Янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати устувор йўналиш сифатида изчил амалга оширилиши натижасида ёшларнинг таълим олиши, илмий изланишлар олиб бориши ва халқаро майдонда рақобатбардош кадр сифатида шаклланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Бугунги глобаллашув шароитида ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бошқа стратегик соҳаларда замонавий билимга эга мутахассислар тайёрлаш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу мақсадда ёшларга хорижда таълим олиш, грант ва стипендиялар асосида нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятлари кенгайтирилди.
“Ёшлар — Янги Ўзбекистон бунёдкори” тамойили асосида олий таълим тизимини модернизация қилиш, халқаро академик ҳамкорликни ривожлантириш ва ёшларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган механизмлар изчил жорий этилмоқда. Мазкур сиёсат натижасида бугун халқаро тажрибага эга бўлаётган ёш мутахассислар сафи кенгайиб бормоқда.
Улар турли ҳуқуқий тизимларни ўрганиб, замонавий билим ва амалий кўникмаларни эгалламоқда. Хусусан, ана шу имкониятлар доирасида айрим ёш ҳуқуқшунослар хорижий нуфузли университетларда таҳсил олиб, халқаро ҳуқуқ ва бошқа замонавий йўналишларда билимларини оширмоқда.
Шундай ёш мутахассислардан бири ҳуқуқшунос Дамир Ахроровдир.
Д.Ахроров Россиянинг Higher School of Economics университетида грант асосида таҳсил олиб, халқаро ҳуқуқ ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини ўрганди. Шунингдек, Польшанинг Adam Mickiewicz университетида Европа Иттифоқи ҳуқуқи ва интеллектуал мулк йўналишида билимларини оширди.
Мазкур тажриба ёш мутахассиснинг ҳуқуқий тафаккурини кенгайтиришга хизмат қилди. 2024–2025 йилларда у АҚШнинг Penn State Law университетида магистратура босқичини тамомлаб, тижорат ҳуқуқи ва интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича халқаро даражадаги тайёргарликдан ўтди.
Ҳозирда Дамир Ахроров АҚШда юридик фирмада фаолият юритиш билан бирга ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлаш ва суд амалиёти билан боғлиқ жараёнларда тажриба орттирмоқда.
Шу билан бирга, у медиация соҳасида профессионал тайёргарликдан ўтиб, низоларни судгача ҳал этиш механизмларини ҳам ўрганган.
Бу ҳолат Янги Ўзбекистон ёшлари учун глобал таълим имкониятлари тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади. Давлат сиёсатининг муҳим жиҳати шундаки, ёшлар нафақат таълим олиш, балки амалий фаолият орқали ҳам тажриба орттирмоқда.
Халқаро билим ва миллий манфаатлар уйғунлиги ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширмоқда. Мутахассислар фикрича, ёшларга яратилаётган бундай имкониятлар мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиясига хизмат қилади.

М.Сайфуллаев,
ЎзА