English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистонни «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган жамият орқали қуриш фаолиятимизнинг асосий мезони
19:07 / 2025-03-11

Қадимдан ҳар бир давлатнинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган, унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий ҳамда ҳарбий соҳалари барқарорлашувига халақит берадиган коррупция, ҳозирги даврга келиб ҳам ўз кучини кенгайтирмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, коррупциянинг жамият танасидаги саратон эканлиги, ҳозирги даврга келиб ечимини топиш оғир масала бўлган муаммолар сирасига киришидан далолат беради, десак, ўринли бўлади. Ҳақиқатдан ҳам коррупция мавжуд бўлган ҳар бир давлатда оқсашлик ҳамда халқнинг давлат вакилларига нисбатан ишончсизлиги юқори бўлиши маълум.

Жорий йил 5 март кунидаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилиши»да иштирок этганлиги, шу аснода амалга оширилган ишларнинг сарҳисоби ва келажакдаги бир қатор вазифалар белгилаб берилганлиги айни муддао бўлди.

Президентимизнинг «Ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман, бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга «жамият танасидаги саратон» сифатида қараши керак», деган фикрлари халқимизнинг барча қатлами вакилларига юксак масъулият юклади десак, муболаға бўлмайди.

Парламентнинг турли аъзолари билан бўлиб ўтган йиғилишда коррупцияга нисбатан давоси топилиши қийин бўлган саратон касаллиги сифатида қаралиши аудиторияда диққат билан қабул қилинди. Коррупциянинг олдини олишдаги асосий вазифа эса, келажагимиз пойдевори бўлган ёшларни «ҳалоллик вакцинаси» орқали эмлашдан бошланиши ёрқин истиқболни белгилайдиган ёндашув сифатида эътироф этилди. 

«Ҳалоллик вакцинаси» орқали эмлашнинг педагогик ҳамда психологик омиллари хусусида тўхталар эканмиз, барча фаолият турига мансуб бўлган шахсларда мазкур фазилатнинг ахлоқан намоён бўлиши, шахснинг, жамиятнинг ҳамда давлатнинг муваффақияти калити ҳисобланади.

«Ҳалоллик вакцинаси»га элтувчи сифатида қуйидагиларни санаш мумкин. Аввало «Ҳалоллик вакцинаси» орқали эмлашни оиладан бошлаш лозим. Иккинчи қоида эса «Шахсий намуна» – барча қўл остидагиларга нисбатан ҳар томонлама намуна бўла олиш ҳамда барча қонун олдида тенг эканлигини доимий уқтириб бориш муҳим. 

Шунингдек, ҳар бир ходим фаолиятини жамоатчилик назорати остида ушлаш, жамоада соғлом қўрқув муҳитини яратиш, «Яримта ноним – роҳати жоним» (шукроналик, қаноат) мақоли зайлида фаолиятни ташкиллаштириш ҳамдаҳар бир нотўғри босилган қадам учун «икки томонламали» жазо муқаррар эканлигини доимий ҳис қилиб туриш ҳам айни муддао.

Коррупцияга оид амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, хориж тажрибасининг ҳам ўрганилиб амалиётга татбиқ этилиши, Янги Ўзбекистонни «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган жамият орқали қуриш фаолиятимизнинг асосий мазмунидир. 

Н.Зоҳиров, 
Жамоат хавфсизлиги университети
 «Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш»
 кафедраси катта ўқитувчиси, лейтенант