French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари
18:45 / 2023-06-02

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур хиёбонида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан 1июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” шиори остида фестиваль бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятнинг барча туман, шаҳарларидан 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 800 нафардан зиёд “Баркамол авлод” болалар мактаблари тўгарак аъзолари иштирок этди. Фестивалда ўқувчиларни энг сара ижодий ишлари сотуви йўлга қўйилди ва кўргазмалари намойиш этилди.  

Фестиваль Шаҳрисабз шаҳар маданият маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Ўқувчи ёшлар ўзлари тайёрлаган жозибали куй-қўшиқлари билан фаол иштирок этди.

– “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” номли фестиваль бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда, – дейди вилоят “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Зафар Қобилов. – Унинг асосий сабаби 1июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Вилоятимизнинг барча туман шаҳарларидаги “Баркамол авлод” болалар мактабларида мана шу фестиваль давом этяпти. Бу фестивални ўтказишимиздан мақсад ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, “Баркамол авлод” бренди тарғибот ишларини ташкил этиш. Фестивалда нафақат ўқувчилар балки уларнинг ота-оналари ҳам  қатнашяпти.  

Маданият ва санъат, техника, конструкторлик ва моделлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт, ҳунармандчилик ва қўл меҳнати, туризм ва экология, олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов, хорижий тиллар йўналишларини ўз ичига қамраб олган фестиваль барчада катта таассурот қолдирди.  

[gallery-12195]

– Икки нафар эгизак қизларим Фотима ва Зуҳра Шаҳрисабз шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактабида ташкил қилинган шахмат-шашка тўгарагига қатнашади, – дейди шаҳрисабзлик Навбаҳор Зиёдуллаева. – Тўгаракка қатнай бошлагандан буён туман-шаҳар миқёсидаги мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Ота-она сифатида фарзандларимизнинг ютуқларидан жуда фахрланамиз. Мана бугунги фестивалда ҳам улар иштирок этяпти.  

Эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари иштирокида концерт дастури, “Қайноқ лазер шоу” дастурлари, мусиқали фаввора, ҳаво шарида ўтказилган саёҳат иштирокчиларга экстремал завқ улашди.  

Маълумот ўрнида “Баркамол авлод” болалар мактаблари вилоятнинг 17 шаҳар ва туманларида ташкил этилган.  

Ўлмас Баротов, 
Жамшид Норқобилов (сурат), 
ЎзА.