Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистоннинг янги Конституцияси халқимиз муаллифлигида яратилди
15:35 / 2023-05-12

2023 йилнинг 30 апрель куни халқимиз ҳаётида ўзига хос воқеликка эга бўлган кун сифатида тарихга муҳрланди. Сабаби, кўп миллатли халқимиз кўнглидаги ўзгариш ва ислоҳотларга замин яратиб бериши билан аҳамиятли бўлган янги Конституция қабул қилинди. Кўп овоз билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганидан далолат бермоқда.

Ҳеч шубҳасиз, референдум кўп миллатли буюк халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.  

Таъкидлаш ўринли, ўтган йиллар давомида жамиятимиз ва унда илгари сурилаётган ғоя ва ташаббусларда халқимизнинг иштироки ва улар томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларнинг аҳамияти ҳар томонлама ортди. Бунинг натижасида жамиятимизнинг ҳам ислоҳот ва ўзгаришларга бўлган талаби кун сайин ортмоқда. Фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар асносида қабул қилинган қонун ва қарорларимиз янада такомиллаштирилиб, Конституциямизда белгилаб қўйилган халқчил моддаларга мослаштирилган ҳолда қабул қилинмоқда.  

Аммо бугун шиддат билан ўзгараётган дунёда рўй бераётган геосиёсий вазиятлар, энг аввало, мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қаратилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва унда белгиланган мақсадларни амалга ошириш нафақат қонунларимизни мустаҳкамлашни, шу билан бирга, Бош қомусимизда ҳам инсон қадрини юксалтиришга қаратилган нормаларни янада такомиллаштириб, бугунги замон талабларига мослаштиришни тақозо этмоқда.  

Давлатимиз раҳбари янгиланган Конституциямиз “Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир” ҳамда “Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади”, деган тамойилларга асосланган ҳолда ишлаб чиқилсагина том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишини алоҳида таъкидлаган эди. Шу боис, ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси халқимиз муаллифлигида яратилди.  

Шу билан бир қаторда, Конституциявий ислоҳотлар жараёнида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда қайд этилган тавсиялар, ЕХҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида жамиятнинг барча қатламлари вакилларини давлат ва жамият бошқаруви жараёнларига жалб этиш бўйича қабул қилинган халқаро ва минтақавий ҳуқуқий ҳужжатлар алоҳида ҳисобга олинди.  

Янгиланган Конституция лойиҳаси ривожланган давлатлардаги таҳлилий марказлар ва нуфузли ташкилотлар мутахассислари томонидан ҳам экспертизадан ўтказилди. Хорижда чоп этилган материаллар етакчи  таҳлилий марказлар ва тадқиқотчилик институтлари мустақил Ўзбекистон тараққиётини жиддий қизиқиш билан кузатаётгани, ўз электрон минбарларида юртимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараённи батафсил ёритиб бораётганини кўрсатди.  

Республикамизда сўнгги олти йил ичида юз берган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли натижаси хориждаги расмий доиралар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жамиятимизни ислоҳ қилиш, демократлаштириш, либераллаштириш ва модернизация қилишнинг чуқур ўйланган узоқ муддатли дастури давлат арбоблари ва сиёсатчилар эътиборини тортмоқда.  

Шуни алоҳида қайд этиш лозим, янги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.  

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз тараққиётининг бурилиш босқичини белгилаб, бутун куч ва салоҳиятимизни ягона улуғ мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратамиз, дея таъкидлаган эди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ушбу бурилиш босқичининг бошланиши бўлса, конституциявий ислоҳот амалга оширилиши тарихий омил бўлди. Янгиланган Конституцияда давлатимиз раҳбари томонидан  “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили конституциявий норма сифатида мустаҳкамланиши таклиф қилинди. 

Биргина мисол. Янгиланган Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб, қатъий белгилаб қўйилгани тарихий аҳамиятга эга бўлди. Асосий қонунда муҳрланган бу принциплар мамлакатимизнинг тараққиёт йўли ва тақдирини, унинг келажагини белгилаб берган ушбу “бешта устун” ҳеч қачон ўзгартирилмаслиги халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодасидир.  

Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар бир фуқаронинг онги ва шууридан жой олган, унинг ҳуқуқ ва эркинлигини тўлиқ кафолатлаган Конституциямиз чинакам қомусга айланиши керак.  

Галдаги вазифа бугунги замонга мос ҳолатда бажарилишига хизмат қилувчи қонун ва қарорларнинг ҳаётийлигини таъминлашдир. Бунда, ўз навбатида, қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларимиз учун бош ғоя бўлиб хизмат қилувчи Янги Конституция юридик замин бўлиб хизмат қилади.  

Мамлакатнинг бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаган фуқаро сифатида айта оламанки, янги Конституция, шунингдек, Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, Бош қомусимиз янгиланишида фаол иштирок этган меҳнаткаш ва кўп миллатли Ўзбекистон халқининг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос, ишончли кафолати бўлишига ишонаман.  

 

Шомаруф Қосимов,  

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини  

ривожлантириш агентлиги масъул ходими,  

“Келажак лидерлари” клуби аъзоси  

ЎзА