Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз!"
12:51 / 2023-05-30

Донишмандлар айтганидек, “Энг катта бойлик, бу — ақл-заковат ва илм, энг катта мерос, бу — яхши тарбия, энг катта қашшоқлик, бу — билимсизлик!» Шу боис замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш ҳаётий эҳтиёжга айланиб бормоқда. Бугунги кун ёшлари аниқ мақсадлар сари олға одимлаяпти. Тараққиётга эришиш учун илм йўлидан юриш, эзгу мақсадлар сари бирлашиш бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш йўлида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.

Ўзбекистон Миллий университетида талаба-ёшлар ташаббуси билан "Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз!" шиори остида "Миллий университет – кенг имкониятлар маскани" мавзусида бошланган фестиваль ҳам айни мақсадларга хизмат қилади.

Бугунги ёшлар билимли, тарбияли, дунёқараши кенг, фаол фуқаролик позициясига эга ватанпарвар бўлиб камолга етса, янги Ўзбекистонни қуришда йўлчи юлдуз бўлади.

Фестивалда мазкур билим юртида таҳсил олган ва бугунги кунда шу юрт ривожи учун меҳнат қилаётган илм эгалари ҳақида сўз борди. 

Азму шижоати баланд, салоҳияти юқори ёшлар, талабалар фестиваль доирасида бўлаётган мусобақалар, танловлар, маданий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этишга чақирилди.

Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, халқаро ва республика миқёсидаги танлов ва мусобақа ғолиблари, шунингдек, битирувчи талабаларнинг табриклари эшитилди. Элимиз ардоғидаги санъаткорлар, эстрада юлдузларининг чиқишлари билан биргаликда, университет талабаларининг ижодий намуналари ҳам намойиш этилди.

Турли спорт мусобақалари, шахмат бўйича “Университет ректор кубоги”, миллий спорт ўйинлари ҳафталиги, факультетлараро “Заковат” интеллектуал ўйинлари, ҚВЗ, “Миллий либослар”, “Ҳаваскор рассомлар” танлови, “TechnoWays” технологик ривожланиш марафони, маданият ва санъат йўналишидаги танловлар, туризм объектларига саёҳат тадбирлари, “Талабалар санъат шайдоси” рукнида адабиёт ва санъат намоёндалари билан учрашувлар, “Мўйноққа мадад” шиори остида экологик хайрия акцияси ташкил этиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, юқори илмий салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон Миллий университети таълимнинг деярли барча фундаментал йўналишлари бўйича Ўзбекистон университетлари учун таянч олий таълим муассасасидир.

Aйни пайтда университетда 17 та факультет мавжуд, уларда 79 та бакалавриат йўналиши, 81 та магистратура мутахассислиги бўйича 33 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Шунингдек, илмий фаолиятини олиб бормоқчи бўлган ёш мутахассислар учун докторантурада юзга яқин мутахассисликлар мавжуд. Университетнинг интеллектуал ва илмий салоҳиятини юқори малакали профессор ўқитувчилар жамоасидан ҳам билиш мумкин. 

Мазкур фестиваль бир ой давом этади. Фестиваль доирасидаги тадбирларда фаол қатнашган, ғолиб бўлган ёшлар ва жамоалар рағбатлантирилади.

Б.Мелиқулова, ЎзА