Тошкент вилояти ҳокими хитойлик тадбиркорлар билан янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича учрашув ўтказди.
Хитойнинг йирик “Xian tsukuba technology CO, LTD” компанияси раиси Чунҳуа Ҳу бошчилигидаги делегация вакиллари билан ўтказилган суҳбатда келгусида вилоят касалхоналарига тиббий асбоб-ускуналарини етказиб бериш ва қисман ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.
Чинни маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича тажрибага эга мазкур компания вакиллари билан каолинни қайта ишлаш, бунинг учун хитойлик тажрибали мутахассисларни жалб қилиш масаласида ўзаро фикр алмашилди.
Саноат тармоқларида керак бўладиган махсус компрессорлар ишлаб чиқарувчи компания раҳбарлари ҳам Тошкент вилоятида фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан лойиҳа тақдимотини ўтказди.
“Concord New energy group limited” компанияси раиси Пенг Лиан билан олиб борилган мулоқотда асосан шамол ва қуёш энергетикасига инвестициялар киритиш таклифи кўриб чиқилди. Мазкур компания соҳада 20 йиллик тажрибага эга. Айни кунларда Европа ва Африка давлатларида кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Шунингдек, Пискент тумани ҳокими Музаффар Арипов “China Dadi” корхонаси вакиллари билан учрашди. Мулоқот давомида қишлоқ хўжалиги ўғитлари, тупроқ кондиционерлари ва пестицидлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа юзасидан фикрлар алмашилди. Мазкур янги лойиҳа юзасидан Пискентда завод қуриш таклифи илгари сурилди. Туман ҳокими ҳудудда тадбиркорларга яратилган кенг имконият ва имтиёзлар, бу борада уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини айтиб ўтди.
Инвесторларнинг янги завод қуриш бўйича лойиҳага киритиладиган маблағи 5 миллион долларни ташкил қилади.
Музокараларда ҳар икки томон ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири