Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистоннинг проактив мудофаа сиёсати
14:34 / 2026-02-02

2026 йил 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаа сиёсатига нисбатан янгича, стратегик ёндашувни намоён этди. Йиғилишда билдирилган фикрлар ва белгиланган вазифалар бугунги кунда тинчлик давлат барқарорлиги ва тараққиётини таъминловчи энг муҳим стратегик ресурсга айланганини яна бир бор тасдиқлади.

Замонавий дунёда тинчликни сақлаш фақат ҳарбий қудрат ёки куч намойиши билан чекланмайди. Бу, аввало, олдиндан ўйланган, тизимли ва интеллектуал ёндашувни талаб этади. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев барча соҳалар ва тармоқлар хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтаришга қодир “проактив иш режими”га ўтиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бу эса миллий хавфсизлик сиёсатида сифат жиҳатидан янги босқич бошланганини англатади.

Глобал беқарорлик, тез ўзгарувчан таҳдидлар ва асимметрик хавфлар шароитида реактив ва проактив ёндашувлар ўртасидаги фарқ янада яққол намоён бўлмоқда. Реактив ёндашув таҳдид юзага келгандан сўнг ҳаракат қилишни, фавқулодда қарорлар қабул қилишни талаб этади. Бундай ҳолатда инсон омилига ортиқча босим юкланиб, хатолик эҳтимоли ошади, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий йўқотишлар кўпайиши мумкин. Энг муҳими, бундай ёндашув кўп ҳолларда оқибатлар билан курашишни англатиб, таҳдид манбаига тизимли ва чуқур ечим бериш имконини чеклаб қўяди.

Проактив ёндашув эса хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш, уларнинг эҳтимолий ривожланиш сценарийларини таҳлил қилиш, доимий мониторинг ва прогнозга таянишни назарда тутади. Бу ҳолда профилактика устувор аҳамият касб этиб, хавф ҳали юзага келмасидан олдин унинг таъсирини чеклаш имкони яратилади. Натижада давлат ва жамият тизимлари барқарор ишлайди, харажатлар оптималлашади, қарор қабул қилиш жараёни изчил ва самарали бўлади.

Йиғилишда таъкидланганидек, сўнгги йилларда замонавий урушлар табиати тубдан ўзгарди ва бу жараён глобал тенденцияга айланди. Энди ғалаба қарор қабул қилиш тезлиги, ахборот устунлиги ва технологик афзаллик билан белгиланмоқда. Рақамли бошқарув тизимлари, сунъий интеллектга асосланган таҳлил ва прогноз, кибер ва робот технологиялари, шунингдек, юқори аниқликдаги қурол-аслаҳа замонавий ҳарбий қудратнинг асосий мезонларига айланмоқда. Шу боис саккиз йил аввал қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда тасдиқланган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш зарурати очиқ ва қатъий тарзда қайд этилди.

Янгиланадиган доктрина Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик тамойилини қатъий сақлаган ҳолда ишлаб чиқилиши алоҳида таъкидланди. Бу ёндашув мамлакатнинг мустақил давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди, минтақада ишонч ва барқарорликни кучайтиради. Шу билан бирга, у мудофаа соҳасида ташқи қарамликка эмас, балки миллий илмий-техник салоҳият, инсон капитали ва ўз имкониятларига таянган барқарор ривожланиш моделини назарда тутади.

Проактив мудофаа сиёсатида инсон капитали ҳал қилувчи ўрин тутади. Чунки замонавий ҳарбий қудрат, аввало, инсон тафаккури, билими ва масъулияти билан ўлчанади. Шу боис муддатли ҳарбий хизматга ёшларни фақат ҳарбий тайёргарлик нуқтаи назаридан эмас, балки уларни мустақил ҳаётга, меҳнат бозорига ва фаол фуқаролик позициясига тайёрлайдиган муҳим босқич сифатида қараш вазифаси қўйилди.

Ҳарбий қисмлар ихтисосидан келиб чиққан ҳолда 3–6 ойлик касбга тайёрлаш дастурларини жорий этиш, малака имтиҳонлари ва сертификатлар бериш тизимини шакллантириш режалаштирилмоқда. Айниқса, ҳар йили минглаб аскарларни рақамли йўналишларда тайёрлаш ташаббуси армия билан иқтисодиёт ўртасидаги стратегик боғлиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ёндашув миллий хавфсизликни фақат қурол-аслаҳа билан эмас, балки билим, интеллект ва технология орқали таъминлаш мумкинлигини амалда кўрсатади.

Президентнинг байрам табригида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасига билдирилган юксак эҳтиром, уларни тарбиялаган ота-оналар ва оилаларига изҳор этилган миннатдорлик халқ ва армия ўртасидаги маънавий бирликни янада мустаҳкамлади. Бу “Халқ ва армия — бир тану бир жон” деган умуммиллий ғоянинг ҳаётий ифодасидир.

Шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар армияни фақат ҳарбий қудрат тимсоли эмас, балки ҳарбий хизматчининг оиласи, келажаги ва шаъни қадрланадиган ижтимоий институт сифатида шакллантиришга қаратилган.

Хулоса қилиб айтганда, проактив мудофаа сиёсати тинчликни сақлашга қаратилган миллий стратегиядир. У кучга эмас, ақл ва олдиндан тайёргарликка, тасодифга эмас, режа ва тизимга таянади. Халқ ва армия бирдамлиги таъминланган шароитда Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, барқарорлиги ва истиқболи ишончли қўлларда бўлади.

Олимжон Ўсаров,

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг

ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий 

ишлар ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси