Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистоннинг янги “Баҳор”и
11:24 / 2023-06-01

Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида Ўзбекистон халқ артисти, устоз санъаткор Мукаррама Турғунбоева таваллудининг 110 йиллиги ҳамда “Баҳор” давлат рақс ансамбли фаолиятига бағишланган тантанали концерт бўлиб ўтди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси каби ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир аввалида миллий рақс санъатимиз маликаси ва “Баҳор” ансамбли фаолиятига оид фото кўргазма бўлиб ўтди.  

Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков миллий рақс санъатимизга бағишланган бундай тадбирлар кўпчиликка асл баҳор қайтганини эслатишини таъкидлади.  

– Давлатимиз раҳбари томонидан миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш бўйича аниқ стратегия белгилаб берилган, – деди Озодбек Назарбеков. – Унга кўра мамлакатимизда миллий рақс санъатининг анъаналари ва мактабларини тиклашга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур тантанали тадбир “Баҳор” ансамбли дўстлари иштирокида ўтаётгани эътиборлидир.  

Чиндан ҳам “Баҳор” ансамблининг қайта тиклангани санъат мухлислари учун катта туҳфа бўлди. Унинг фаолиятида устоз санъаткор Мукаррама Турғунбоева яратган ижодий мактаб ва анъаналар бардавомлигига катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур ансамбль фаол қўллаб-қувватланмоқда. Бу ишда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси “Дўстлар клуби” вакили сифатида муносиб ҳисса қўшаётгани диққатга сазовордир.  

Кечада миллий рақс ва хореография санъатимизга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ санъаткорларга “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.  

– Бундай тантанали тадбирлар чиндан ҳам Ўзбекистон маданий ҳаётида катта воқелик, – деди “Баҳор” давлат рақс ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Зиёда Мадраҳимова. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевга “Баҳор” ансамблини қайта тиклаганлари, устоз санъаткорлар хотирасига чексиз ҳурмат кўрсатаётганлари учун миннатдорлик билдирамиз. Ижодий жамоамизни Янги Ўзбекистоннинг, янги Ренессанснинг янги “Баҳори” деб айтсак, муболаға бўлмайди. Ташкил этилганига уч йил тўлганига қарамай, “Баҳор” дунёнинг кўплаб давлатларида ижодий сафарда бўлди. Буларнинг бари миллий санъатимизга кўрсатилаётган эътибор натижасидир.  

Тантанали кечада “Баҳор” давлат рақс ансамбли билан бирга Россия, Озарбайжон, Беларусь Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларнинг рақс жамоалари ҳам ўз дастурларини намойиш этди. Устоз санъаткор Мукаррама Турғунбоева хотирасига бағишланган ушбу мусиқий тадбир дўстлик, санъат, гўзаллик байрами сифатида баланд руҳда ўтказилди.  

 

Назокат Усмонова,  

ЎзА