French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистонда янги парламент сайлови
17:34 / 2024-10-25

Кувайтнинг “Ал-Жарида” нашрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидовнинг “Янги Ўзбекистон: демократик ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

Мақолада мамлакатимиз тарихида илк бор умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилингани Янги Ўзбекистонда барча соҳалар ривожи қомусий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган. Шунингдек, миллий сайлов қонунчилиги замонавий конституциявий нормалар ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандарти асосида тубдан такомиллаштирилганига урғу берилган.

Бу муҳим омиллар сайлов жараёни янада очиқ ва ошкора ўтиши, Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги кўрсаткичи яхшиланишига эришиш имконини оширган. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Демократик ислоҳотлар йўли – биз учун якка-ю ягона ва энг тўғри йўлдир”, – деб ёзган нашр.

Муаллиф парламент сайловининг қатор ўзига хос хусусиятларини санаб ўтган.

Жумладан, парламент сайлови Ўзбекистон тарихида илк бор аралаш, яъни мажоритар-пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилаётгани, жараён тўлиқ рақамлаштирилгани, “Электрон сайлов” ахборот тизими жорий этилгани, сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартга мувофиқ тарзда такомиллаштирилгани, парламентаризм ва маҳаллий вакиллик органлари ваколати янги таҳрирдаги Конституция билан сезиларли даражада мустаҳкамлангани, сайловда иштирок этаётган аёл номзодлар сони изчил кўпайиб, умумий миқдорнинг 40 фоизини ташкил қилиши шартлиги белгиланганига эътибор қаратилган.

Бу йилги сайловда 30 мингга яқин номзод ва уларнинг қарийб 90 минг нафар ишончли вакили фаол иштирок этади. Шунингдек, сайлов комиссияларининг 120 мингдан ортиқ аъзоси ташкилотчи сифатида, 70 мингдан ортиқ маҳаллий, хорижий ва халқаро даражадаги вакиллар кузатувчи мақомида қатнашади.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади.

ЎзА