French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги қўшма лойиҳалар ва стратегик ҳамкорлик
15:28 / 2026-02-16

Эрон Ислом Республикасидан келган бир гуруҳ инвесторлар Бухорода бўлди. Ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестицион ва саноат ҳамкорлигини янада ривожлантириш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Меҳмонларнинг Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашуви очиқ, ишчан ва конструктив руҳда ўтиб, ўзаро ҳамкорликнинг йўналишлари ҳамда амалий механизмлари муҳокама қилинди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий агротехнологияларни жорий этиш, интенсив боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш, қайта ишлаш саноатини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштириш, фармацевтика саноатида қўшма корхоналар ташкил этиш, металлургия соҳасида инновацион ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш каби йўналишларни истиқболли ҳамкорлик соҳалари сифатида белгилашди.

Вилоят раҳбари эронлик ишбилармон доира вакилларига маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай инвестицион муҳит, солиқ ва божхона имтиёзлари, ер участкалари ажратиш, инфратузилма билан таъминлаш ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берди. Шу билан бирга, Бухоро вилоятининг бой табиий ресурслари, меҳнат салоҳияти, географик жойлашуви ва логистика имкониятлари инвестициявий жиҳатдан катта устунликларга эга эканини таъкидлади.

Учрашув давомида эронлик инвесторлар томонидан ишлаб чиқилган янги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Уларда қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратиш каби мақсадлар ўз ифодасини топди.

Вилоят ҳокими инвесторлар томонидан тақдим этилган ҳар бир лойиҳа Бухоро вилояти учун муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб, уларнинг ҳар бири давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, тегишли идоралар томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши ва лойиҳаларни тезкор амалга ошириш учун барча зарур шароит яратилишини билдирди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, икки томонлама иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар. Бу мақсадда тегишли йўл харитаси ишлаб чиқилиб, лойиҳаларни амалга ошириш босқичлари, молиялаштириш манбалари ва ҳамкорлик механизмлари юзасидан келишувларга эришилди.

Учрашувдан сўнг эронлик сармоядорлар ҳудудларга чиқиб, вилоятда хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароитлар, ишлаб чиқариш майдонлари, эркин иқтисодий ҳудудлар, инфратузилма объектлари ҳамда ҳудуднинг иқтисодий, саноат ва инвестицион салоҳияти билан яқиндан танишди.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири