English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги қонун: корхоналар фаолияти ва тўлов қобилиятини тиклаш имконини беради
14:08 / 2022-04-26

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусий мулкни янада ривожлантириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, уни кенг ривожлантириш учун максимал қулай шароит яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилашни назарда тутиб, бу борада ҳаммага яхши маълум бўлган “Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва кучли бўлади” тамойилига асосланмоқда.

Тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун мукаммал ҳуқуқий асослар билан бир қаторда зарур шароитлар яратиб берилаётганлиги янги корхоналар ташкил этилишида ва мавжудлари фаолиятини кенгайтиришда катта аҳамият касб этмоқда. Корхонада коорпоратив ва ишлаб чиқариш муносабатларининг амалдаги иқтисодий ислоҳотлар жараёнидан орқада қолиши натижасида корхона банкротлик ҳолатига тушиб қолади. Тўловга қобилиятсиз корхоналарни тугатиб юбориш қийин эмасдир, аммо унинг оқибатида ушбу корхоналарда иш билан таъминланган фуқаролар иш ўрнини йўқотади, шартлашувчи субъектлар ўртасида низолар, улар фаолиятига салбий таъсир ва бошқа шу каби кўплаб ижтимоий ҳамда иқтисодий масалаларни келиб чиқаради. 

Сир эмаски, ижтимоий муносабатлар ривожланган сари, уларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи нормаларни такомиллаштириш зарур. Маълумки, банкротлик муносабатларини тартибга солувчи “Банкротлик тўғрисида” ги қонун 2003 йилда қабул қилинган. Унда иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши натижасида вужудга келаётган янги муносабатларни тартибга солувчи механизмлар акс эттирилмаган эди. Қонуннинг номи ҳамда матнида “банкротлик” атамасининг кенг қўлланилганлиги, мазкур Қонуннинг корхонани банкрот деб топиш ва уни тугатишга қаратилганлигини англатар эди. Жорий йилнинг 13 апрель кунидан қонуний кучга кирган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонуни иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган корхоналарга ўз фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўлов қобилиятини тиклашга имкон бериш орқали иқтисодиётга таъсир ўтказади. “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга келган тадбиркорлик субъектларини тугатиб юбориш эмас, балки уларни молиявий соғломлаштириш, шу билан бирга соҳада вужудга келаётган янги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Эътиборлиси, қонуннинг номи ва матнидаги “банкротлик” сўзларини “тўловга қобилиятсизлик” сўзлари билан алмаштирилганлигини қонун мазмунан иқтисодий ночор ҳолатга тушган корхоналар фаолиятини тиклашга йўналтирилаётганлиги билан боғлаш мумкин. Хориж амалиётига назар ташлайдиган бўлсак, бу каби қонунлар Германияда “Иқтисодий тўловга қобилиятсизлик”, Қозоғистонда “Реабилитация ва банкротлик”, Японияда “Корпоратив қайта ташкил этиш, фуқаролик реабилитацияси ва банкротлик” деб номланишини кўришимиз мумкин. Хўш, бу қонунни ишлаб чиқиш учун яна қандай заруратлар мавжуд эди? Иқтисодий ночор ва тўловга қобилиятсизлик масалаларини тартибга солувчи “Банкротлик тўғрисида” ги қонун моҳиятан корхонани банкрот деб топиш ва уни тугатишга қаратилган бўлиб, унда корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантирувчи нормалар мавжуд эмас эди. Статистик таҳлилларга эътибор қаратсак, 2020-2021 йилларда жами 15 745 та корхона банкрот деб топилган бўлиб, уларнинг 2 фоизи фаолияти тикланган, 80 фоизи тугатилган, 18 фоизи бўйича тугатиш жараёни давом этмоқда. Қонун билан корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида тўловга қобилиятсизлик вақтинчалик ва доимий турларга ажратилмоқда.

Хусусан, қонуннинг 5-моддасига мувофиқ вақтинча тўловга қобилиятсизлик аломатлари деганда агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги, доимий тўловга қобилиятсизлик аломатли деганда эса агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлса тушунилиши мумкин. 

Бунга қадар амалда бўлган қонун талабига кўра, корхона тегишли тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида бажармаса ва унга нисбатан билдирилаётган талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз баравари, яъни 81 миллион сўмни ташкил этса, унга нисбатан тугатиш таомили қўлланилар эди. Шунингдек Қонуннинг олдинги таҳририда банкротлик иши қўзғатилган корхоналарга солиқ имтиёзлари берилиши тақиқланган, бундай корхоналарга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилмас эди. Энди эса корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида мазкур жараёнда жорий солиқ тўловларини тўхтатиб туриш, тижорат банклари ва молия институтларидан кредитларни жалб этиш, қарздорлик қисман қопланганда корхона фаолиятини кредиторлар розилиги билан тиклаш бўйича нормалар киритилди. 

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, қонуннинг амалга киритилиши тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини ошириш имконини беради. Шу билан бирга, тўлов қобилиятини тиклаш имконияти бўлган корхоналарда корпоратив ва ишлаб чиқариш муносабатлари тубдан ўзгаради, иқтисодиёт соҳасида “ишлаб чиқариши қайтадан тикланган ҳамда янгидан тетиклашган субъектлар” фаолият юрита бошлайди. 


Сарвар Солиев,
Зангиота туманлараро иқтисодий суди раиси,
ЎзА