Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни жорий 19 декабрь куни Олий Мажлис Сенати томонидан кўриб чиқилиб маъқулланди, шунингдек, Сенат томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар ҳам маъқулланди.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.
Давлатимиз раҳбари томонидан “бир суд-бир инстанция” тамойилининг илгари сурилиши суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб келинган муаммоларнинг ҳал қилинишига айни муддао бўлиб, ушбу тизимни тубдан кўриб чиқишга асос солди, жумладан, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилади.
Амалдаги қонунчилик бўйича тўрт босқичли суд инстанциялари, яъни биринчи, апелляция, кассация ва назорат инстанциялари фаолият юритиб келаётган эди.
Амалга киритилаётган янги Қонун бўйича уч босқичли суд тизими қуйидагича ташкил этилиши назарда тутилмоқда:
биринчи инстанция – туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича вилоят судлари;
апелляция инстанцияси – вилоят даражасидаги судлар;
кассация инстанцияси – Ўзбекистон Республикаси Олий суди.
Қонунга киритилаётган ўзгартиришга асосан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинади.
Сарсонгарчиликларни бартараф этиш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида киритилаётган ўзгартиришларга асосан, вилоят ва унга тенглаштирилган жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилмоқда, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда.
Шунингдек, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилмоқда, шу сабабли туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилмоқда. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинмоқда.
Ушбу Қонунни ҳаётга татбиқ этилиши натижасида, вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суднинг ўзи томонидан юқори инстанция суди сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилади, натижада шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ошади, вилоят судлари (улар биринчи инстанцияда мураккаб ишларни ҳам кўради) асосан апелляция суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилиб, суд қарорларининг сифатига эътибор қаратилади ва биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинади.
Назорат тартибида кўриб чиқиш институтининг тугатилиши ва кассация тартибида иш юритиш учинчи инстанция суди сифатида белгиланиши натижасида суд қарорларининг қонунийлиги, асослиги ва адолатлилиги бевосита ундан норози томоннинг тўғридан-тўғри берган шикояти асосида кўрилишига эришилади.
Қонунга киритилаётган ўзгартиришга асосан, биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан 20 кунга, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича апелляция шикоятлари бериш муддатлари 20 кундан 1 ойга узайтирилмоқда, кассация тартибида шикоят бериш муддати эса амалдаги
6 ойдан 1 йилга ўзгартирилмоқда.
Бунда суд қарорларининг қайта кўриш масаласидаги халқаро стандартлар талабларини процессуал қонунчиликка имплементация қилинишига, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.
А. Ибодов,
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси