Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида олиб борилаётган қурилиш ишлари доирасида туман ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Комилжон Абдиалиев иштирок этди ва пресс-тур иштирокчиларига массивда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тўғрисида батафсил маълумот берди. Қайд этилганидек, умумий майдони 41 гектар бўлган мазкур массивда замонавий меъморлик талабларига жавоб берадиган 14 та кўп қаватли турар-жой биноси барпо этилмоқда.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 апрелдаги фармони – "2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги ҳужжат асосида амалга оширилмоқда.
Қурилиш ишлари Сирдарё вилоятидаги “Бетонсаноат қурилиш” компанияси муҳандис ва мутахассислари томонидан олиб борилмоқда. Айни пайтга қадар 2 та 144 хонадонли кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган бўлиб, яна бир нечта турар-жой биноси яқин кунларда аҳоли ихтиёрига топширилиши режалаштирилган. Бу, ўз навбатида аҳоли учун қулай яшаш шароити яратиш, уй-жойга бўлган талабни босқичма-босқич қондириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

– Қурилишда фойдаланилаётган барча хомашё ва материаллар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган, – деди “Бетонсаноат қурилиш” компанияси директори ўринбосари Ҳилола Обидова. – Хусусан, пишган ғишт ўрнига газобетон блоклардан фойдаланяпмиз. Бу материал енгил, иссиқликни яхши сақлайди ва экологик жиҳатдан хавфсиз. Европа давлатларида ҳам бу технология кенг қўлланилади. Уйларда ёзда салқин, қишда эса илиқ муҳит сақланади, бу эса аҳоли учун қўшимча қулайлик яратади. Шу билан бирга, ҳар битта кўп қаватли уйга қуёш панеллари ўрнатилади. Бу бўлса, энергияни тежаш имконини беради.
Бундан ташқари, массивда инфратузилмани шакллантириш бўйича ҳам жиддий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 26,1 км электр тармоғи, 5,1 км автойўл, 3,5 км ичимлик ва оқова сув тармоғи, 1 та сув иншооти ва 5 та трансформатор пункти қурилиши олиб борилмоқда. Бу ишлар аҳолини узлуксиз ва сифатли коммунал хизматлар билан таъминлашга йўналтирилган.

Массивда таълим ва тарбия соҳалари ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Ҳозирда 180 ўринли болалар боғчаси ва 990 ўринли умумтаълим мактаби қурилиши бошлаб юборилган. Пудратчи ташкилотлар танлаб олинган, қурилиш ишлари жадал суратларда давом этмоқда.

Барча лойиҳалар жорий йил якунига қадар босқичма-босқич якунланиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу орқали нафақат замонавий турар-жойлар, балки барча зарур инфратузилма ва ижтимоий объектлар билан жиҳозланган, ҳар томонлама обод яшаш маскани шакллантирилади.
Пресс-тур доирасида журналист ва блогерлар амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, массивнинг ривожланиш истиқболлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш имкониятига эга бўлдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири