Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тизимда хизмат қилиб келаётган хотин-қизлар ўртасида “Балли, аёллар!” кўрик-танлови ўтказилди.
“Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар аёллари” шиори остида ўтган тадбирда Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ходималари, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Тошкент ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Бектемир тумани ҳокимлиги вакиллари, ҳарбий-академик лицей ўқувчилари, жойлардаги студиялардан ҳудудий ҳарбий прокуратуралар ходимлари иштирок этди.

Бош прокурор ўринбосари С.Ортиқова ва Бош прокурор ўринбосари – Ҳарбий прокурор О.Холбоев тадбирни табрик сўзлари билан очиб, юртимизда хотин-қизларга эътибор, ғамхўрлик, яратиб берилган шароит ва кенг имкониятлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Танловда иштирокчилар “Мен бахтиёр аёлман” мавзусида таништирув, “Моҳир бекажон” мавзусида кашта тикиш, “Аёл – гўзаллик тимсоли” мавзусида миллий соч турмаги, миллий ва замонавий рақс, мевалардан чиройли шакллар яратиш ва баҳру-байт шартлари бўйича ўзаро беллашди.

Ҳар бир шарт натижаси ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, камчилик ва хатолар жойида изоҳлаб борилди.
Танлов якунида ғолиб ва совриндорларга махсус диплом ва эсдалик совғалар тантанали равишда топширилди.
Жараёнда Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли жамоасининг чиқишлари барчага байрамона кайфият бахш этди.

Н.Абдураимова, ЎзА