Сирдарё вилоятида “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Вилоятдаги судларнинг судьялари, прокурорлар, терговчи ва адвокатлар, Ички ишлар, божхона ходимлари иштирок этган тадбирда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов иштирок этиб, мазкур қонун билан фуқароларга қатор имконият ва енгилликлар яратилаётгани ҳақида сўз юритди.

Эндиликда судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда. Апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят (протест) бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилаётгани қонуннинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини кўрсатади, дейилди семинарда.
Маърузалардан холи, ўзаро савол-жавоблар асосида ташкиллаштирилган мулоқотларда қонуннинг амалдаги ижросини таъминлаш борасидаги масалалар ҳам муҳокамаси қилинди.


Тарафларнинг хоҳишига кўра, суд қарори устидан ўн кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, ушбу муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят (протест) келтирилиши мумкин. Бу тартиб тарафларнинг суд қарорлари устидан шикоят (протест) келтириш ҳуқуқи орқали одил судловга эришиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Мазкур қонун 2024 йил 1 январдан кучга киришини инобатга олган холда вилоятда қонуннинг мазмун-моҳиятини нафақат суд-ҳуқуқ идоралари ходимлари, балки аҳоли, шу жумладан, жиноят иши бўйича айбланувчи ва судланувчилар ўртасида ҳам кенг тушунтириш лозим, деган хулосага келинди.


Демак, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан янги қонуннинг моҳиятини кенг оммага етказиш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида вилоятнинг барча ҳудудларида ҳуқуқий-тарғиботлар амалга оширилади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири