Ўзбекистон 2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари шарофати билан кенг кўламли асосий туб ўзгаришлар йўлини босиб ўтди. Мамлакат ичида бўлганидай, хорижда ҳам бугунги Ўзбекистон ва олти йил аввалги Ўзбекистон – бу ўзининг сифат кўрсаткичлари бўйича иккита буткул турлича ҳодиса эканлиги борасида экспертлар фикрларида ҳамжиҳатлик бор.
Ўзбекистон 2022 йили нафақат замонавий жаҳон тенденциялари ютуқларини қабул қиладиган ва мослаштирадиган, балки ўзи ҳам камида минтақавий кун тартибини шакллантирганча юзага чиқадиган ҳаракатчан, янгиликларга очиқ ҳамда дунё ҳамжамиятининг доимий равишда ривожланиб борувчи аъзосини ўзида акс эттирмоқда. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт фалсафасини бирмунча ёрқин намоён қиладиган тўртта йўналишни ажратиб кўрсатиш мумкин.
Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши
Ислоҳотларнинг эътироф этилган дастлабки ютуғи – Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларнинг шиддат билан юксалиши бўлди. Мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги қўшнилари билан муносабатларида янги давр бошланди ва бу шунчалар қисқа муддатларда амалга ошдики, дипломатия санъати дарсликларига киритиш ҳам мумкин.
Даставвал Тожикистон билан муносабатлардаги силжишни таъкидлаш керак. Расмий даражада бу “Стратегик шериклик тўғрисида”ги шартномани имзолаш билан мустаҳкамланди. Энг муҳими, сиёсий силжиш оддий одамларга ижобий таъсир кўрсатди, чунки фуқароларнинг сафари ва инсонпарварлик алоқаларини енгиллаштирувчи визасиз тартиб киритилди. Ўзбек-тожик черагаларини аниқ белгилаш ва делимитациялаш, шунингдек, сувдан фойдаланиш масалалари бўйича конструктив мулоқотда сезиларли ўзгаришларга эришилди.
Ўз навбатида, Қирғизистон билан Стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Декларация имзоланди. Томонлар чегараларни белгилаш ва Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон йўналиши бўйича транзит автомобиль ва мультимодал юк ташишни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштирдилар. Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўллари қурилиши лойиҳаси бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Уларнинг амалга оширилиши транзит юк ташишнинг кескин ўсишига олиб келади. Сувдан фойдаланиш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик ривожланмоқда. Бунга Қирғизистон Республикаси Жалолобод туманида Ўртатўқай (Косонсой) сув омборидан давлатлараро фойдаланиш тўғрисида тузилган Битим мисол бўлиб хизмат қилади.
2016—2022 йилларда Қозоғистон билан муносабатларда қардошлик ва аҳил қўшничилик алоқалари тубдан янги босқичга кўтарилиб, янада мустаҳкамланди. 2021 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Декларация имзоланган эди. Мазкур ҳужжатда томонларнинг Олий Давлатлараро Кенгаш, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлари Кенгашини таъсис этиш нияти ифодаланган.
Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил апрель ойида Ашхободга ва Туркманистоннинг янги Президенти Сардор Бердимухамедовнинг 2022 йил июль ойида Тошкентга ташрифи давомида эришилган келишувлар дўстлик, аҳил қўшничилик ва стратегик шерикчилик муносабатларини ҳам янада ривожлантирди.
Ўзбекистон сиёсатининг янги Марказий Осиё вектори ҳақида гапирганда уларнинг сифати жиҳатидан яхшиланишининг бир қанча индикаторларини таъкидлаш мумкин. Марказий Осиё мамлакатлари Ўзбекистонга сайёҳлик мақсади билан ташриф буюрувчи фуқаролар орасида изчил биринчиликни эгаллайдилар. Демак, агар шу йилнинг май ойида Ўзбекистонга 503,6 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, шундан қарийб 170 минг нафари Қозоғистон, 141,3 минг нафари – Қирғизистон ва 16 минг нафари – Тожикистон фуқароларидир. Буларнинг барчасини қўшганда 427 минг нафардан ортиқни ташкил этади.
Ўзаро савдо-сотиқнинг ўсиши асосий индикаторлардан бири бўлиб хизмат қилди. Пандемияга қадар 2017-2019 йилларда Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан ташқи савдо айланмаси 2,05 дан 3,367 миллиард долларга қадар, Қирғизистон билан – 0,25 дан 0,829 миллиард долларга қадар, Тожикистон билан – 0,237 дан 0,497 миллиард долларгача ва Туркманистон билан – 0,177 дан 0,541 миллиард долларга қадар ошди.
Жами товар айирбошлаш ҳажми 5,234 миллиард долларни ташкил этди. Бу Марказий Осиёни ўша пайтда Ўзбекистоннинг етакчи ташқи савдо шериклари орасида Хитой ва Россиядан кейин учинчи ўринга олиб чиқди. Охирги йилларда яратилган ижобий асосни эътиборга олган ҳолда яқин келажакда Марказий Осиё ўзбек ташқи иқтисодий сиёсатининг энг йирик экспорт-импорт йўналишига айланишини башорат қилиш мумкин.
Минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишини минтақа давлатлари ўртасида ишончнинг ортиб бориши кўрсаткичи деб ҳисоблаш мумкин. Буни 2021 йилда Тожикистон ва Қозоғистон билан ўтказилган ҳарбий машғулотлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг БМТ, МДҲ ва ШҲТ каби халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги тасдиқлаб турипти.
БМТ Бош Ассамблеясининг бир овоздан маъқулланган Оролбўйи минтақасини “экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” деб эълон қилган резолюцияси бунга ибратли мисол бўла олади. Резолюция ташаббуси Ўзбекистонга тегишли бўлиб, Қозоғистон, Тожикистон ва Турманистонни киритган ҳолда 50 та давлат унинг ҳаммуаллифи сифатида чиқдилар.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақаларни бирлаштириш даражасини кескин ошириш имконини берган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси – шубҳасиз, унинг бу йўлдаги мақтовга сазовор хизмати бўлди. Бундай учрашувларнинг тўрттаси – 2018 йили Нур-Султонда, 2019 йили – Тошкентда, 2021 йили – Туркманбошида ва 2022 йили – Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида бўлиб ўтди. Бу учрашувларнинг барчасида Марказий Осиё учун долзарб бўлган сув ресурслари, иқлим ўзгаришлари, транспорт коммуникацияси, камбағаллик билан курашиш, хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликка устунлик берувчи масалалар ва муаммолар муҳокама қилинади.
Инсон капиталига инвестициялар – Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни шакллантириш учун асос сифатида
Ислоҳотларнинг инсон тафаккурини ўзгартиришга йўналтирилганлиги уларнинг муҳим таркибий қисми сифатида юзага чиқади, чунки айнан улар янги Ўзбекистонни яратувчилардир. Инсоний капитал сифати – ҳар қандай модернизаия ва иқтисодий муваффақиятнинг энг муҳим пойдеворидир. Бироқ бунинг ортида қуруқ формулалар ва мулоҳазалар эмас, балки, аввало, асосида ҳаракатлар стратегияси қуриладиган ғоялар туради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Учинчи Ренессанс” ғояси шундай ғоя бўлади.
Унинг моҳияти шундан иборатки, у, бир томондан, қачонлардир замонавий Ўзбекистон ҳудуди ўз билимларини бошқа цивилизация ва халқларга берадиган жаҳон илмий, маданий ва маънавий тараққиёт маркази бўлганлиги тўғрисидаги хотира яшайдиган ўтмишга, маънавий-тарихий илдизларга, миллий ўз-ўзини англаш ва маданиятнинг чуқур қатламларига мурожаат қилади. Бундай интеллектуал гуллаб-яшнаш даврлари Биринчи “маърифат” Ренессанси (IX-XII асрлар) ва Иккинчи “темурийлар” Ренессанси (XIV-XV асрлар) бўлган. Бошқа томондан, Учинчи Ренессанс ғояси ҳозир ва келажакка қаратилган. Дунёда халқлар иқтисодиёти ва фаровонлигини, уларнинг XXI асрдаги рақобатбардошлилигини белгилаб берадиган ахборот-коммуникация соҳасидаги илғор билимлари асосида янги илмий-техник инқилоб бормоқда. Ўзбекистон учун бу чорлов ва айни вақтда глобал тараққиёт авангардига киришнинг тарихий имкониятидир, бироқ унинг буни қилишини асосларидан бири таълим тизими бўлиши зарур бўлган тикланишнинг учинчи даври доирасидагина мумкин бўлади.
Модомики, узоқ муддатли мақсад аниқ бўларкан, унда таълим ислоҳоти унга мувофиқ равишда тизимли характер касб этди. Биринчи навбатда, мактабгача таълимга юқори эътибор ажратила бошланди, чунки айнан болалик даврида тафаккур, билимга муҳаббат, маънавий ва эстетик тасаввурларга муҳим асос жойланади. Бу мақсадларга эришиш учун 2017 йили Мактабгача таълим вазирлиги бунёд этилди ва 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Қабул қилинган қарорлар натижасида 2020 йилга келиб болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш 2015 йил кўрсаткичларига солиштирганда бир неча баробарга ортди. Масалан, Қашқадарё вилоятида – 3,4 баробарга, Жиззахда – 4 маротаба, Наманганда– 3 маротаба, Самарқандда – 3,1 баробарга ва Тошкент вилоятида – 1,6 баробарга ўсди. Бу бешта вилоятда республикадаги 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган умумий болалар сонидан 43,9фоиз болалар истиқомат қиладилар.
Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг 2020 йил декабридаги Олий Мажлисга мурожаатида 2023 йил якунига қадар мактабгача таълимга қамровни 75 фоизгача ошириш мақсадини қўйди.Бюджетдан ажратилган 600 млрд сўм субсидияга 2 мингта нодавлат болалар боғчалари ташкил этилиши зарур. Бу соҳада хусусий сектор улуши ҳам 25 фоизгача ўсиши даркор. Бунда жисмоний имконияти чекланган болалар учун мактаб ва мактабгача таълимга бепул тайёргарлик тизимига алоҳида эътибор қаратилади.
Параллел равишда мактаб таълими сифатини ошириш бўйича кейинги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2022 йилдан бошлаб методологик, институционал, инфратузилмавий характердаги бир неча йўналишларини ўз ичига оладиган мактаб таълими тизимини ислоҳ қилишнинг янги босқичига старт берилди. Биринчидан, бу янги методикалар асосида ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва уларни мамлакат минтақалари ҳамда ҳар бир тумандаги мактабларнинг 20 фоизига татбиқ этиш дастуридир. Молиялаш ҳажми 100 млн доллар қилиб белгиланган. Шунингдек, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мақомини ошириш ва уларнинг даромадларини кўтариш юзасидан чора-тадбирлар ҳам кўрилади. Ислоҳотлар мактаб директорларига дахл қилади – янги ўқув йилидан бошлаб уларни сертификатлаш тизими киритилади, шу асосдабу лавозимга номзодлар сараланади.
Иккинчидан, тўлиб кетган мактаблар, шунингдек, мактабларни таъминлаш ва уларни замонавий компьютер асбоб-ускуналари ва юқори тезликдаги Интернет билан жиҳозлаш муаммолари ҳал қилинади. Учинчидан, замонавий давр талабларини инобатга олган ҳолда 193 та таълим муассасалари негизида табиий ва аниқ фанлар йўналиши бўлган мактабларни ташкил этиш режалаштирилган. Тўртинчидан, мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилашнинг янги концепцияси ишлаб чиқилади.
Мамлакатимиз пойтахти ва ҳудудларида интеллектуал қобилиятларни максимал даражада очиб бериш мақсадида ёш истеъдодларни аниқлаш, уларни кўп тармоқли илғор таълим муҳитига интеграциялашга ихтисослашган Президент мактабларининг пайдо бўлаётганлиги алоҳида эътиборга молик. Бундан ташқари, охирги йилларда Ўзбекистонда нодавлат мактаб муассасаларининг ривожланган тармоғи пайдо бўлди.
Ёш авлоднинг олий махсус таълим олишга ўсиб бораётган истаги фонида олий таълим тизими жиддий ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. 2020 йилда Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш учун ариза беришнинг энг юқори кўрсаткичи – деярли 1,5 млн. абитуриент қайд қилинди. 2022-2023 ўқув йилига давлат буюртмаси бакалавриат учун – 110,707 нафар талабани, магистратура учун – 10,688 минг талабани ташкил этди.
Ҳукумат тегишли таълим инфратузилмасини яратади ва таълим бозорини иқтисодий ўсишнинг ҳайдовчисига айлантиришга ҳамда илмий ва кадрларга оид базани мустаҳкамлашга кўмаклашади. 2022 йил ҳолатига кўра Ўзбекистонда 162 та олий ўқув юрти фаолият юритади. Бунда 25 та олий ўқув юрти нодавлат университети, хорижий университетлар ва филиаллар миқдори эса 30 тага етди. Жорий йилда бир неча университетлар янгидан очилди ёки қайта ташкил этилди. Масофавий таълим тизимининг жорий этилганлигини таъкидлаш мумкин. «IT-ParkUniversity»онлайн-университетининг очилишини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Умуман олганда, олий таълим билан қамраб олиш 28 фоиздан 38фоизгача ўсди.
Олий таълим тизимида барча учун тенг ва сифатли таълимни тақдим этиш, шунингдек, гендер тенглик таомиллари фаол татбиқ этилмоқда, олий таълим муассасаларига киришда кам таъминланган оилалардан бўлган қизлар учун грантлар миқдори икки баробарга оширилди. Бундан ташқари, давлат университетларига академик ва бошқарувда мустақилликни тақдим этиш соҳасидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирча 35 та университет академик ва молиявий мустақилликни олдилар, бироқ бу рўйхатни кенгайтириш режалаштирилган.
Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат
Ислоҳотларнинг фарқли томони уларнинг яққол ифодаланган ижтимоий йўналганлиги, инсонга, унинг эҳтиёжларига яқинроқ бўлишга интилиши, ислоҳотлар натижасида одамларнинг тез ўзгариб бораётган ижтимоий-иқтисодий шароитларга мослашишига кўмаклашиш, ижтимоий-иқтисодий шароитлар ва самарали ижтимоий ҳимоя тизимини яратишдан иборат.
Айнан Президент Шавкат Мирзиёев шарофати билан ўтган йилларда табу қўйилган (тақиқланган) камбағаллик муаммоси жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилди ва кўп ҳолларда мамлакатнинг ижтимоий сиёсати стратегиясини белгилай бошлади. У илк бор бу мавзуга ўзининг 2020 йил 24 январида Парламентга мурожаатида тўхталиб, аҳолининг кам таъминланган қатлами умумий аҳоли миқдорининг 12-15 фоизини ёки 4-5 млн кишини ташкил этишини таъкидлади.
Айнан шу лаҳзадан бошлаб камбағалликни қисқартириш муаммосини ҳал қилишга мажмуавий ёндашувларни ишлаб чиқиш бошланди. Даставвал, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида молиявий-иқтисодий масалалар ва камбағалликни қисқартириш бўйича бош вазир ўринбосари лавозими пайдо бўлди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси мамлакатда камбағаллик чегарасини аниқлашда кўрсаткич ва тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мўлжал олиш ролини ўйнайдиган уй хўжаликларини ўрганиш натижалари бўйича аҳолининг энг кам истеъмол харажатлари (ИҲЭКМ, инсоннинг озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларига, шунингдек, хизматларга кундалик эҳтиёжи) ни ҳисоблашни бошлади. Бундан ташқари, Бутунжаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури экспертлари билан ҳамкорликда ўрта ва узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартириш мақсадларини аниқлаш учун “2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш стратегияси”нинг лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 27 февралдаги видеоселектор йиғилишидаги чиқишидан қуйидаги жумла камбағаллик билан курашишга мажмуавий ёндашув моҳиятини яққол тасвирлайди:“Камбағалликни қисқартириш иш ҳақи ёки нафақалар миқдорини ошириш, оммавий кредитлар беришни англатмайди. Аввало, аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш, молиявий саводхонлигини ошириш, аҳолини тадбиркорлик билан шуғулланишга ундаш, инфратузилмани, таълим ва даволаш сифатини яхшилаш, манзилли кўмак бериш тизимини жорий этиш зарур”.
Камбағалликни қисқартириш муаммосини айнан шундай тушуниш бугунги кунда янги иш ўринларини яратиш, ходимлар малакасини ошириш, ўзининг кичик ёки оилавий тадбиркорлигини бошлаш истагини маълум қилган одамларни касбга ўргатиш ва қўллаб-қувватлашга эътибор қаратадиганМаҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, ҳокимиятлар юритадиган фаолияти бўйича қабул қилинадиган чора-тадбирлар мантиғини белгилайди.
Мажмуавий ёндашув аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини манзилли қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олади. “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларини яратиш, ягона ижтимоий реестр орқали муҳтожларга ёрдам кўрсатиш каби ташаббусларни алоҳида таъкидлаш керак. Кўрилган чора-тадбирлар шарофати билан ижтимоий пенсия ва нафақа олувчи оилалар миқдори икки баробарга ошди.
Ижтимоий давлатни одамлар учун қулай яшаш муҳитини, ривожланган маҳаллий инфратузилмаларни яратмай вафуқароларни арзон уй-жой билан таъминламай туриб, тасаввур қилиб бўлмайди. Охирги йилларда Ўзбекистонда бу йўналишларда жуда кўп ишлар қилинди. “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Ўзбекистон Президенти бу дастурларнинг ижтимоий мезони тўғрисида шундай дейди: “Агар маҳалла обод қилинса, бутун мамлакат обод бўлади. Агар маҳалла ўзгарса, бутун жамият ўзгаради”.
Шунингдек, ислоҳотларни амалга ошириш давомида кам таъминланган фуқароларни турар-жой билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда, бу эса ижтимоий тенгсизлик муаммоларини ҳал қилиш билан боғлиқ вазиятга ижобий таъсир кўрсатади. Арзон уй-жой дастури доирасида нафақат шаҳар ва қишлоқ жойларида фаол янги уйлар қурилмоқда, балки Президентнинг “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида имтиёзли ипотека кредитлари ҳам тақдим этилмоқда. Шунингдек, 2021 йил 1 мартидан бошлаб Ўзбекистонда кам таъминланган ва турар-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар учун субсидия бериш бўйича хизматлар иш бошлади.
Инсон ҳуқуқлари – давлат ислоҳотларининг сиёсий вектори сифатида
Муваффақиятли мамлакатлар кўрсатганидек, замонавийлашиш, ижтимоий-иқтисодий ва илмий силжишни мақсад қилган жамиятни ислоҳ қилиш уни либераллаштириш ва фуқаролик қадриятлари, инсон ҳуқуқлари ва либерал эркинликларнинг ҳақиқий ташувчиси бўлган масъулиятли фуқарони шакллантирмай туриб, тасаввур қилиш мураккаб. Шу муносабат билан Ўзбекистон ислоҳотларида аввал бошиданоқ жамият ҳаётининг барча жабҳаларини либераллаштиришга катта эътибор қаратилганлиги қонунийдир.
Биринчи навбатда, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилди, бу “ҳокимият масофаси” деб аталадиган масофани қисқартириш йўналишини англатади ва бу ислоҳотларни умумхалқ томонидан қўллаб-қувватлаш, фуқароларни муҳокама жараёнлари, ғоялар ва таклифларни юзага келтириш, қарор қабул қилишга бевосита таъсир кўрсатиш жараёнларини муҳокама қилишга жалб қилиш имконини берди. Бу, моҳияти бўйича, замонавий ўзбек жамияти учун унда сақланувчи улкан ижодий имкониятни юзага чиқариш имконини берадиган янги тажрибабўлди.
Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот одамлар ўз фикрларини эркин айта оладиган ҳамда давлат органлари депутатлари ва раҳбарлари билан бевосита мулоқот ўрната оладиган ОАВ ва ижтимоий тармоқлар кўринишидаги эркин ахборот майдончаларини яратишни англатади. Буларнинг барчаси замонавий демократиянинг ўзига хос хусусиятларидан биридир.
Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 27 июнь куни матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида сўз ва оммавий ахборот воситаларининг қадр-қиммати ҳамда аҳамияти алоҳида эътироф этилиб, давлат раҳбари биз қураётган ҳуқуқий демократик давлатда сўз ва матбуот эркинлиги ҳамиша Конституция, давлат қонунлари ва президенти ҳимояси остида бўлишини таъкидлади. Шунингдек, у ОАВ ходимларининг қонуний фаолиятни эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиниши демократик ислоҳотларга қарши чиқиш ва Ўзбекистон нуфузига зарар етказиш сифатида баҳоланиши зарурлигини кўрсатди. Президент депутатларга ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини яратишлари ва ўзлари олиб бораётган ишлари юзасидан маълумотни жойлаштиришлари тўғрисидаги илтимос билан мурожаат қилди ва ҳокимларга ижтимоий тармоқлардаги саволларга ҳар куни жавоб қилишларини топширди.
Ислоҳотларнинг энг муҳим ютуқлари орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг қабул қилинишини, Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг ратификация қилинишини ва экстремизмда шубҳа қилинаётганларнинг “қора рўйхат”идан воз кечишни ҳамда прописка институтининг ислоҳ қилиниши ва фуқаролик бериш тартибининг соддалаштирилишини келтириш мумкин. Ўзбекистоннинг тан олинган ютуғи Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ўзбекистон 2021 йили пахтачиликда ишлаб чиқариш циклидан мажбурий ва болалар меҳнатини йўқ қилишга муваффақ бўлди”, деб эълон қилгани, натижада Cotton Campaignкоалицияси томонидан ўзбек пахтасидан ўн йиллик глобал бойкот олиб ташланганини эълон қилиши, шу билан Ўзбекистон тўқимачилик тармоғига кийим-кечак ва ритейлерларнинг етакчи жаҳон брендларини кириб келиши учун шароит яратилгани бўлди.
Мамлакатда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг қабул қилингани ва Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиянинг ташкил этилганлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ютуқдир. Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида аёлларнинг фаол иштироки ортиб бормоқда. Парламент сайлови якунларининг кўрсатишича, хотин-қизлар барча сайланган депутатларнинг 32 фоизини ташкил этди.
Хулоса
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жадаллашгани ва Ўзбекистон янги тараққиёт йўлига қадам қўйгани, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, таълимий, илмий муҳитнинг ўзи эса анча мураккаб ва серқирра бўлиб бораётгани, бу содир бўлаётган жараёнларни узлуксиз таҳлил қилишнинг, тезда тузатишлар киритишнинг, бошқарувни такомиллаштириш ва ўсишнинг янги манбаларини креатив тарзда топишнинг долзарблигини ошириши барчага аён бўлди. Шунинг учун 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг қабул қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияга тузатишлар киритиш ҳамда уларни умумхалқ муҳокамасига киритиш жараёнининг бошланиши қонуний кўринади. Шунингдек, асосий концепти “инсон – жамият – давлат” бўлган ислоҳотлар фалсафасининг кейинги эволюцияси табиий кўринади.
Янги Ўзбекистон стратегиясидаги асосий мақсад ҳар бир фуқаронинг миллати, тили ва динидан қатъи назар унинг қонуний манфаатлари ва фаровонлиги таъминланадиган, келгусида эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш амалга ошириладиган халқ ва инсонпарвар давлатни яратиш ҳисобланади. Бу мақсад “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси, шунингдек, давлат органлари ишининг асосий тамойили бўладиган қонун устуворлиги ва адолатли ижтимоий сиёсат тамойиллари асосида жамиятни маънавий ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ. Янги йўналишда аввалгидекбиринчи ўринда эътибор иқтисодиёт, хусусий тадбиркорлик, инсоний капитални ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ташаббуслар ва бу йўналишда олиб борилаётган ишлар Янги Ўзбекистонни бунёд этишнинг стратегик мақсадларига тўла мос келади. Бир томондан, тузатишлар содир бўлган ўзгаришларни қайд қилиши, бошқа томондан эса ҳаракатланиш дастури бўлиши, келгусида ривожланиш учун кўрсатмалардан иборат бўлиши зарур.
“Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси”ни қабул қилиш ва Конституцияга қўшимчалар киритиш устида ишлаш яққол кўрсатдики, ислоҳотлар ўз олдига янги кенг кўламли мақсад ва вазифаларни қўйганча қайтариб бўлмас характер касб этади, уларни амалга оширишнинг ижобий натижаларини яқин йилларда Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бўлганидай, жамият ҳам, умуман олганда, давлат ҳам ўзида ҳис қилиши зарур.
Бобур БЕКМУРОДОВ,
“Юксалиш” умуммилий ҳаракати раиси.
ЎзА