Янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотлар шиддатли тус олмоқда. Турли соҳаларда амалга оширилаётган эзгу ишлар кўламини дафъатан тўла тасаввур қилиш, шиддатини кўз билан илғаш ғоят мушкул. Ҳаётимиздаги янгиланишлар, жумладан, инсонлар тафаккуридаги ўзгаришлар чунонам залворлики, уларни худди кино тасмасидек кўз олдидан ўтказиш учун кишига теран ақл-идрок, юксак тафаккур, чуқур таҳлил ва тадқиқ маҳсули бўлган мажмуавий китоб зарур бўлади.
Таниқли шоир ва журналист, моҳир муҳаррир Ўткир Раҳматнинг “Эзгу янгиланишлар мамлакати” китоби ана шундай зарурат маҳсули ўлароқ майдонга келди. Бинобарин, китоб бутун мамлакатда юз бераётган мўъжизавий эврилишларни, кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолган, бироқ ҳадеганда илғайвермайдиган юксалишларни ўз саҳифаларида худди кафтимиздаги узун-қисқа, параллель, перпендикуляр чизиқлардек яққол намоён этади.
Аслида, киндик қонимиз томган маъво — Ватан муҳташам бир китобдир. Ҳар биримизнинг уйимиз, қишлоғимиз, маҳалламиз — ана шу улкан китобнинг бир саҳифаси, бир боби. “Эзгу янгиланишлар мамлакати” ушбу муҳташам китобнинг саҳифаларидаги рангоранг ва фараҳбахш жилвалар ҳақида...
Яна тасаввур этамизки, ҳар биримизнинг ҳаётимиз — мисоли бир китоб. Унинг саҳифалари — умримизнинг бир куни, соатлар, дақиқалар, сониялар, оний лаҳзалар. Ўткир Раҳматнинг янги китоби ана шу саҳифаларнинг камалакранг ёғдуларга, дуру марваридларга тўлаётгани тўғрисида.
Дарҳақиқат, ўтаётган ҳар бир кунимиз мамлакатимиз тарихи зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан битилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида мамлакат ҳаётининг ҳар бир жабҳасини тубдан янгилашга киришди.
Барча ҳудудларда Халқ қабулхоналари очилгани, Президент, Бош вазир, турли вазирлик ва идоралар, ҳокимларнинг виртуал қабулхоналари фаолият юрита бошлагани, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу ғоянинг ҳаётга кўчгани мамлакатимизда янгича муҳитни юзага келтирди. Одамларда эртанги кунга ишонч, муаммоларини ҳал этиш ва орзулари рўёби сари интилиш барқ ура бошлади.
Матбуот ва сўз эркинлиги ошгани, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат идоралари, турли ташкилотлар фаолиятида очиқлик ва ошкоралик, шаффофлик, ҳисобдорлик кучайгани мамлакатимизнинг демократик қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга туртки бўлаётир.
Миллий иқтисодиёт дунё андозаларига мос ҳолда ислоҳ қилинмоқда. Ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсати либераллаштириляпти. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш замонавий механизмлари яратилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги конлар очиш ҳамда ҳудудларни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг адолатли, инсонпарвар тамойиллари, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” каби ўзига хос ноёб механизмлар жорий этилгани боис аҳоли бандлиги ошиб, камбағаллик изчил қисқариб бормоқда.
Одамларнинг кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитларига эга бўлгани, ҳаётга инновацион ва замонавий ахборот коммуникация технологиялари кириб келгани боис турмуш даражаси ҳам муттасил юксалиб бормоқда.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқлари беқиёс чирой очмоқда. Ер юзининг сайқали — Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорликлар, хусусан, бу ерда қурилган “Буюк Ипак йўли” халқаро туризм маркази ҳудуднинг кўрку жамолини янада очиб, янги Ўзбекистоннинг “туризм дарвозаси”га айланишига хизмат қилмоқда.
Муаллиф “Эзгу янгиланишлар мамлакати. Ўзбекистондаги амалий ва жадал ислоҳотлар дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда” сарлавҳали мақоласида таъкидлаганидек, кундалик турмушдаги ижобий янгиликларнинг саноғига етиб бўлмайди. Хусусан, бир неча ой ичидаёқ амалдорларнинг жойларда фуқаролар билан гаплашиш оҳанги ўзгарди, чинакамига ишлаётган валюта айирбошлаш шохобчалари, нақд пул олиш имкони бўлган банкоматлар мавжудлиги оддий ҳолатга айланди. Байрамлар муносабати билан бир нечта дам олиш кунлари берилиши фуқароларнинг айёмни кўтаринки руҳда нишонлаши учун қулайлик яратди, тантаналар расмий тадбирдан чинакам қувончу шодлик ҳукмрон халқ сайиллари шаклига кўчди. Президентимизнинг яқинда қабул қилинган Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, асрлар давомида эл-юртимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб келаётган ушбу айём билан боғлиқ урф-одатлар, қадрияту анъаналар моҳияти ҳамда аҳамиятини ўзида мужассам этган оммавий сайиллар уюштирилади. Бу ҳам янгиланишларнинг табиий бир қисми, муҳим мезонидир.
Китобдаги таҳлилий, аниқ далилларга асосланган, конструктив, айни пайтда чуқур мушоҳада, соҳир қалб, тийрак нигоҳ билан “элакдан ўтказилган” публицистик мақолалар мамлакатимизда кейинги йилларда юз бераётган ана шундай ҳаётбахш ўзгаришларни жозибакор сурат, яхлит полотно сифатида ўқувчи кўз ўнгида намоён қилади.
Тўпламдан жой олган битикларда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, йил номи билан боғлиқ Давлат дастурлари, қатор фармон ва қарорлар, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мазмун-моҳияти, мақсад-муддаолари, ҳаётий аҳамияти чуқур таҳлил қилинади. Материалларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга халқаро эксперт ва мутахассислар, сиёсатчилар, таҳлилчилар, журналистларнинг муносабати, баҳоси ҳамда эътирофи ҳам акс этади.
Масалан, моҳир публицист “Ҳумо қуши юксак парвозга шайланмоқда” мақоласида шундай ёзади: “Туркиянинг етакчи иқтисодий нашрларидан бири — “Derin Ekonomi” журнали шарҳловчилари ташқи сиёсатимиз тақвимини диққат билан кузатиб келишади. Улар... Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ўз мамлакати ва минтақасидаги вазиятлар ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатишга қодир бўлган жаҳоннинг ўн нафар етакчиси рўйхатига киритдилар. Мазкур рўйхатдан муҳим аҳамиятга молик қарорлари билан мавжуд вазиятни ўзгартириб юборадиган, бу билан халқаро майдондаги вазиятга фаол таъсир кўрсатадиган ҳамда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг “ньюсмейкери” ҳисобланадиган етакчилар номлари жой олди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон раҳбари мамлакатни либераллаштириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини тартибга солиш, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган чуқур ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Янги раҳбарият томонидан мамлакатни амалда эркин бозор сари ҳаракатлантириш, ташқи савдо ҳамда валюта сиёсатини либераллаштиришга йўналтирилган ўта муҳим қарорлар қабул қилингани республиканинг хорижлик сармоядорлар учун жозибадорлигини оширди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг муҳим, эътиборга муносиб қадамларидан бири бошқа давлатлар, авваламбор, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни тубдан яхшилаш йўлини тутганида намоён бўлди”.
Бундай эътироф, табиийки, ҳар биримизнинг кўнглимизни кўтаради, фахр-ифтихор туйғуларимизни жўш урдиради.
Тўпламда мақолалар юз берган воқеа-ҳодисаларнинг кетма-кетлиги инобатга олинган ҳолда хронологик тарзда жойлаштирилган. Айни жиҳатдан китобни яхлит бир асар — янгиланишлар солномаси дейиш мумкин. Жумладан, “Умид эпкинлари” Ўзбекистондан эсмоқда. Хорижий оав, таниқли сиёсатшунослар, экспертлар Президентимиз ташаббусларини глобал миқёсдаги ижобий жараён сифатида кўрсатмоқда”, “Бугунги Ўзбекистон — илғор таклифлар, инновациялар ва замонавий ёндашувлар мамлакати”, “Бизни қандай келажак кутмоқда?”, “Жамиятнинг ҳар бир аъзосига дахлдор. Таълим соҳасидаги муаммолар ечими нимаси билан аҳамиятли?”, “Ҳаёт қўшиғи” ва бошқа мақолаларни мутолаа қилиб, ўқувчи давр нафасини, янги Ўзбекистоннинг уриб турган юрагини ҳис қилади.
Бугун дунёда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорликка қарши турли таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Турфа оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда ёлғон, уйдирма маълумотлар, эйфорияга берилган, асосан, хаёлий, утопик, баландпарвоз ваъда ва даъватларга тўла чақириқлар, хабарлар, сохта таҳлиллар, интервьюлар, суҳбатлар тинмай узатилиб турилибди. Мақсад — инсонлар онгу тафаккурини манипуляция қилиш, эртанги кунга ишончини паймол этиш, қалбини мағзи пуч, сохта, ҳатто вайронкор ғоялар билан заҳарлаш. Таассуфки, бу уринишлар не-не мутараққий давлатларда ҳам одамларни тўғри йўлдан чалғитиб, уларни турли тўс-тўполонлар исканжасига ирғитиб юбораётганига, жамиятда бунёдкорлик, яратувчанлик руҳини, азалий қадриятларни, умуминсоний тутумларни пароканда этаётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Қўлимиздаги китоб ана шундай таҳликали, мураккаб замонда халқимиз ҳаётида бурилиш ясаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти, ҳаётбахш аҳамияти, халқимиз ўзи белгилаб олган ёруғ йўлнинг парадигмаси, тадрижий жараёнларга доир умумий қонуниятлар ва ўзига хос миллий хусусиятларни оддий тилда, содда ва равон усул ҳамда услубларда баён қилиб бергани билан янада аҳамиятлидир.
Китобда келтирилган фикр ва қарашлар, ҳаётбахш ташаббуслар, истиқболдаги чора-тадбирлар юртдошларимизни бугунги кунда эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, порлоқ келажак томон янада дадил қадамлар ташлашга ундайди.
Атоқли австриялик ёзувчи Стефан Цвейг чинакам ижод манзарасини шундай тасвирлайди: “Китоб ёзишнинг сўз билан ифода қилиб бўлмайдиган баъзи бир жиҳатлари бор. Бу жараён оқибатида сенинг шахсиятинг томчилай-томчилай ўзгаларнинг қон томирига қуйилаётгандай бўлади”.
“Эзгу янгиланишлар мамлакати” китобини ўқиган китобхон умр бўйи сиёсат ичида юрган, турли масъул лавозимларда ишлаган, катта ҳаётий тажрибага эга муаллифнинг юрагидаги олов тафтини туяди. Ватанга меҳр-муҳаббат билан суғорилган қонни томирларига сингдириб олаётгандек сезади. Юксак марралар сари руҳланади, қанотланади.
Китоб сиёсатшунослар, социологлар, маърифат, маданият, маънавият аҳли, ушбу йўналишларда илмий иш қилаётган тадқиқотчилар, умуман, кенг ўқувчилар оммаси учун ҳам мўлжалланган. Унинг барча таълим муассасалари, хусусан, олий ўқув юртлари, ташкилот ва идоралар, ҳар бир хонадонга кириб бориши мақсадга мувофиқдир. Зотан, янги Ўзбекистонни барпо этишда, учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда, аввало, халқнинг куч-қудрати, ёш авлоднинг салоҳияти, шижоати ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Президентимиз таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.
Биз бу йўлда ислоҳотларимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятларини, бутун азму шижоатимизни ишга солишимиз зарур. Шундагина Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади.
Қаландар АБДУРАҲМОНОВ, академик