Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи
20:38 / 2023-05-15

Оила – муқаддас даргоҳ. Оила жамиятнинг асосий бўғини, Ватан ичра кичик бир ватандир. Оила тинч ва фаровон бўлса, жамият ривожланади. Фаровон оилада эса фарзандлар ҳар томонлама соғлом, етук ва баркамол бўлиб камол топади, бахтли ҳаёт кечиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги ялпи йиғилишида 1994 йилдан бошлаб 15 май – Халқаро оила куни деб белгиланган. БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси билан эълон қилинган мазкур сана мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳар йили нишонланади. Ушбу резолюциядан асосий мақсад дунё жамоатчилигини оиладаги муаммоларни бартараф этиш ва оила қадриятларини мустаҳкамлашга қаратишдир.

Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида Халкаро оила кунига бағишланган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” Республика кўрик-танловининг шаҳар босқичи ўтказилди. Унда танловнинг саралаш босқичларида мавжуд 62 та маҳалла орасидан сараланган 8 нафар оила иштирок этди.  

Наманган шаҳар ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Дилором Абдураҳимова юртимизда оилавий ва миллий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни ақлан етук ва баркамол этиб тарбиялаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараларига тўхталди.  

Таъкидланганидек, маҳаллаларда, тўй ва маросимларда мулоқотларнинг бош мавзуси барчамиз учун долзарб масала - фарзанд тарбиясига қаратилмоғи зарур, бунга ёшу қари бирдек дахлдордир. Қолаверса, оилаларнинг аҳиллиги ва мустаҳкамлигига ҳам бирдек эътибор қаратиш, айниқса ёш оилалар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган “қўйди-чиқди”ларни асло назардан қочирмаслик керак. Бунда энг аввало, ёшлар онгига оиланинг муқаддаслиги, шукроналик, ватанпарварлик руҳини сингдириш, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, олижаноблик, меҳру оқибат сингари фазилатларни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган бир қатор оилаларнинг ибратли йўли тадбир жараёнида алоҳида намуна сифатида кўрсатилди.  

Ана шундай оила соҳибларидан бири – Акрамжон Отахановлар оиласи “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” Республика кўрик-танловининг шаҳар босқичи ғолиби деб топилди. Танловнинг ғолиблари ва фаол иштирокчилари Наманган шахар хокимлиги томонидан муносиб  рағбатлантирилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА