French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги энг тўғри стратегия
14:27 / 2021-11-09

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган дастуриламал нутқидан келиб чиқувчи вазифалар белгилаб олинмоқда.

Жумладан, Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида ҳам мазкур тарихий нутқдан келиб чиқувчи партия фракцияси олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишни парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов кириш сўзи билан очар экан, ушбу маъруза халқимиз ва халқаро жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилаётганини, қизғин қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлади. Зеро, чуқур таҳлилларга асосланган нутқ, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида илгари сурилган таклифлар ҳозирги кунда долзарб бўлган бир қатор муҳим масалаларни ўз ичига олган.

– Етти йўналишдан иборат Тараққиёт стратегиясида адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти эканлиги алоҳида ажралиб туради, – деди А.Ҳаитов. – Шунингдек, Тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бугун нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам ушбу стратегия Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги энг тўғри стратегия эканлигини ҳақли равишда эътироф этмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, бугунги кунда қайси соҳа бўлмасин илм-фан асосида ривожлантирилса, мамлакат иқтисодиёти янада тараққий этиб бораверади. Шу боис, давлатимиз раҳбари мамлакатимиз миллий иқтисодиётини, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантиришни, мамлакатимиздаги мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада оширишни илгари сурди.

Йиғилишда айни шу масалалар ҳақида сўз борар экан, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилмани яратиш ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракциясининг доимий эътибор марказида бўлиши таъкидланди.

Сўз олган депутатлар Ўзбекистон тарихида тадбиркорлар учун бундай катта имкониятлар ва енгилликлар бўлмаганини, улар бу даражада қўллаб-қувватланмаганини айтиб, бизнес вакиллари беқиёс ғамхўрликка жавобан иқтисодиётимизнинг турли жабҳаларида ўзларининг бунёдкорлик ва яратувчанлик хусусиятларини намоён этган ҳолда, Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида астойдил, ҳалол хизмат қилишини билдирди.

Йиғилишда Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда халқ вакиллари ҳам муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. Бу борада Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтириш ҳамда мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини назоратга олишга доир илгари сурилган вазифалар парламент аъзолари зиммасига катта масъулият юклаши қайд этилди.

ЎзЛиДеП фракциясининг Президентимиз нутқидан келиб чиқадиган чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА