Давлатнинг асосий мақсадларидан бири – аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг эҳтиёжларини қондириш учун етарлича шароит яратиш ҳисобланади. Бунда, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш энг устувор вазифа саналади.
Шу билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи мамлакат ижтимоий-иқтисодий сиёсатида марказий ўринлардан бирида. Чунки бу фуқароларнинг соғлиғи, ҳаёти билан боғлиқ долзарб масаладир.
Давлатимиз раҳбари 2025 йил 3 февралда имзолаган “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун бу борада қандай аҳамият касб этади? Сенатор Гулнора Маруфова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича стратегик жиҳатдан мақсадли ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотларни етиштирувчи тадбиркорлик субъектлари фаолияти қўллаб-қувватланмоқда. Уларга давлат томонидан имтиёзлар берилмоқда ҳамда экспорт ва импортга қулай шароитлар яратилмоқда.
Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш баробарида, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатлар озиқ-овқат таъминотига салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани халқаро ҳамжамият томонидан мунтазам эътироф этилмоқда. Жумладан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида “Минг йиллик ривожланиш мақсадлари”га эришгани учун махсус мукофотига сазовор бўлган 14 давлат орасида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги эътиборга молик.
Шу каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, албатта, ўз самарасини кўрсатмоқда. Бу ўз навбатида, ушбу соҳани тартибга солувчи норматив базани кучайтиришни тақозо қилди.
Шу сабабли, бу борадаги ишларни тизимли равишда тартибга солиш мақсадида ягона қонун ҳужжатини тайёрлаш зарурияти юзага келди. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди. Шундан келиб чиққан ҳолда мазкур қонун ишлаб чиқилди.
– Қонуннинг асосий мазмун-моҳияти нималардан иборат?
– Қонун 5 боб ва 25 моддадан иборат бўлиб, унда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича умумий қоидалар, ушбу соҳани тартибга солиш ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, истеъмолчиларнинг, хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этган.
Қонуннинг мақсади – озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг қўлланиш соҳаси аҳолининг озиқлик қимматига эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз овқатланишини таъминлашга, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқаришга нисбатан татбиқ этилади.
Қонунда асосий тушунчалар – “давлат захираси”, “ижтимоий аҳамиятга эга асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари”, “озиқ-овқат баланси”, “озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захираси”, “озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги”, “озиқ-овқат хавфсизлиги”, “хавфсиз озиқланиш” ҳамда “хомашё” тушунчаларига аниқ таъриф берилмоқда.
Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги асосий тамойиллар, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.
Энг асосийси, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасини тартибга солиш мустаҳкамланиб, бунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат органи, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатларига аниқлик киритилди.
– Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида асосий ваколатли давлат органи қандай ишларни амалга оширади?
– Қонунга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу борада асосий ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Мазкур вазирлик республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлайди.
Озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқади.
Келгуси йил учун ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсига бўлган эҳтиёжнинг прогноз ҳажмларини ишлаб чиқиш, уларнинг бажарилиши юзасидан чора-тадбирлар кўриш, давлат захирасини ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш келгуси йил учун озиқ-овқат балансини ишлаб чиқиш каби ишларни ҳам бажаради.
– Озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилади?
– Қонунда бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Давлат озиқ-овқат балансини шакллантириб боради. Бу озиқ-овқат танқислигининг олдини олишга хизмат қилади.
Шу ўринда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларига тўхталиб ўтсак.
Жумладан, давлат озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг минимал нормаларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини шакллантиради.
Аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли миқдорда ва узлуксиз таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради.
Ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, шунингдек ,ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорти ва импорти ўртасидаги мақбул мувозанатни сақлайди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳолининг хавфсиз овқатланиши соҳасидаги фаолиятнинг самарадорлигини таъминлайди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёси бозорининг эҳтиёжларини доимий мониторинг қилади.
Қонун орқали озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормалар ягона ҳужжатда бирлаштирилди ва соҳадаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солишга эришилди.
Қонун халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг тегишли доимий комиссия аъзолари, мутахассислар ва экспертлар, масъул вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида бир неча бор қизғин муҳокама қилинган.
Айтиб ўтиш керакки, давлатимиз раҳбари Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш лозимлигини таъкидлаган.
Шу сабабли, қонун юзасидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ижобий хулосалари ҳам олинди. Шунинг учун ҳам қонун ҳудудлар манфаатларига мос келади, деб ишонч билан айта оламиз.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.