French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистоннинг кадрлар тизими шакллантирилмоқда
11:22 / 2024-02-29

Энг муҳими, хато қилмаслик эди...

Аввалги даврларда раҳбар бўлиш, янги лавозимларга чиқиш ва унда узоқроқ ўтиришнинг энг муҳим шартларидан бири хато қилмаслик эди! Мансабга даъвогарларнинг қачонлардир йўл қўйган кичик хато ёки камчиликлари маълум бўлиши уларнинг йўлини тўсар, бу кадрларнинг ҳужжатлари ўша заҳоти номзодлар рўйхатидан олиб ташланар эди. Аввал ишлаган жойларида тузукроқ натижага эриша олмаган бўлса-да, лекин ҳужжатлари бўйича расман “тоза” одамлар эса юқорироқ раҳбарлик лавозимига ўтиб кетаверарди.

Чунки лавозимни эплай олмаган мансабдор шахсни шу ишга тавсия этган, ҳатто у ҳақида ижобий фикр билдирган ёки ҳужжатларни ўрганиш билан шуғулланган мутахассислар ҳам жазоланарди, яъни ишдан олинар ёки уларга нисбатан интизомий жазо қўлланиларди.

Бу сиёсатнинг энг ёмон оқибати эса ёшлар давлатни бошқарув тизимида ишлашга ҳаракат ҳам қилмай қўйгани бўлди!

Янги Ўзбекистонни барпо этиш бошланганда айнан ана шу ҳолат “кадрлар очлиги”ни келтириб чиқарди.

Таълим-тарбия ва кадрлар тайёрлаш тизимида инқилобий ўзгаришлар

Янги Ўзбекистонни барпо этиши лозим бўлган кадрларни тайёрлаш икки йўналишда олиб борилди. Биринчи йўналиш анъанавий усулни, яъни боғча, мактаб, олий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимларида таълим ва тарбияни тубдан қайта қуриш, уни замонавийлаштириш, боғча ва олий таълим билан қамраш даражасини кескин ошириш, мактаб ва олий таълимда ўқитилаётган фанларни амалиётга яқинлаштириш каби масалаларни ўз ичига олди.

Таълим-тарбия соҳасини тубдан ўзгартириш боғча билан таъминлаш даражасини кескин оширишдан бошланди. Зеро, 2016 йилда боғча билан қамров ўта паст, яъни 23,8 фоиз бўлиб, болани боғчага жойлаш ўта мураккаб муаммога айланганди. Чунки ҳар 100 та чақалоқдан фақатгина 24 тасигина боғчага бориш имкониятига эга эди. 

2016 йилдан бошлаб бу соҳага жуда катта эътибор қаратилди. Боғча қураётган тадбиркорлар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланди, жумладан, уларга ер ажратиш ва кредит беришда катта имтиёзлар берилди. Давлат, хусусий ва давлат-хусусий шерикчилиги асосида минглаб мактабгача таълим муассасалари барпо этилди. Натижада 2016 – 2023 йилларда фарзандларимизни боғча билан қамраб олиш даражаси 3,1 бараварга оширилиб, 74 фоизга, 6 ёшли болаларнинг мактабга тайёрлов қамрови эса 93 фоизга етказилди.

Бугунги кунда таълим тизимида ҳам кескин ўзгаришлар бошланди. Жумладан, “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастури ишга туширилди, яъни ҳар йили энг камида 500 минг ўқувчи ўрни яратиш талаби қўйилди. 200 га яқин Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ҳамда юзлаб хусусий мактаблар ташкил қилинди. Энг муҳими эса, таълим тизимига замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келди.

Яқин ўтмишда олий ўқув юртига ўқишга кириш ҳам ўта мураккаб муаммога айланган эди, бу асосан амалдор ва пулдорларнинг қўлидан келадиган иш эди. Камбағалнинг боласи институтда ўқишни ҳавас ҳам қилмай қўйганди. Негаки, олий таълим билан таъминлаш даражаси ўта пасайиб кетганди. 

Бу соҳада ҳам кескин сакраш амалга оширилди. Қабул квоталари 2016 йилги 9 фоиздан 42 фоизга ёки талабалар сони 314,5 минг нафардан 1200,0 минг нафарга, ОТМлар сони эса 77 тадан 212 тага етказилди. 30 та нуфузли хорижий университетлар ва уларнинг филиаллари очилди. Узоқ туманларда ҳам институтлар ташкил этилди. Битирувчиларнинг 50-60 фоизига олий ўқув юртига кириш имконияти яратиляпти.

Давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, унинг самарадорлигини ошириш, давлат хизматига ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини яратиш, мамлакатда давлат органлари ва ташкилотларининг давлат кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. 

Айни пайтда раҳбарлар фаолияти самарасини ошириш борасида ҳам туб ўзгаришлар амалга ошириляпти. Давлат хизматида 40 ёшгача бўлган ходимлар улуши олдинги 37 фоиздан 61 фоизга кўтарилди.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси тайёрланди ва у 2022 йил 10 ноябрдан кучга кирди. Унга мувофиқ давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизимини яратиш ва ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизими жорий қилина бошланди. 

Хориждан ишга қайтган ватандошларимиз замонавий кадрлар командасини тўлдиришди

Хорижий давлатларда ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимиз билан яқин ўтмишда ҳеч ким шуғулланмасди. Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга давлат ташрифи чоғида у ердаги ватандошларимиз билан учрашиши ва уларни ўша жойдаги шарт-шароитларни сақлаган ҳолда ватанимизга ишга таклиф этиши бу масалада туб бурилиш юз берганини, яъни бу масала бўйича Ўзбекистон сиёсатининг бутунлай ўзгарганлигини намоён этди.

Нуфузли хорижий университетларни битирган, ҳақиқий бозор иқтисодиёти шароитида ишлаган, уни ўз ҳаётида кўрган юртдошларимизни мамлакатимизга ишга жалб қилишнинг аҳамияти жуда катта бўлди. Уларнинг кўпчилиги фаолиятларида жиддий ютуқларга эришган шахслар эди. 

Хориждан ватандошларимизнинг юртимизга қайтиб келиши ўз самарасини беряпти. Уларнинг ичидан вазирлар, нуфузли ташкилот ва идораларнинг раҳбарлари ўсиб чиқди, улар қатор соҳа ва тармоқларда аллақачон карвонбошиликни ўз қўлларига олишди.

Раҳбарларни тарбиялаш мактаби

Ўзбекистон Президенти бўлажак раҳбарларни тайёрлаш ва тарбиялаш амалиётига жуда катта янгиликлар олиб кирди. Яъни, у давлат ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ташкил этиш ва бошқариш жараёнида бугун жаҳонда янги ҳодиса сифатида эътироф этилаётган 2 та усулни кашф этди. 

Бу усуллардан биринчисининг моҳияти шундаки, муайян бир вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларини бошқариш бўйича тегишли фармону-қарорлар, лойиҳалар Тошкентда, кабинетларда эмас, ҳудудларнинг ўзида марказий идоралар, маҳаллий ташкилотлар вакиллари ва тадбиркорлар билан биргаликда ишлаб чиқилади. Бунда ташрифга тайёргарлик ва уни ўтказиш мобайнида мутасадди ташкилотлар томонидан юзлаб лойиҳалар тайёрланади ва улар ичидан энг самаралилари танлаб олинади. Таҳлиллар кўрсатяптики, мазкур лойиҳаларни бажариш ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига катта туртки беряпти ва аҳоли турмуш даражасини сезиларли равишда оширишга хизмат қиляпти.

Иккинчи усул мамлакатни бошқаришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва тегишли қарорлар қабул қилишда видеоселектор йиғилишлардан моҳирона фойдаланиш билан боғлиқ. Жаҳоннинг аксарият давлатларида мамлакат президенти бирор масаланинг муҳокамаси ва уни ҳал этиш чора-тадбирларини муаммога дахлдор 10-15 та вазирлик ва ташкилот раҳбарлари иштирокида тор доирада ҳал этиши одат тусига кирган. 

Лекин Ўзбекистон раҳбари бу масалага ҳам жуда катта аҳамиятга эга бўлган янгилик олиб кирди. Яъни вилоятларга ташрифларга ўхшаб видеоселектор йиғилишларида ҳам муҳокама қилинаётган масаланинг барча жиҳатларини қамраб оладиган вазирлик, идора, вилоят, шаҳар, туман ташкилотлари раҳбарлари ва етакчи мутахассисларининг қатнашиши бўлажак раҳбарларни тайёрлашга катта ёрдам бермоқда. Чунки фақат марказий идоралар раҳбарлари билан ўтказиладиган йиғилишларда қабул қилинадиган қарор ва чора-тадбирлар масалани тўла очиб бериши қийин. Қолаверса, бу йиғилишда қатнашган раҳбарлар кейин ўз идораларида мазкур масала бўйича қабул қилинган қарор ва чора-тадбирларни бажариш бўйича мажлис ўтказишлари керак бўлади. Ана шундай мажлислар вилоятлар, шаҳарлар ва туманларнинг бу масалага алоқадор ташкилотлари раҳбарлари билан ҳам ташкил этилиши лозим.

 Тўғри, тан олиш керакки, ривожланган давлатларда ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг ўзини ўзи бошқарадиган тизими яратилган ва биз ҳам яқин келгусида шу йўлга ўтишимиз маълум. Бугун эса мазкур ташрифлар ва видеоселектор йиғилишларида Президентимиз раҳбарларни тарбиялаш, онгини ўзгартириш, уларни халққа яқинлаштириш орқали ана шундай тизим яратишга тайёрламоқда.

Олдинда янада улкан режалар 

Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратиш борасида катта ютуқларга эришдик. Лекин, тан олиш керакки, бу борада қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, халқ турмуш даражасини ошириш, камбағалликни камайтириш, янги иш ўринлари яратиш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш борасида Тараққиёт стратегиясида улкан чоралар белгиланган. Ҳеч шубҳасиз, улар ҳам муваффақиятли амалга оширилади.

Чунки Президент Шавкат Мирзиёев ва у тарбиялаган Янги Ўзбекистон кадрлари юрти, халқи ҳаёти яхши бўлиши учун жон куйдириб ишлаётганини ва бу сайъи-ҳаракатлар ижобий натижалар бераётганини ҳаётимизда кўриб турибмиз. Фаровонлик тобора ортиб боряпти. Халқимиз ҳаёти янада яхши бўлиши учун қурилаётган юзлаб завод-фабрикалар бунёд этилмоқда.

Зеро, Янги Ўзбекистонда халқни рози қилиш - барча раҳбарларнинг энг устувор вазифаси, халқнинг ишончини, меҳрини қозониш эса инсон учун энг олий саодат ҳисобланади. Лекин янги давлатни қуриш фақат раҳбарларнинг эмас, барчамизнинг ишимизга айланмоғи лозим. Бу улуғ мақсадга эришиш учун ҳамманинг биргаликда ҳаракат қилишимиз тақозо этилади. Президентимиз таъбири билан айтганда, “бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, Янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз”, Учинчи Ренессанс асосларини яратиб, миллий юксалишга эришамиз, баркамол ва фаровон жамият барпо эта оламиз!

 

Одил Олимжонов, 

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор