Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янгиқўрғонда лойиҳалар ўз самарасини бермоқда
16:48 / 2020-07-15

Мухтасар айтганда, Янгиқўрғон туманида эл-юрт фаровонлигига хизмат қиладиган янги-янги лойиҳалар бир-бирини тўлдириб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.


Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида ҳам бугунги мураккаб вазиятга қарамай ижтимоий, иқтисодий ислоҳотлар изчил давом этмоқда, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Аҳолининг бугунги ижтимоий маиший ҳаёт тарзи, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларидаги ишлар барқарорлигини ўрганиш мақсадида жойларда юрган вилоят ҳокими Х.Бозоров бошчилигидаги тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи Янгиқўрғонда бўлиб мазкур жараёнлар билан танишди.

Ишчи гуруҳи тумандаги «Янгиқўрғон фрутс экспорт» масъулияти чекланган жамияти томонидан Юқори Қораянтоқ ҳудудида барпо этилган боғдорчилик хўжалигида эришилаётган натижалар, боғбонларнинг айни мавсумдаги фаолиятини ўрганди. Бугунги кунда 300 гектар майдонни эгаллаган Грециядан келтирилган «Голден дюшес», «Гранд смит», «Скарлет», «Жереми», «Пик леди» каби ноёб, жаҳон бозорида харидоргир олма ва нок кўчатлари илм-фан, илғор инновацион технологиялар ютуқларини қўллаган ҳолда парвариш қилинмоқда. Бу юмуш билан йигирмадан зиёд ишчи ва мутахассислар банд. Лойиҳа қиймати 18 миллиард сўмга тенг мазкур боғдан йилига 12 минг тонна сифатли ва сархил ҳосил олиш кўзда тутилган.

photo_2020-07-15_17-17-47.jpg

Туман мутасаддилари билан мулоқотда ислоҳотлардан мақсад, биринчи навбатда одамлар бандлигини таъминлаш, аҳолининг моддий аҳволи ва фаровонлигини, ҳаёт даражаси ва сифатини кўтариш эканлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, тумандаги 15 минг гектарга яқин боғлардан қаровсиз, иқтисодий жиҳатдан кам рентабелли, самарасиз ётган 30-40 фоизини хатловдан ўтказиб, уларни ҳам даромад ва бандлик манбаига айлантириш, яъни улар ўрнида янги интенсив боғларни яратиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Таъкидландики, боғдорчиликда сифат ва самарадорликни оширишда анъанавий ёндашувлардан воз кечиб экспортбоп, юқори ҳосилдорли интенсив боғларни барпо этиш катта аҳамият касб этади.

«Хадикент келажак тонги» агрофирмаси ҳудудида Бирлашган Араб Амирликлари Sura Holding LLC компанияси томонидан барпо этилган 105 гектардан зиёд интенсив боғда гилос, ўрик, шафтоли, олхўри етиштирилади. Хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган 23 миллион долларлик мазкур лойиҳада қирқ кишини иш билан таъминлаб, иккинчи босқичда сиғими тўрт минг тоннали музлатгич омборхона ва мевани қайта ишлаш заводи, учинчи босқичда эса логистика маркази ташкил этиш кўзда тутилган. Етиштирилган маҳсулотларни араб мамлакатлари, Россия, Хитой, Корея ва бошқа давлатларга экспортга йўналтириш режалаштирилган.

– Боғдорчилик ва сабзавотчиликда катта имкониятга эга Янгиқўрғон туманида бор-йўғи минг гектардан ошиқ интенсив боғ мавжудлиги сабабини изоҳлаш қийин, – деди вилоят ҳокими. – Аксарият боғ ва токзор майдонларига хўжасизларча муносабат кўзга ташланади. Шу сабабли самарасиз фойдаланиб келинаётган, бошқа экин турларига айлантирилган ерларни қонун асосида давлат захирасига ўтказиш, очиқ, шаффоф танловлар натижасига кўра замонавий боғ ва токзорлар яратишга бел боғлаган деҳқон ҳамда тадбиркорларга беришимиз керак.

photo_2020-07-15_17-17-49.jpg

Худди шунингдек, туманда мева-сабзавотчилик йўналишида кластер усулида фаолият кўрсатаётган Gold Velley Eksport масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳам қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 200 гектардан кўпроқ қақроқ ерни ўзлаштириб, томчилатиб суғориш тизимига асосланган боғ барпо этилган. Бу ерда эллик киши бандлиги таъминланган.

– 4 миллион доллардан зиёд сармоя киритилган лойиҳа асосида 5 минг 300 метр масофадан сув келтирдик, – дейди жамият раҳбари Қ. Ҳошимов. – Кўчатлар тўртта насос ёрдамида суғорилмоқда. Парваришдаги етти хил нок, олма, гилос ва хурмо дарахтларининг ўзига хос жиҳати сувсизликка чидамли, уч йилдаёқ мевага киради, қолаверса, экспортбоп ҳисобланади. Лойиҳанинг кейинги босқичларида музлатгич омбор, қуритиш ва саралаш камераси, қадоқлаш ва қайта ишлаш заводи, логистика маркази ташкил этиш ва етиштирилган маҳсулотларни хорижий бозорларга чиқариш режалаштирилган.

Тумандаги «Ўзшаробсаноат» акционерлик жамияти таркибига кирувчи “Янгиқўрғон шароби” корхонасида Испания технологияси асосида ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотлари қуйиш, узумдан тайёрланган вино маҳсулотларини тайёрлаш ва қадоқлаш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва шу тариқа жаҳон бозорида муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллашга хизмат қиладиган мазкур лойиҳага 4 миллиард сўм инвестиция, 1,5 миллиард сўм банк кредити йўналтирилган. Айни пайтда қирқдан зиёд киши ишлаётган корхонада лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилган яна 60 та иш ўрни очилади.

Маҳаллийлаштириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида эса Hydrolife Botters масъулияти чекланган жамияти филиали томонидан киришилган лойиҳа диққатга сазовор. Бир пайтлар фаолияти тўхтаб қолган омбор биноси қайта реконструкция қилиниб, Хитой технологияси асосида қадоқланган сув ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 200 метр чуқурликдан олинган сув етти босқичли фильтрдан ўтказилиб, кунига 7 минг дона сиғими 5 ва 10 литрли идишларда маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирча ўттиз киши ишлаётган корхонада қувватлар тўлиқ ишга туширилгач яна 200 кишининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Лойиҳа 1 миллион 200 минг доллар корхонанинг ўз маблағи ва 250 минг доллар банк кредити билан молиялаштирилмоқда.

Мухтасар айтганда, Янгиқўрғон туманида эл-юрт фаровонлигига хизмат қиладиган янги-янги лойиҳалар бир-бирини тўлдириб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.