал этувчи аҳамиятга эга бўлиб, айнан шу пайтда телетомошабин(сайловчилар)дан одамзод ҳақидаги дастлабки тасаввур шаклланади. Номзоднинг ОАВда чиқиши бўйича Санкт-Питербург психо-имижмейкерлар мактабининг илмий хулосасига кўра, номзод (умуман инсон) ҳақидаги дастлабки тасаввурларни англаш учун қисқа сониялар, аммо уни ўзгартириш учун 2-5 йил муддат керак бўлади.  

 Ғарб сиёсий технологияларида сайловчиларда дастлабки тасаввурларни шакллантириш учун номзоддан қуйидаги механизмлардан фойдаланиш талаб этилади: а) ўз фикрини тўлиқ англаши, уни ишонч билан етказа олиш; б) нутқнинг равонлиги, оддийлиги; в) овоз тембрларидан вақтида ва унумли фойдаланиш; г) кучли хотира (сайловчиларни таниш ва уларнинг муаммоларини ёдда сақлаш учун); д) жамиятнинг турли соҳаларидан хабардорлик; е) номзод ўзини ақлли қилиб кўрсатмаслиги.  

 Номзоднинг сайловчилар билан муносабатларидаги яна бир жиҳат маълум, эсда қолувчи белгиларга эга бўлиши, ундан доимий фойдаланиши талаб этилади. Бу жараён сиёсий технологияларда оммалашган услублардан ҳисобланади. Ёсир Арофат (Фаластин) доимий араб бош кийими (рўмол) билан бўлганлиги боис «Катта рўмол», Москванинг собиқ мери Лужков кепкада юрганлиги учун «Катта кепка» номлари билан хотирада қолганлиги бежиз эмас.  

 Сиёсий имижни шакллантиришда номзоддан оддий саналувчи жиҳатларга ҳам эътибор бериш талаб этилади. Масалан, имо-ишорадан тўғри фойдаланиш. Франция президентларининг имижмейкери ва сиёсий рекламаси вакили Жак Сегелнинг фикрига кўра, Миттеран учрашувлар давомида доимо қўлларини столга қўйган ҳолда, иккинчи қўлининг кўрсаткич бармоқларини юқорига қаратган ҳолда нутқ сўзлар, бу эса ундаги инсонлар устидан ҳукм ўтказа олишини, ўзига бўлган ишончини ҳамда самимийлигини, мақсадларига эришишига жиддий ҳаракатни билдирган.  

 Шунингдек, номзоднинг кийган кийими унинг сиёсий имижини шакллантиришда муҳим бўлиб, унинг демократлигини, халққа яқинлигини ёки узоқлигини ҳам кўрсатиб беради. Масалан, Англия бош вазири Тони Блер гитарада рок қўшиқлар ижро этиши, бўш вақтида спорт кийимида юриши унинг халқчиллигини кўрсатиб берган. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 93 фоиз респондентлар уни фаол, ўзига ишонган, 77 фоизи эса унга ишониш мумкин бўлган номзод сифатида жавоб беришган.  

 Одатда, сиёсий технологиялар тарихида ҳар қандай сиёсий жараён иштирокчиларини кенг омма олдида намоён бўлиши бевосита имижмейкерларнинг хизмати туфайли амалга оширилади. Масалан, Елсинни ёши катталигини ҳисобга олган ҳолда, кўрсатувларда эркин бўлишини таъминлаш мақсадида ҳаракатланувчи кресло билан жиҳозлашган. Ғарб сиёсий технологияларида номзодларнинг сиёсий имижини шакллантиришда ҳарбий техникалардан (расм, видео тарзида) фойдаланиши унинг кучли, қўрқмас эканлигини кўрсатишга интилишдир.  

 Англия бош вазири Ж.Мейджор имижмейкерларнинг хизматидан фойдаланмасдан (тайёрланмасдан) ОАВда чиқиш қилиши, уни омма билан мулоқотга кириша олмасликда, фикрларининг тартибсизлиги ОАВда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганлиги аслида сиёсий номзоднинг ҳар қандай сиёсий кампанияларга тайёрлаш заруриятини кўрсатиб беради.  

 АҚШнинг 4 нафар президенти имижмейкери Д.Герген ўз сиёсий номзодларини учрашувларга тайёрлаш давомида “қулоқчин«лардан фойдаланиб, учрашувлар ва ОАВдаги дебатларида уларга тезкор маслаҳатлар бериб, муваффақиятларга эришган. Сиёсий технологларнинг фикрига кўра, номзоднинг сиёсий имижини шакллантириш билан боғлиқ тадбирлар натижаси сайлов кунида белгиланади. Шунингдек, сайловчиларнинг 30 фоизи ўз танловини бевосита сайлов куни амалга оширишини ҳисобга олиб, номзоднинг сиёсий имижига хос бўлган ўзига хос жиҳатларини сайлов кунигача шакллантириб бориши мақсадга мувофиқ.  

 Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамият тараққиёти билан бирга фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиб бориши натижасида, номзоднинг оммага намойиш этилишида ҳам мураккабликларни келтириб чиқармоқда. Бунда сиёсий технологияларнинг такомиллашиб бориши номзодларнинг имижи билан боғлиқ услубларнинг янгиланиб бориши билан кечмоқда.  

  Ф.ОТАХОНОВ,  

 Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори  

 Ғ.Маҳаммаджанов,  

 Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, бўлим мудири