Пискент туманини комплекс ривожлантириш, аҳоли учун замонавий ва қулай инфратузилма бўйича йирик лойиҳалар Тошкент вилоят ҳокимига тақдим қилинди.
Туман ҳудуди марказини ободонлаштириш ва янги қиёфа касб эттиришга қаратилган “Янги Пискент” мажмуаси лойиҳаси алоҳида эътибор марказида бўлди. Мазкур лойиҳа 11 гектар ҳудудда амалга оширилиб, 19 та 9 қаватдан иборат кўп қаватли уй, 87 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, фавворалар, сунъий кўл ва сайилгоҳ, 800 ўринли амфитеатр, болалар майдончаси ва замонавий дам олиш масканларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш режалаштирилган.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 4 минг 743 нафар уй-жойга эҳтиёжманд аҳоли учун янги имкониятлар яратилади, 2,5 минг нафардан зиёд аҳоли янги хонадон билан таъминланади. Шунингдек, "Мўминобод" МФЙ ҳудудида жойлашган “Ёшлар” истироҳат боғи қайтадан реконструкция қилиниб, у ерда замонавий аттракционлар, болалар майдончалари, яшил ҳудуд ва сайр учун йўлаклар қурилади.

Бундан ташқари, "Бирлик" МФЙ марказий кўчасида ташкил этиладиган 24/7 кўнгилочар ва сайёҳлик кўчаси туман марказини жозибадор ҳудудга айлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Тақдимот давомида тумандаги марказий шифохона ва маҳаллаларда кўп қаватли уйларнинг оқова сув тармоғини янгилаш, 2 минг 700 нафар аҳолини илк бор тоза ичимлик суви, 1 минг 34,3 гектар томорқа ер майдонларини оқова сув билан таъминлаш, 12 километр 10В–105 автомобиль йўлини мукаммал таъмирлаш, "Муротали" МФЙда 22,8 километр ичимлик суви тармоғини тортиш каби муҳим ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди.

“Янги Пискент” саноат зонаси ва “Piskent Texnopark” лойиҳаси каби инвестиция ва саноат лойиҳалари ҳам тақдим қилинди. Тақдимот якунида вилоят ҳокими лойиҳаларни босқичма-босқич ва аниқ молиявий манбалар асосида амалга ошириш, қурилиш ишларида сифат ва муддатга алоҳида эътибор қаратиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Қайд этилганидек, мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида Пискент тумани янги қиёфа касб этиб, аҳоли учун замонавий, қулай ва жозибадор ҳудудга айланади.
А. Мусаев, ЎзА