English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги қонун аудиторлик касби нуфузини оширишга имкон яратади
19:33 / 2021-03-29

Глобаллашув шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини жадал ривожлантириш ва либераллаштириш, жаҳон молия бозорига интеграциялашувини тезлаштириш ва капитал бозори ҳамда рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш, замонавий корпоратив бошқарув принципларини жорий этиш муҳим устувор вазифа ҳисобланади.

Мутахассис шарҳи 

Бу жараёнда эса аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш, бошқаришга оид қарорларни қабул қилиш ва корпоратив бошқарув сифатини ошириш учун аудиторлик хизматларининг аҳамиятини ошириш лозим.

Мазкур масалаларни ҳал этишда аудиторлик фаолиятини халқаро миқёсидаги аудит ривожланишининг замонавий тенденцияларига мувофиқлигини таъминлаш, аудиторлик фаолиятида аудитнинг халқаро стандартларини жорий этиш орқали аудитни халқаро масштабда бирхиллаштиришни таъминлаш, шунингдек, аудиторлик текширувидан ўтадиган корхоналарда корпоратив бошқарувнинг замонавий тизимини жорий этиш, мазкур корхоналарни ишончли аудиторлик хулосалар билан таъминлаш муҳимдир.

Ўзбекистон Республикасининг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонуни 2000 йилда қабул қилинган бўлиб, сўнгги 20 йилда аудит бозорида катта ўзгаришлар рўй бергани ва қатор ислоҳотлар амалга оширилгани туфайли бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бермаслиги тобора аён бўлиб қолди.

Шу боис, 2021 йил 25 февралда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Янги таҳрирдаги қонунда замонавий талаблар ва аудитни тартибга солиш соҳасидаги текширилган халқаро амалиёт принципларига асосланган аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш, аудиторлик фаолиятини тартибга соладиган қоида ва нормалар ҳамда меъёрий ҳужжатларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унификациялаш ва тизимлаштириш масалалари ўз ифодасини топган.

Қонун бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган аудиторлик хизматини ташкил этиш, аудиторлик касбининг нуфузи ва улар ишининг сифатини оширишга қаратилган бўлиб, пировард натижада жамият манфаатларини қондириш ва инвесторлар ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган.

Ушбу ҳужжатда амалдаги қонуннинг эскирган ва ҳаволаки меъёрлари қайта кўриб чиқилган ва аудиторлик фаолиятини тартибга солувчи ягона меъёрий ҳужжат кўринишида тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун сифатида қабул қилинди.

Республикамизда аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг умумий тавсифларига кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 99 аудиторлик ташкилоти фаолият кўрсатиб келмоқда. Аудиторлар сони 572 кишини ташкил қилади. 19 маҳаллий аудиторлик ташкилоти йирик халқаро тармоқ ва ассоциацияларининг аъзолари ҳисобланади. Катта тўртлик (Big-4) – “Ernst &Young”, “PricewaterhouseCoupers”, “Deloitte and Touche” ва «КРМG” халқаро аудиторлик ташкилотларининг шўъба жамиятлари фаолият олиб бормоқда.

Энди, янги таҳрирда қабул қилинган қонундаги муҳим масалаларга эътибор қаратамиз. Қонун қуйидаги йўналишларда муҳим масалаларни амалга оширишни назарда тутади. Бунда, аудиторлик фаолиятини фақат Аудитнинг халқаро стандартлари асосида амалга ошириш, аудиторлик фаолиятини лицензияланадиган фаолият турлари таркибидан чиқариш, махсус ваколатли давлат органи сифатида Молия вазирлиги аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари (Аудиторлар Палатаси ҳамда Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси) билан биргаликда, молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, аудиторлик ташкилотлари иши сифатини ташқи назоратдан ўтказиш, мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши зарур бўлган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ташкилотлар рўйхатини шакллантириш, аудиторлар малакасини оширишнинг самарали тизимини ташкил қилиш кабилар шулар жумласидандир.

Қонуннинг таркибий тузилиши бўйича маълумот берадиган бўлсак, у 9 боб, 55 моддадан иборат. Қонуннинг биринчи бобида қонуннинг мақсади, аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик, асосий тушунчалар, аудиторлик фаолияти соҳасидаги асосий принциплар, аудиторлик фаолияти стандартлари ёритилган.

Қонуннинг мақсади бўлиб аудиторлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳисобланади. Эътиборли жиҳати, қонунда қўлланиладиган асосий тушунчалар (аудитор, аудиторлик ташкилоти, аудиторлик фаолияти, Аудиторлар реестри, Аудиторлик ташкилотларининг реестри, аудит қўмитаси, ренкинг ва бошқалар) алоҳида моддада акс эттирилган.

Аудиторлик фаолияти соҳасидаги асосий принциплар сифатида мустақиллик, холислик ва ҳалоллик, касбий билимга эгалик ҳамда ахборотнинг махфийлиги принциплари батафсил ёритилган. Муҳим жиҳати шундаки, қонунда молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларни ишончли ахборотлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда аудиторлик фаолиятини фақат Аудитнинг халқаро стандартлар асосида амалга ошириш белгиланмоқда. Бу эса ўз навбатида, молиявий ахборотларнинг ишончлилигини оширади ва ахборот рискини камайтиради.

Қонуннинг иккинчи боби аудиторлик фаолияти соҳасини тартибга солиш масалаларига бағишланган бўлиб, унда аудиторлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Учинчи бобда аудитор ва унинг ёрдамчиси, аудиторларни сертификатлаш тизими тўғридан-тўғри амал қиладиган нормалар асосида батафсил ёритиб берилган. Тўртинчи бобда аудиторлик ташкилоти, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари батафсил ёритилган ҳамда аудиторлик ташкилотларининг жавобгарлиги аниқ қилиб белгиланган.

Аудиторлик ташкилотларига қулайлик ва енгилликлар яратиш мақсадида бир қатор янги нормалар киритилди. Жумладан, аудиторлик ташкилотларининг устав капитали миқдорига бўлган талаб бекор қилинди. Аудиторлик ташкилотининг устав фонди (устав капитали) аудиторлик ташкилоти ўз фаолиятини амалга оширишда бевосита фойдаланадиган мол-мулкдан, шу жумладан, пул маблағларидан шакллантирилади.

Аудиторлик ташкилоти ўз фаолиятини амалга оширишда мустақилдир. Аудиторлик ташкилоти вазирлик, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ташкил этилиши мумкин эмас. Аудиторлик ташкилотида асосий иш жойи ҳисобланган камида тўрт нафар аудитордан иборат бўлиши белгиланди. Аудиторлик ташкилотининг филиали ташкил этилганда филиал раҳбари аудитор бўлиши керак. Ўзи ҳақидаги маълумотлар Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига киритилган санадан эътиборан уч ой давомида у тўғрисидаги маълумотлар Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритилмаган тижорат ташкилоти ўз номида «аудиторлик ташкилоти», деган сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас.

Қонуннинг бешинчи боби аудиторлик ташкилоти томонидан кўрсатиладиган хизматлар турига бағишланган бўлса, олтинчи бобида аудиторлик текширувларини ўтказиш тартиби баён қилинган. Мазкур бобда манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини олишга йўналтирилган ва аудит мустақиллигини таъминловчи, аудиторлик текшируви ўтказишдаги чекловлар санаб ўтилди. Шу тарзда, ҳар бир боб аудиторлик фаолияти ва унинг қонуний меъёрларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Умуман олганда, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши аудиторлик фаолиятини тартибга солиш ва аудит жараёнидаги тартиб-таомилларнинг шаффофлигини таъминлайди. Аудитнинг халқаро стандартлари асосида мустақил аудит ўтказиш амалиётини татбиқ этади. Аудиторлик ташкилотлари хизматларининг сифати ва рақобатбордошлигини оширади. Молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларни ишончли аудит хулосаси билан таъминлайди. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан давлат органларининг ўзаро муносабатлари ва ҳамкорлигини кенгайтиради ва мазкур соҳасидаги ҳужжатларни тизимлаштиради ҳамда қонуности ҳужжатларнинг қисқаришига олиб келади.

Якуний хулоса сифатида қайд этиш лозимки, мазкур қонуннинг қабул қилиниши аудиторлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг такомиллашуви, аудиторлик хизматлари сифатининг ошиши, миллий аудитнинг халқаро миқёсдаги аудит ривожланишининг замонавий тенденцияларига мувофиқлигини таъминлаш, аудиторлик касби нуфузининг ошиши ва тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун ҳужжатининг шаклланишига олиб келади.

Отабек БАРАКАЕВ,

Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит

услубиёти департаменти бўлим бошлиғи ўринбосари

ЎзА