Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги ренессанс учун асослар етарли
17:43 / 2020-07-14

Дарҳақиқат, башарий жамиятда таълим қачон пайдо бўлиб, унинг олий шакли қачон шаклланганига жавоб бериш қийин.


Самарқанд давлат университети ректори профессор Р.Холмуродовнинг Самарқанд давлат университети ёшини белгилаш, унинг Улуғбек мадрасаси вориси сифатида 600 йиллик асос тарихи ҳақидаги ташаббусли чиқишлари мамлакатимиз, қолаверса бизга хайрихоҳ хорижлик зиёлиларнинг ҳам кенг муҳокамаларига, қўллаб-қувватлашларига сабаб бўлмоқда.

Бу ғоя миллий зиёлиларимиз кўнгиллари тубида анчадан буён мавжуд, ҳатто бу хусусда китоблар ёзилган бўлса-да, чоризм ва шўро мафкурасининг онг ва шуурларига ўрнашиб олган таъсиридан қутула олмаган баъзи мутасаддиларнинг йўл бермагани оқибатида сояда қолиб келаётган эди. Президентимиз томонидан олий таълимни ислоҳ қилиш, унинг жаҳондаги етакчи университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, уларнинг тажрибаларини амалиётга татбиқ этилиши борасида илгари сурилаётган ғоялари бундай ташаббусга кенг йўл очди. Ташаббус қўллаб-қувватланиши билан бирга ўринли таклифлар ҳам билдирилаётгани ишнинг мукаммал қарор топишига ишонч уйғотади.

Дарҳақиқат, башарий жамиятда таълим қачон пайдо бўлиб, унинг олий шакли қачон шаклланганига жавоб бериш қийин. Исломий манбаларга кўра, Одам Атога у эндигина яратилган пайтдаёқ олам ва ундаги ашёлар ҳақида ўргатилган. Бунинг ўзига хос мажозий маъноси бор: таълим бошланғичдан олийгача ижтимоий эҳтиёж бўлиб, унинг тарихи инсониятнинг ибтидоий даврига – энг қадимга бориб тақалади. Таълим муассасалари янги бинога эга бўлиши унинг моҳияти қадимий эканини инкор эта олмайди. Яъни таълим фақат ва фақат аввалгилар тажрибаларини бир оз такомиллаштириб кейингиларга етказиш йўлидагина ривожланиши мумкин – унинг бошқа йўли йўқ. Ҳатто, унинг янгича номланиши (м., мадраса – университет) ёки унда мафкуранинг янгиланиши (м., динийдан дунёвийга ўтиш) ҳам таълим моҳиятини ўзгартира олмайди. Таълим – инсоният такомили йўлидир. Ана шу ҳақиқатга амал қилиб фаолият олиб бораётган таълим муассасасини энг қадимий дейиш мумкин.

Бугунги дунёда университетларнинг ёши қадимийлиги борасида кўпроқ Ал-Қаравиййин университети тилга олинади. Унга 859 йилда Марокконинг Фес шаҳрида тунислик йирик савдогарнинг қизлари Фотима ва Марям ал-Фихрийлар томонидан асос солинган. У ислом оламида йирик таълим марказларидан саналади. У Геннеснинг рекордлар китобига “дунёда узлуксиз фаолият кўрсатаётган қадимий олий таълим муассасаси” сифатида киритилган. Университет худди шундай ном билан ЮНЕСКО рўйхатига ҳам киритилган. 1947 йилгача университет ўз битирувчиларига диплом ҳам бермаган. 1963 йилдагина у замонавий университет тизимига ўтган. Лекин у фақат диний таълим бериш билан шуғулланмоқда. Шунга қарамай, у Геннеснинг рекордлар китобида ва ЮНЕСКО рўйхатида турибди ва мамлакат таълими шуҳратини оширишга хизмат қиляпти.

Баъзи олимларнинг қайд этишларича, энг қадимги университет 855 йилда Константинополда, олдиндан мавжуд бўлган ўрта аср мактаблари базасида, Византия давлат арбоби Варда ва файласуф, математик Лев томонидан асос солинган ҳамда шаҳардаги Магнавр саройи номи билан юритилади. Манбалардан маълумки, бу университетнинг фаолиятида жиддий узилишлар бўлган.

Улуғбек мадрасаси фаолияти 1920 йилда тўхтатилган бўлса-да, шу йили Самарқандда икки йиллик педагогик йўналишдаги олий ўқув юрти очиш ҳақида қарор қабул қилиниши ва у Самарқанд давлат университетига янги асос, аслида, самарқандлик зиёлиларнинг аввалги – мадрасада мавжуд бўлган илмий ва таълимий фаолиятнинг давоми эди. Демак, савия ва шакл маълум даражада ўзгарганига қарамай таълим риштаси узилмади. Бундай маълумотлар Самарқанд давлат университети ёшини 600 йил деб белгиланишига ҳеч қандай монелик йўқлигини кўрсатади.

Ислом кириб келишидан олдин ҳам юртимиз ҳудудларида таълим муассасалари бўлганига шубҳа йўқ. Ислом шароитида вужудга келган катта илмий, таълимий юксалиш бу ерда таълим-тарбия замини бўлганидан далолат беради. Наршахийнинг “Бухоро тарихи” китобида келтирилишича, мамлакатимизга ислом давридаги илк мадраса сифатида Х асрда қурилган Фаржак мадрасаси қайд этилган. Самарқандда ҳам Х асрдан бошлабоқ олий таълим шакли бўлганига ҳеч шубҳа йўқ. Бу ерда етишиб камол топган алломалар ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг мероси бунга далил. Лекин Самарқанд давлат университети ёшини Улуғбек мадрасасининг қурилиб битирилиши йили билан белгиланиши энг мақбул ўз асосларига эга. Улар, бизнингча, қуйидагилар:

1. Олий таълим муассасаси асосчиси дунёда ҳар қандай миллий, ирқий, диний ва бошқа мафкуравий жиҳатлардан устун даражада тан олинган қомусий аллома ва ҳукмдордир. Улуғбек номининг бугунги илм-фандаги шуҳрати юлдузларни номлашда ҳам қўлланганида кўринади. Дунёдаги бошқа бирор университет асосчиси бу соҳада Улуғбек билан тенглаша олмайди. Бу танлов янги Ўзбекистон номининг довруғига ҳам хизмат қилади.

2. Улуғбек мадрасаи олиясининг фаолияти бугунги университетлар талабларига ҳам жавоб берар эди. Унинг шуҳрати тез орада дунёнинг бир қатор мамлакатларига тарқалишининг сабаби сифатида ундаги илмий салоҳиятнинг ўз даврида тенгсиз даражада юксак бўлганини айтиш мумкин. Унда ўқитиладиган дунёвий фанларнинг ўрни ва “дорулҳикма” академияси, шунингдек, расадхона каби илмий лабораториялар ҳеч бир таълим муассасасида бўлмагани аниқ. Муҳтарам ректор ёзганларидек, “Дорул ҳикмат” олимлари риёзиёт, илми ҳайъат, ҳандаса, жуғрофия, тарих, илми нужум, тиббиёт, мусиқа, мантиқ, аруз (шеърият), илми ҳисоб, ҳадис, фиқҳ, адаб, илми ҳикмат, илми калом, араб тили каби фанларнинг турли соҳаларида нодир асарлар яратган ва мана шу фанлар олий мадрасада ўқитилган ҳам. Биргина Улуғбек мадрасасида 100 дан ортиқ чет мамлакат ва шаҳарлардан (улар мадрасанинг 50 та ҳужрасида яшаб, таҳсил олганлар) ҳамда Самарқанд шаҳри ва унинг яқин атрофидаги ҳудудлардан келган бир неча ўнлаб толиби илмларга ўз даврининг таниқли ва юксак салоҳиятли 70 дан ортиқ мударрис-олими таълим-тарбия берган. XV асрда бундай нуфузли таълим маскани яна қаерда бўлган?

3. Бугунги кунда дунё университетларининг рейтингини белгилашда унинг битирувчилари салоҳияти ҳам ҳисобга олинади. Улуғбек мадрасаи олиясида тарбияланган, таълим олган Али Қушчи, Фатҳуллоҳ Ширвоний каби Шарқнинг буюк алломаларидан ташқари, жаҳон шарқшунослари томонидан “сўнгги шоир” сифатида эътироф этилувчи Абдураҳмон Жомий ҳам бор. Уларнинг рўйхатини яна кўплаб келтириш мумкин. Бундай далиллар Самарқанд давлат университети тарихини бойитиши шубҳасиз. Шунинг учун ҳам бу танловни маъқуллаш мақсадга мувофиқ.

4. Самарқанд давлат университетининг ёшини 600 йил билан белгилаш унга халқаро миқёсда эътиборнинг ошишига сабаб бўлади. Қолаверса, буюк аллома аждодимиз меросига эгалик маънавий ҳуқуқи тикланиши орқали мамлакатимиз ёшларида фахр-ифтихор туйғуларини, илм-фанга масъулият оширилишига эришилади.

5. Халқаро ва маҳаллий туризм салоҳияти ошади.

Умуман олганда, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг “Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда илм-фаннинг янги Ренессанс даври бошланаётганига ишончимиз комил”, деган сўзларига тўла қўшилиб, бунга асослар етарли деб ҳисоблаймиз. Унинг мамлакатимиз илм-фани ва таълими тарихини тиклаш ҳамда Марказий Осиёнинг маънавий пойтахти бўлган шаҳарда фаолият юритаётган университет нуфузи ва мақомини юксалтиришни кўзда тутган ташаббуси ва бунинг учун бошланган ҳаракат ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга муносибдир.

Нафас Шодмонов,
ҚарДУ профессори, филология фанлари доктори.