Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистонда янгича сайлов шукуҳи
15:57 / 2021-10-20

Учинчи уйғониш даври ақлий салоҳияти баланд, халқпарвар, мустақил дунёқарашу мустаҳкам эътиқодга эга бўлган, жисмонан ва маънан соғлом фарзандларни тарбиялаш, миллий-маънавий қадриятларга садоқатли баркамол авлодни тарбиялашдек олий мақсадларни кўзлаган. Энг муҳими, Янги Ўзбекистонда инсон қадри, шаъни, миллат тарбияси устуворлигини таъминлаш асносида фаровон жамият қуриш устувор аҳамият касб этаётир.

Барча соҳалар, жумладан, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, унда улкан бунёдкорлик ислоҳотларини амалга ошириш, барқарор ривожланишни таъминлаш, маънавий баркамол авлодни вояга етказиш замирида бунёдкорлик, яратувчанлик руҳини ижтимоий ҳаётга чуқурроқ сингдириш, эртанги кунга бўлган ишонч туйғусини шакллантиришдек залворли мақсад мужассам.  

 Бугун юртимиз катта сиёсий жараён арафасида турибди. Бу йилги сайлов аввалги сайлов жараёнларидан ҳуқуқий-меъёрий асослари жиҳатдан тубдан фарқ қилади. Аввало, 2019 йил 25 июнда 18 боб, 103 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Унда сайлов жараёнларини ташкиллаштириш ва ўтказишга доир 26 та меъёрий ҳужжатга ўзгартириш киритилди.  

Ўзбекистон Республикасида сайловни ўтказишнинг асосий тамойиллари, кузатувчилар, сиёсий партиялар ваколатли вакиллари ва ОАВ вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловолди ташвиқоти ва овоз беришни ташкил этиш, ўтказиш каби муҳим жиҳатлар асослаб берилди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилди.  

Иккинчидан, бу йилги сайловлар фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга бефарқ эмаслигини яққол кўрсатмоқда. Сайловчилар номзодларнинг дастурлари билан танишиб, юрт равнақига дахлдор устувор масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини холис билдирмоқда.  

Учинчидан, сайлов қонунчилигига биноан сиёсий партиялар адолат, тенг ҳуқуқлилик, очиқлик ва ошкоролик тамойилларига асосланиб, ўз номзодларини рўйхатдан ўтказиб, сайловолди тарғиботларини Кодексга биноан ўтказмоқда.  

Тўртинчидан, номзодларнинг дастурларида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалардаги муҳим устувор масалалар ва уларнинг ечими ўз таҳлилини топмоқда. Мамлакатимизда қонун устуворлигини кучайтириш, халқнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, камбағаликни бартараф этиш, ижтимоий муҳофазани кучайтириш, таълим, фан, санъат, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги ислоҳотларни янада мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик, толерантлик асосида аҳолининг фаровон турмуш-тарзини таъминлаш, ўз манфатларини ҳимоя қилган ҳолда дунё мамлакатлари билан халқаро муносабатларни яхшилаш масалалари номзодлар дастурида ўз аксини топмоқда.  

Бешинчидан, номзодлар сайловолди тарғиботи географик кўлами, сифати ва аудиторияси жиҳатидан ҳам аввалгилардан фарқ қилмоқда. Номзодлар, ҳудудларга бориб сайловчилар билан ўзаро мулоқотда уларни ташвишлантираётган муаммоларни ўрганмоқда. Энг муҳими, янги Ўзбекистонда янгича сайловларнинг шукуҳи, таровати яққол кўзга ташланмоқда.  

Сайлов ниҳоятда муҳим сиёсий жараён. Унда иштирок этиш ҳар бир онгли фуқаронинг бурчи. Бу жараённи  кўтаринки кайфиятда ўтказиш, унда барча аҳоли қатламининг фаол иштирокини таъминлаш долзарб масала ҳисобланади.  

Ўзбекистоннинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган, юрт равнақини ўз тақдири билан чамбарчас боғлаган, истиқболда юксак ва эзгу мақсадларни кўзлаб яшаётган халқимиз номзодлар дастурлари билан тўлиқ танишиб, танлаган номзодига овоз бериши мақсадга мувофиқдир. Энг муҳими, қайси ҳудудда овоз бериш эмас, шу юртга дахлдорлигини ҳис этиб, муносиб номзодга холис овоз беришдир.  

 

Комил Зиядуллаев,  

ЎзДЖТСУ “Спорт мeнeжмeнти  

ва иқтисодиёт” кафeдраси мудири  

 

ЎзА