Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги қонун: ҳомийлик хайрияларини йиғиш жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади
17:16 / 2025-09-30

Жорий йил 21 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва ҳомийлик фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳаётжон Қиличев қонун билан жорий этилган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди: 

– Эндиликда давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан ННТларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда жамоатчилик назорати субъектлари томонидан жамоатчилик назорати натижаларига кўра тайёрланган якуний ҳужжатни кўриб чиқмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 239-моддасида белгиланган ННТларнинг фаолиятини амалга ошириш тартибини бузишга оид санкциялар миқдорлари сезиларли даражада камайтирилди.

Бир календарь йилида банк ҳисоб-варақларида пул айланмаси мавжуд бўлмаган фонд учун ушбу календарь йилда ўз фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш ихтиёрий тартибда амалга оширилиши белгиланди.

Қонун билан “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунга ҳомийлик ташкилотлари, яъни ННТлар, ҳомийликни амалга оширувчи ва ҳомийлик олувчи юридик шахслар томонидан ҳомийлик хайрияларини нақд, нақдсиз ва мол-мулк шаклида йиғишнинг аниқ тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Ушбу янги ўзгаришлар 2025 йил 23 ноябрдан кучга киради.

Хусусан, ҳомийлик хайрияларини нақд пул шаклида йиғиш фақат хайрия қутиси ёрдамида ёки ҳомийлик ташкилотлари, ҳомийликни амалга оширувчи ёки олувчи юридик шахсларнинг банк ҳисоб-варақларига қонунчиликда белгиланган тартибда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Ҳомийлик хайриялари мол-мулк шаклида йиғилган тақдирда қабул қилиб олинган мол-мулк рўйхати шакллантирилиб, унинг тури, миқдори (ҳажми) кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади.

Ҳомийлик хайрияларини йиғиш жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ушбу жараёнлар бошланиши ва якуни бўйича оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтлар ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда тегишли маълумотлар эълон қилинади ва солиқ ҳисоботларида акс эттирилади.

Жисмоний шахс ҳомийлик хайрияларини фақат ўзи ёки яқин қариндошлари учун ўз банк ҳисоб-варақларига ёки шахсий банк картасига пул ўтказиш орқали, нақд пул ёки мол-мулк шаклида йиғишга ҳақли. Кўнгиллилар ҳомийлик олувчиларнинг манфаатларини кўзлаб, ҳомийлик хайрияларини йиғишга фақат эълон бериш орқали кўмаклашади. 

Бунда, ҳомийлик хайрияларини йиғиш ҳомийлик олувчи жисмоний шахслар ёки уларнинг яқин қариндошлари номларига очилган банк ҳисоб-варақларига ёки шахсий банк карталарига пул ўтказиш орқали ёки уларга бевосита нақд пул (мол-мулк) бериш орқали, шунингдек ҳомийлик олувчи юридик шахсларнинг банк ҳисоб-варақларига пул маблағларини ўтказиш ёки уларга мол-мулк бериш орқали амалга оширилади.

Хайрия қутиси тушунчаси, уни ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартиби белгиланди. Хусусан, хайрия қутиси фақат ҳомийлик ташкилотлари, ҳомийликни амалга оширувчи ёки олувчи юридик шахслар томонидан ўрнатилади. Хайрия қутиси нақд пул шаклидаги хайрияларни йиғиш учун мўлжалланган шаффоф идиш, уни очиш жойи ваколатли шахслар томонидан имзоланган, муҳрланган ёки пломбаланган бўлиши керак. Хайрия қутисида ҳомийлик хайрияларини йиғиш мақсади, уни ўрнатган юридик шахс ҳақидаги маълумотлар акс эттирилиши керак. Хайрия қутисини ўрнатиш кўчмас мулк эгаси ёки у ваколат берган шахс ва ҳомийлик ташкилоти, ҳомийликни амалга оширувчи ёки ҳомийлик олувчи юридик шахс ўртасида ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Хайрия қутисини кўчмас мулк ҳудудида сақлаш шартлари шартномада кўрсатилади. Хайрия қутисидаги йиғилган пул маблағлари хайрия қутиси тўлганда, тўпланган маблағлардан фойдаланиш эҳтиёжи юзага келганда ёки ҳомийлик хайрияларини йиғиш муддатлари тугаганда олинади.

Хайрия қутисини очиш, хайрияни ҳисоблаш жараёни хайрия ташкилотчисининг ваколатли вакили ва камида икки нафар холис иштирокида амалга оширилади ва бу жараёнлар видеоёзувга олинади. Тегишли далолатнома тузилади ва ундаги маълумотлар бир кун муддатда оммавий ахборот воситаларида ёки уларнинг расмий веб-сайтида ёхуд ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жамоатчиликка эълон қилинади. Хайрия қутисидаги маблағлар у очилган кунда ёки кейинги иш куни ичида тегишли банк ҳисобрақамига кирим қилинади.

Шу билан бирга, юқорида таъкидланган тартиб қоидаларни, хусусан, ҳомийлик хайрияларини йиғиш ва хайрия қутисини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартибини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жавобгарлик белгиланди.

Н.Абдураимова, ЎзА