Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан ташкил этилган бугунги давра суҳбати айнан шу мавзуга бағишланди.
Офлайн ва онлайн тарзда ўтган очиқ мулоқотда депутатлар, сенаторлар, шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Илмий-эксперт кенгаши, «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» журнали таҳрир ҳайъати аъзолари, илмий ходимлар, хорижий мамлакатларда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган Ўзбекистон ёшлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Қайд этилганидек, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси лойиҳаси 7 та устувор йўналишдаги 94 та мақсадни қамраб олган. Унда президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида илгари сурган ташаббуслари, қатор концепция, дастур, стратегия ва қонун ҳужжатлари қабул қилиниши белгилаб қўйилган.
Давра суҳбатида Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг 7 та устувор йўналиши муҳокама этилди. Яъни, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш, умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш масалаларида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.
Эътироф этиш керак, Янги Ўзбекистон «Адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти» деган муҳим ғоя негизида барпо этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти белгилаб берган бу улуғвор мақсад асосида халқимиз янгидан-янги ислоҳотларнинг ҳақиқий муаллифига айланиб бормоқда.
– Мазкур ҳужжат лойиҳаси ижросида Янги Ўзбекистонни жаҳон майдонида кучли салоҳият ва муносиб обрў-эътиборга эга, ҳар томонлама обод ва фаровон, тинч ва осойишта мамлакатга айлантириш белгиланган, – дейди Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов.– Маълумки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси лойиҳаси regulation.gov.uz, 2022-2026.strategy.uz ва jamoatchilik.uz порталлари орқали кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилди.
Бугунги давра суҳбати эса Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг, асосан, илмий доира вакиллари ҳамда экспертлар иштирокида муҳокама қилиниши билан ҳам алоҳида аҳамиятлидир.
Тадбир давомида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимларининг Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси йўналишлари бўйича белгиланган мақсадлар таҳлилига бағишланган маърузалари тингланди.
Шунингдек, тадбир сўнгида экспертлар томонидан Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси лойиҳаси юзасидан мамлакатимиз ривожига хизмат қилувчи, илмий асослантирилган ва аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА