Янги Ўзбекистонда тиббий таълим бутунлай янги форматда, дунё тажрибасига таянадиган замонавий дастурлар ва инновацион билимлар асосида ривожланмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатига бўлган ёндашувни тубдан янгилаш бугунги куннинг стратегик вазифасига айланди.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар соҳани замон талабларига мос ҳолда қайта қуришга йўналтирилгандир. Давлатимиз раҳбари тиббиёт соҳаси ходимлари билан учрашувда ана шу жараённинг янги, мазмун жиҳатидан муҳим босқичини белгилаб берди.
Тошкент давлат тиббиёт университети ректори Шуҳрат Боймуродов учрашувда кўтарилган масалалар, соҳа ходимларига юклатилган вазифалар, жамиятга тиббий хизматни яқинлаштириш, тиббий таълим ва кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, сифатли хизмат ва натижага эришиш борасида берилган топшириқлар юзасидан ўз муносабатини билдирди:
– Президентимиз томонидан илгари сурилган энг муҳим ташаббуслар соҳага замонавий инфратузилма яратиш, рақамлаштиришни кенг жорий қилиш, замонавий кадр тайёрлаш ва жойларда тиббиёт хизматини кенгайтиришдан иборатдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар ва берилган топшириқлар ҳар бир тиббиёт ходими, ҳар бир устоз ва ҳар бир талаба учун масъулият ва ишонч рамзидир. Учрашувда замонавий тиббий билимларни чуқур ўзлаштириш, профилактикага кенг эътибор бериш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, тиббий хизматни рақамлаштириш ва инсон саломатлигини муҳофаза қилишда профилактик чораларни кучайтириш каби йўналишлар аниқ белгилаб берилди.
Бугун бизнинг таълим ва илмий муассасамиз олдида ҳам муҳим вазифалар турибди. Биз ёш кадрларни илмий асосланган билим, амалий кўникмалар ва ахборот технологиялари билан қуроллантириш, тиббий амалиётда замонавий инновацияларни татбиқ этиш, халқ саломатлиги йўлида масъулиятли, фидойи мутахассислар тайёрлашни устувор мақсад деб биламиз.
Бу ташаббуслар нега зарур? Чунки ҳар бир инсон саломатлиги давлатнинг энг катта бойлиги, миллат тараққиётининг пойдеворидир. Соғлом жамият – барқарор тараққиётнинг, кучли иқтисодиётнинг ва равшан келажакнинг асосидир. Шунинг учун ҳам Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажариш орқали биз нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам тиббиёт соҳаси нуфузини юксалтиришимиз мумкин.
Агар бу вазифалар самарали амалга оширилса, тиббий хизмат сифати янги босқичга кўтарилади, касалликларнинг олдини олиш тизими мустаҳкамланади, аҳоли саломатлигига бўлган ишонч янада ортади. Энг муҳими, инсон саломатлиги давлат ва жамиятнинг асосий қадрияти сифатида амалда таъминланади.
Президентимиз илгари сурган ташаббуслар соҳа ходимлари учун ҳам илҳом манбаи, ҳам амалий дастурдир. Биз, тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган барча устозлар ва ёшлар, бу эзгу мақсадларни амалга ошириш орқали халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшамиз. Рақамлаштириш, дуал таълим, сунъий интеллектни фаол қўллаб, профилактик тиббиётга эътибор бериш, сифатли таълим каби асосий йўналишларимизни белгилаб олдик.
Шубҳасиз, Янги Ўзбекистон тиббиётининг келажаги замонавий фикрлайдиган, илмли, инсонпарвар ва халқ саломатлигига садоқатли авлод қўлида. Биз ана шундай авлодни тарбиялашга бел боғлаганмиз.
Моҳигул Қосимова, ЎзА