Янгиланган Конституцияда ижтимоий давлат принципи мустаҳкамланди. Буни амалда таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қилинмоқда.
2024 йил 19 мартда кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун бунинг яққол тасдиғидир.
– Юртимизда кексаларни ва меҳнатга лаёқатсиз шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, – дейди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов. – Пенсия тайинлаш тартиб-таомиллари соддалаштирилиб, рақамлаштирилиб, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилаётир. Пенсия таъминоти тизимида давлат хизматлари кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди. Шунингдек, кексаларни ва имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишни ижтимоий адолат принципларидан келиб чиққан ҳолда янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Фуқароларга пенсия тайинлашда инсон омилини камайтириш, кексаларга, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида қонунчилик «Инсон қадри учун» принципи асосида қайта кўриб чиқилди. Натижада «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Қонун билан «Ижара тўғрисида»ги қонун «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунга мослаштирилди. Эндиликда ижарачи ногирон бўлиб қолганда шартноманинг амал қилиши тўхтатилиши бекор қилинди.
Чунки «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциянинг 2-моддасига кўра, мақсади ёки натижаси сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаро ёки ҳар қандай бошқа соҳада бошқалар билан тенг ҳолда инсоннинг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг эътироф этилиши ёки амалга оширилишини камситадиган ёки рад этадиган ҳар қандай тафовут, истисно ёки чеклаш «ногиронлик белгиси бўйича камситиш»ни англатади.
Мазкур конвенциянинг 4-моддасига мувофиқ, иштирок этувчи давлатлар барча ногиронлар томонидан ногиронлик белгиси бўйича ҳеч қандай камситишсиз инсоннинг барча ҳуқуқларини амалга ошириш ва асосий эркинликларини тўла таъминлаш ва рағбатлантириш, ногиронларга нисбатан камситиш хусусиятига эга мавжуд қонунлар, қарорлар, урф-одатларни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун барча зарур чораларни, шу жумладан, қонунчилик чораларини кўриш мажбуриятини олади.
Бундан ташқари, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунда пенционерга ҳисобланган, лекин у талаб қилиб олмаган пенсия суммасини тўлаш муддати ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача узайтирилди.
Эндиликда фуқаролар пенсия масаласида давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши мумкин. Бу давлат хизмати кўрсатиш сифатини янги босқичларга олиб чиқиш ҳамда давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини кенгайтиради.
Аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиши уларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олади.
Қонун билан пенсиянинг энг кам миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслиги белгиланди. Эндиликда пенсиялар миқдорлари йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб борилади.
Шунингдек, маҳкумларнинг озодликдан маҳрум қилинган даврда амалга оширган фаолияти даврини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида ҳисобга олиш қонунчиликка киритилди.
Шу билан бирга, «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга фуқарода давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келганлиги тўғрисида Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган маълумотлар фуқаронинг пенсия тўловларини олиши учун асос бўлишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Мазкур ўзгартиришлар тизимга электрон ахборот технологияларини жорий этиш орқали пенсия тайинланган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларга жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларида йиғилган маблағларини олишда қўшимча қулайликлар яратади. Бу билан қоғоз шаклидаги ҳужжатлар алмашинуви билан боғлиқ оворагарчиликлар бартараф этилади.
Хулоса қилиб айтганда, қонун жамиятда ижтимоий ҳимоя тизими янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА