Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги қиёфа касб этган мактаб
10:36 / 2023-09-05

Янги ўқув йилини мен ва фарзандим ҳаяжон ва иштиёқ билан қарши олдик. Боиси, ўғлим янги қиёфа касб этган, барча шарт-шароитларга эга бўлган замонавий мактабда таҳсилни давом эттиради.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 190-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларга билим бериш баробарида касбий кўникмаларни ҳам оширишга йўналтирилган. Малакали мутахассислардан иборат мактаб жамоаси ўқув хоналари, жиҳозлар етишмаслиги ва умуман мактаб биносининг замон талабларига мос келмаганидан таҳсил жараёнларини тўлақонли олиб боришга қийналар эди.    

2021 йилнинг декабрь ойида давлатимиз раҳбарининг муассасага ташрифи ҳаммасини ўзгартирди. Энди шароитлар тамоман бошқача. Аудиториялар ҳам, таълим жараёнлари ҳам касб ўргатишга тўла мос келади.    

– Юртбошимиз мактабимизга ташриф буюрганларидан сўнг мактабимиздаги ўзгаришларни сўз билан таърифлаб бўлмайди, – дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Малоҳат Мирбаротова. – Икки йилнинг ичида катта ўзгаришлар бўлиб, шароитлар тубдан яхшиланди, мактабимиз янги қиёфа касб этди. Бу ўқувчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқини янада оширади.    

Мактаб ҳудуди 10 минг квадрат метрдан ортиқ. Шундан 6 ярим минг квадрат метр майдонда барпо этилган 3 минг ўринга мўлжалланган ўқув биноси жорий ўқув йилида ўқувчиларни бутунлай янги қиёфа, янги шароитларда қарши олди. Сузиш ҳавзаси, замонавий аудиториялар, сартарошлик, тикувчилик, дизайнерлик сингари 10 дан ортиқ касбга ўргатиш хоналари, компьютер технологиялари ўқувчиларни замонавий таълим стандартларига мос билим олишларига хизмат қилади.    

Мактабда 4 та блок асосида ўқувчиларга касблар ҳақида маълумот бериб борилади. Ҳар битта блокда ошпазлик, қандолатчилик, тикувчилик, дастурлаш, компьютер жиҳозларини таъмирлаш, кичик ҳамширалик йўналишлари бўйича ўқувчиларга 8-9 синфдан бошлаб билим берилади.    

Янги 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб, 10 синфларда касбий таълим фани жорий этилмоқда. Бу келгусида ўқувчиларнинг турли касбларни ўрганишига имконият яратади. Икки йил давомида олган билимлари натижасида 11-синф битирувчилари маълум бир касб ёки ҳунарга эга бўлади. Ўқувчилар билим олиш билан биргаликда мактаб ҳудудида амалиёт бажариш, шунингдек, ўзларининг ишлаб чиқарган маҳсулотларини сотиш имкониятига эга бўлади.    

 

Моҳигул Қосимова,  

ЎзА