Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган анжуман “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2017-2021 йилларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари натижадорлиги ва 2021 йилнинг биринчи ярмида 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишларга бағишланди.
Тадбирда дастлаб "Иссиқлик электр станциялари" АЖ Ишлаб чиқариш масалалари бўйича бош бошқарма бошлиғи Бекзод Бўронбоев мавзу доирасида қилинган ишлар ҳақида маълумот бериш чоғида мазкур жамиятнинг 2020 йил якунлари бўйича юртимизда электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги умумий улуши қарийб 90 фоизни ташкил этгани таъкидлади.
– “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибига жами 12 та жамият (10 та акциядорлик жамияти, 1 та масъулияти чекланган жамият ва 1 та унитар корхона), шундан 6 та иссиқлик электр станцияси, 3 та иссиқлик электр маркази ва 3 та таъминлаш, таъмир ва созлаш жамиятлари киради, – деди Бекзод Бўронбоев. – Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган жорий қувватларни энг замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш ва электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида янги энергосамарадор ва энерготежамкор қувватларни ишга тушириш “Иссиқлик электр станциялари” АЖ олдида турган устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Замонавий самарадорлиги юқори бўлган буғ-газ ва газ-турбина технологияларининг жорий этилиши натижасида 2020 йилда 54,4 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, умумий ўсиш суръати 2017 йилга нисбатан 20 фоизни ташкил қилди. 2021 йилда жамият томонидан 56,7 млрд.кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 2020 йилга нисбатан 104,2 фоиз ўсиш суръатига эришиш режалаштирилган.

Анжуманда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан инвестиция амалга оширилаётган лойиҳалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, маҳаллий банклар ва халқаро молия институтлари, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Хитой банклари томонидан фаол равишда қўллаб-қувватланаётганига таъкидланди.
– Айтиш лозимки, иссиқлик электр станцияларидаги аксарият энергоблоклар ўтган асрнинг 60-70 йилларида қурилган, – деди “Иссиқлик электр станциялари" АЖ Ташқи иқтисодий алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқарма бошлиғи Азиз Раҳмонов. – Бугунга келиб улар ҳам маънан, ҳам жисмонан эскирган. Натижада эски ускуналарда ишлаб чиқариш жараёнида ёқилғи сарфи, яъни йўқотишлар кўп бўлади. 2017 йил таҳлилларига кўра ривожланган давлатларда 1 киловатт энергия ишлаб чиқариш учун 240-260 грамм ёқилғи ишлатилган бўлса, мамлакатимиздаги айрим станцияларда бу борада икки баробар кўп ёқилғи сарфланган. Президентимизнинг беъвосита саъй-ҳаракатлари билан бугун биз соҳада ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўляпмиз. Биргина мисол, 2016 йилгача янги жорий этилган замонавий ускуналарнинг умумий қуввати соҳада 505 МВт (жами ишлаб чиқариш қувватларининг 5,45 фоиз)ни ташкил этган бўлса, 2017-2021 йилларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари натижасида қўшимча 3 204 МВт янги қувватлар ишга туширилиб энерготежамкор, энг замонавий-энергосамарадор ускуналарнинг умумий қуввати 3 709 МВтга етди ва иссиқлик электр станцияларининг умумий қувватининг 31,7 фоизини ташкил қилмоқда.

Қайд этилганидек, ўтган беш йил мобайнида Толимаржон, Ангрен, Тошкент, Навоий, Тахиатош станцияларида янги қурилмалар жорий этилди, Сирдарёда блоклар модернизациясининг иккита босқичи якунлаб, якуний ишлар амалга оширилмоқда. Водий аҳолиси фаровонлигини таъминлаш мақсадида Тўрақўрғон станцияси бунёд этилди, Фарғона иссиқлик электр марказида замонавий газ-турбина ускуналари ишга туширилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 4,75 миллиард доллар сарфланди. Бунинг натижасида янги қурилмаларда ёқилғи икки баробар кам сарфланиб, натижада маҳсулот таннархи пасайишига эришилмоқда. Энергия тежамкор қурилмалар жорий этилиши натижасида 1,5 триллион сўмга тенг 3,8 миллиард кубометр табиий газ иқтисод қилинди.
– Яқин йиллар давомида Толимаржон иссиқлик электр станциясида ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган учинчи ва тўртинчи буғ-газ қурилмаси, Навоий иссиқлик электр станциясида ҳар бирининг қуввати 650 МВт бўлган учинчи ва тўртинчи буғ – газ қурилмаси, Тошкент иссиқлик электр марказида қуввати 32 МВт бўлган иккита газ турбина қурилмаси қуриб фойдаланишга топшириш ишлари олиб борилади. Янги энергия самарадорлиги юқори бўлган қурилмаларни ишга туширилиши ҳисобига 2026 йилга келиб ИЭС ва ИЭМ ларнинг ўрнатилган қуввати 14,0 ГВтга етади ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун ёқилғининг солиштирма сарфини 2020 йилга нисбатан 323,7 гр/кВт.соатдан 259,4 гр/кВт.соатга туширилишига эришилади, – деди Азиз Раҳмонов.
Шунингдек, анжуманда аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини жорий ёз мавсуми ва 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумида сифатли электр энергияси билан таъминлаш ишлари бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА