Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида таниқли француз ёзувчиси Жан Кокто асари асосида саҳналаштирилган “Телба” спектаклининг Бадиий кенгаш муҳокамаси ўтказилди.
Инсценировка муаллифи ва постановкачи режиссёр - Шуҳрат Ибрагимов, рассом - Сардор Отабаев, мусиқа танловчи - Баҳодир Зокиров, видеографист - Евгения Бисерова. Люмьер ролини Бахтиёр Турғунов ижро этади.
-Бир актёр театри бу театр санъатидаги мураккаб жанр ва услуб. Унда режиссёр ўз тасаввуридаги оламини, ҳаётга бўлган муносабати ва қалб туйғуларини биттагина актёр орқали саҳнада намоён қилади. “Телба” саҳна асарида ёлғизликка дучор бўлган инсоннинг бир кунлик ҳаётини кўриш мумкин. Қаҳрамоннинг айрим характерларини ишлаш лозим, чунки ёлғиз инсон бахтсиз бўлади. Режиссёр аввало шу бахтсизликни кўрсатиб беради, - деди санъатшунослик фанлари доктори, профессор Муҳаббат Тўлахўжаева.

Спектаклда Люмьер исмли кишининг дарвешона муҳаббати, ўз хаёллари ва орзулари денгизидаги ёлғиз ҳаёти акс этган. У севган ёри Анжеланинг қалбини забт этиши ва дийдор умиди ила яшайди. Анжела келармикин?!
-Мазкур спектакль нафақат мутахассислар, балки кўплаб томошабинлар кўрадиган саҳна асари бўлибди. Телба инсоннинг ички туйғулари, жамиятга муносабати, энг асосийси соф муҳаббати ёрқин акс этган. Ҳозирги томошабинлар учун бу жанр ва мавзу бироз оғирлик қилиши мумкин. Спектаклнинг бадиий яхлитлиги ва актёр ижроси юқори даражада яратилгани билан ажралиб турибди, - деди фалсафа фанлари номзоди, профессор Маъмур Умаров.
Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида “Телба” спектаклининг премьера олди намойиши ўтказилди. Куз фаслида катта премьера ўтказилиши режалаштирилган.

Н.Усмонова, ЎзА мухбири