Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистонда таълим – давлат тараққиётининг асосий омили
18:13 / 2025-09-17

Муносабат

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида энг муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида таълим соҳаси белгилаб олинган. Чунки мамлакат келажаги, унинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши, интеллектуал салоҳияти айнан таълимга боғлиқ. 

Бугунги кунда давлатимиз таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш, уни замонавий талаблар асосида қайта шакллантиришга катта эътибор қаратяпти. Бу жараёнда ўқитувчи ва мураббийларнинг роли беқиёсдир. Улар – ёш авлодни ватанпарвар, билимдон, замонавий фикрлайдиган шахс қилиб тарбиялашда ҳал қилувчи куч ҳисобланади.

Ўқитувчи фақат дарс ўтадиган шахс эмас, балки у боланинг қалбига йўл топадиган, унда фидойилик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик каби фазилатларни шакллантирадиган мураббийдир. Шунинг учун Янги Ўзбекистонда уларнинг нуфузини ошириш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг Бўстонлиқ туманидаги ташрифи давомида ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқоти таълим ва тарбия соҳаси вакиллари ҳаётида ўзгача муҳим тарихий воқеа бўлди десак, асло муболаға бўлмайди. 

Президентимиз мазкур йуналишдаги ислоҳотлар аҳамиятига тўхталиб, сўнгги саккиз йил ичида эришилган натижаларга эътибор қаратди. Иқтисодиёт қанчалик мустаҳкам бўлса, таълим ривожланади, барқарор ўсади. Бу ҳаётий қонун, буни ҳеч ким инкор қила олмайди. 

Давлатимиз етакчиси мулоқотда мактабгача таълим тизими фаолиятини янада ривожлантиришга доир муҳим масалалар, устувор вазифаларга тўхталиб, янги ташаббусларни баён қилди. Ислоҳотларимизнинг илк боскичидаёқ мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Очиқ айтиш керак, бу масала узоқ йиллар давомида четда қолган эди. Мана битта рақам: 2017 йилда 4 мингдан ортиқ маҳаллада биронта ҳам боғча йўқ эди, қамров бор-йўғи 27 фоиздан ошмас эди. Бугунги кунга келиб боғчалар сони 38 мингдан ошди, қамров эса 78 фоизга етди. Яқинда таълим соҳасида эълон қилинган янги имтиёз ва имкониятлар ҳисобига боғча кириб бормаган биронта маҳалла қолмайди, қамров ҳам 80 фоиздан кам бўлмайди. 

Йиғилишда таълим сифатини тубдан яхшилаш, битирувчи ёшларнинг ўз қобилият ва иқтидорларини кенгроқ намоён этишларига хизмат қиладиган яна бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Мактаб истиқболнинг эшиги деганидек, сўнгги саккиз йилда 500 га яқин мактаб қурилди. Ота-оналар учун танлаш ҳуқуқи берилди. 

Қайд этилганидек, ҳар йили ўн минглаб мактаб ўқувчилари хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар оляпти. Масалан, 2016 йилгача жами 2 минг нафар мактаб ўқувчиси сертификат олган эди. Ўтган йили биргина хорижий тилларнинг ўзидан 150 минг нафар ёшларимиз халқаро сертификат олди. Энди бундай сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олинади. 

— Мана шундай ютуқларга эришган ёшларимизга қараб, устозларга, муаллимларимизга, профессор-ўқитувчиларимизга минг раҳмат демоқчиман. Чунки бу натижалар ортида жонкуяр устозларнинг билим ва тажрибаси, машаққатли меҳнати мужассам десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан,—деди Президент. 

Касб-ҳунар таълими бугунги кунда глобал кадрлар тайёрлаш тизимида асосий ўринни эгаллайди. Технологияларнинг жадал ривожланиши, рақамлаштириш ва жаҳон бозоридаги кескин рақобат шароитида айнан юқори сифатли касбий маҳорат, муваффақиятли иқтисодиёт ва жамиятнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилади.

Дунёнинг етакчи давлатлари нафақат билимга эга, балки уни амалда қўллай оладиган янги шароитларга тез мослаша оладиган ва ўз мамлакати учун қўшимча қиймат яратадиган мутахассисларни тайёрлашга фаол сармоя киритмоқда. Касб-ҳунар таълими ривожланишининг таъсири ҳар жабҳада кўринади. Меҳнат унумдорлиги ошаяпти, малакали кадрлар танқислиги камаймокда. Корхоналар ва ҳудудларнинг инновацион салоҳияти юксалиб бораяпти.

Талабгир касбларга эга инсонлар меҳнат бозорида ўз ўрнини тезроқ топади. Барқарор даромадга эга бўлади. Мамлакат эса глобал чақириқларга чидамли жадал ривожланаётган иқтисодиёт соҳибига айланади.

Ўзбекистон учун касб-ҳунар таълимини жорий этиш ва ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Бу нафақат ёшлар ўртасида янги кўникмаларни шакллантириш, балки саноат талабларига жавоб берадиган инновацияларни илгари сурадиган ва иқтисодиётни янги босқичга кўтаришга қодир мутахассисларни тайёрлашнинг замонавий тизимини яратишдир.

Касб-ҳунар таълимининг ривожланиши бизнес ва таълим тизими эҳтиёжларини бирлаштиради. Назария ва амалиёт ўртасида тафовутни камайтиради. Ёшларга ишончли карьера қуришга ёрдам беради ва давлатга малакали рақобатбардош инсон ресурсларини шакллантиришга кўмаклашади. Биз ёшларимизни замон билан ҳамнафас, балки келажакка тайёр қилиб тарбиялашимиз лозим. Ҳеч қачон унутмайлик, келажак замонавий билим билан қуролланган янги касб эгалариники бўлади.

Президентимиз томонидан билдирилган ҳар бир ташаббус, тақдим этилаётган имтиёз ва имкониятлар тадбирда жам бўлган барча устозларни ва ота-оналарни чин маънода ҳаяжонга солди. Фақат булар эмас, давлатимиз раҳбари техникумдаги муаллим ва устозларнинг малакаси ва мавқеини ошириш бўйича ҳам янги ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва устозлари учун касбий сертификатлар тизими жорий қилинади. Шу орқали техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоиз миқдорда устама тўланади. Эндиликда техникумларда ҳам олий таълим муссасаларидаги каби илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йўлга қўйилади. Мазкур мулоқот чин маънода самимият ва ҳиссиётларга бой ўзига хос воқеага айланди. 

Мамлакат раҳбарининг эҳтироми ва ғамхўрлиги ҳар бир сўзда, ҳар бир нигоҳида, мулоқот оҳангида сезилиб турди. Бу ҳолат устозлар ва педагогларни ҳар бир дақиқани бутун қалби билан ҳис қилишга ундади. Учрашув муҳити ҳурмат ва ишончга тўла бўлиб, фақат амалий натижалар эмас, балки келажак авлод тарбияси йўлида қўйилган ҳар бир саъй-ҳаракат, ҳар бир фикр ва ғоя қадрланишини ўзида акс эттирди. 

Президентимиз илгари сурган ташаббуслар ва белгилаб берган вазифалар мамлакат таълим тизимида янги бир даврни бошлаб беради. Кенг кўламли ислоҳотлар, инновациялар ва ижодий янгиликлар учун имконият яратади. Бундай чора-тадбирлар ҳар бир инсон салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, замонавий ўқитиш методикаларини жорий этиш, илмий тадқиқот ишларини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги авлоднинг ҳар томонлама етук шахс сифатида шаклланиши учун зарур шарт-шароит яратиш имконини бермокда. 

Мухтасар қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда таълим – давлат тараққиётининг асосий омили, ўқитувчи ва мураббийлар эса – жамиятнинг энг ҳурматли ва масъулиятли шахслари сифатида етук авлодни тарбиялашдек улуғ ва шарафли вазифани бажармоқдалар. Уларнинг хизматини эътироф этиш, қўллаб-қувватлаш ва доимий равишда рағбатлантириш ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

Гулжан Халмуратова, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси

ЎзА