Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистонни биргаликда яратамиз
17:54 / 2021-01-02

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бутун Ўзбекистон халқига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда 2020 йилда мамлакатимизда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва 2021 йилда мамлакат олдидаги муҳим мақсад ва вазифалар аниқ белгилаб берилди.

Маърузада пандемия юртимиз учун катта синов бўлганлиги ва шу туфайли халқимиз бир-бирига янада жипслашиб, мамлакатимиз равнақи йўлида ҳалол ва фидокорона меҳнати ва матонати туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтилаётгани таъкидланди. Айни пайтда бундан кейин ҳам ҳар биримиз ўзимизнинг соғлиғимизни сақлашга бефарқ бўлмасликка даъват этилди.  

2020 йилда мавжуд синовларга қарамай мамлакатимизнинг иқтисодий кўрсаткичлари даражаси ҳам олдинги йилларга нисбатан ўсганлиги таъкидланди. Тошкент ер усти метросининг ишга туширилиши, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида юртимизда бажарилган катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари диққатга лойиқ. 

Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигимизни ва ўзаро дўстлигимизни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидай бўлиб, дўст, биродар, ака-ука, қуда-анда бўлиб тинч-тотув бир маҳалла, бир қишлоқ, бир шаҳарда яшаб келмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг тинчлик-осойишталигини таъминлаш, иқтисодий ўсиш ва барака олиб келишида катта аҳамият касб этади.

Миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифалари ҳисобланади. Президентимизнинг 30 июль кунини “Халқлар дўстлиги куни”, деб нишонлаш тўғрисидаги таклифи кўпмиллатли халқимизни қувонтирди. Бундай ҳаракатлар халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, дунёда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, хорижда яшаётган ватандошларимиз билан алоқаларни янада яхши йўлга қўйиш, уларнинг ҳаёти, муаммоларига ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ватандошлар” жамғармасининг ташкил қилиниши халқлар ўртасидаги умуминсоний фазилатларини намоён этди.

– Бугун жамоатчилигимиз том маънода уйғонди, энди турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин ифода этишга ўрганмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.  

Президент эскича қолипда ишлаётган раҳбарларнинг оммавий ахборот воситаларига муносабатини танқид қилди. Блогер ва журналистлар иш фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда юртимиз ҳаётида рўй бераётган салбий ҳолатларни рўй-рост кўрсатиб ўтиш ҳозирги кунда халқимизни рози қилиш йўлидаги муҳим масаладир.  

Мурожаатномада Янги Ўзбекистонни яратиш йўлидаги барча ишлар бирма-бир таъкидланди. Бунда ҳеч бир соҳа давлат раҳбарининг эътиборидан четда қолмади. Бу эса, Ўзбекистон халқининг келажакда янада гуллаб, ривожланишида катта аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб фуқаролар юртимизда ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Асосий мақсад, албатта, юримизда тинчлик, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшишдир. Тинчлик бор жойда ривожланиш ва тараққиёт бўлиши табиий.

Юртбошимиз ўз нутқида ҳар доимгидек, “Биздан халқимиз рози бўлиши керак”, деган сўзларини такрорлади. Зеро, олижонаб ва меҳнаткаш кўп миллатли халқимиз билан биргаликда белимизни маҳкам боғлаб, шу Ватан меники деб, чин юракдан меҳнат қилсак, янги Ўзбекистонни яратамиз, албатта. Бу юксак ишларни амалга ошишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.  

Раҳматулла Жабборов,  

Ўзбекистон қирғиз миллий  

маданий марказ раиси.

ЎзА