Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистонда сўз эркинлиги: амалиёт ва самара
07:01 / 2021-12-22

Сўз эркинлиги тушунчасига инсоннинг асосий шахсий ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларидан бири, аксарият мамлакатларда “ахборот эркинлиги” деб аталадиган умумий ҳуқуқнинг таркибий қисми сифатида таъриф берилади. Демократия кўринишларидан бири сифатида ҳам қаралади.

ўз эркинлиги ҳуқуқи бир қатор халқаро ҳужжатлар ва мамлакатимиз қонунчилигида, жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддаси, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳимояси тўғрисидаги Европа Конвенциясининг 10-моддаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29- ҳамда 67-моддаларида мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга”. Унга кўра, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига ҳам эга. 

Демократик мамлакатларда оммавий ахборот воситаларининг фаолияти сўз эркинлигига асосланган. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ана шу қоида алоҳида белгиланган. Унга кўра, “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Цензурага йўл қўйилмайди”. Фуқаролар оммавий ахборот воситаларида, жумладан, телевидение ва радио, матбуотда ўз фикрларини эркин баён қилиши, сўзлаши мумкин.

Ўзбекистонда сўз эркинлигига оид конституциявий қоидалар “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Реклама тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунларда аниқлаштирилган.

Ушбу қонунларнинг асосий мақсади Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш кафолатларига, ҳар кимнинг ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, фойдаланиш ва сақлаш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган.

Шу ўринда қайд этиш жоизки сўз эркинлиги ҳуқуқи — жуда мураккаб жараён. У баъзан ўзга шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилиниши эҳтимолини ҳам юзага келтириши мумкинлиги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрий ҳужжатларида алоҳида уқтирилган.
Халқаро ҳуқуқда ахборот олиш ва сўз эркинлиги битта танганинг икки томони деб тан олинади ва у Интернет ва рақамли технологиялар тарқалиши билан тез ривожланди. Бугун дунёда ҳар қандай оммавий ахборот воситаси ва ҳар бир мамлакатда ривожланиш учун сўз эркинлигини чеклашга қарши ҳаракат энг устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимизда охирги беш йил мобайнида ислоҳотлар натижаларини, кечаётган сиёсий жараёнларни бевосита муҳокама қилиш эркинлашди, бу борада давлат идоралари ва халқ ўртасида мулоқот учун ўзига хос майдон пайдо бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб бораётган изчил ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳам сўз эркинлиги принципига риоя қилиш, холислик, ҳаққонийлик, очиқлик ва шаффофликни барча учун амалда баробар таъминлашга қаратилган.

резидентимиз томонидан “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил ҳамда кейинги беш йил учун эълон қилинган “Инсон қадри учун” ғояси асосида барча соҳада ислоҳотлар олиб бораётгани дунё жамоатчилиги томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхонаси” очилиши баробарида ижтимоий тармоқларда ҳам “Президент портали” фаолиятининг йўлга қўйилгани эътиборлидир. Бу билан ҳар битта давлат идорасида халқ фикри, саволларини эшитадиган ҳамда уларга ижобий ечим ва жавоб берадиган яхлит тизим яратилгани сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари борасида ўзига хос муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди. 

Давлат органлари ўз фаолияти ҳақида нафақат веб-сайт орқали, балки барча ижтимоий тармоқлар орқали ҳар куни ахборот бериб бориши Президентимизнинг ПҚ-4366-сон қарори билан мустаҳкамлаб қўйилди. 2019 йилда давлат органларининг ахборот маконидаги манбалари сони 559 та бўлган бўлса, 2022 йил январь ойи ҳолатига 3 064 тага етди.

Охирги йилларда юртимизда сўз ва фикр эркинлигининг ҳаётийлигини таъминлаш борасида изчил ишлар қилинди ва қилинмоқда. Хусусан, бир пайтлар фаолияти ҳамма учун ёпиқ бўлган вазирликлар, қўмиталар ва бошқа давлат ташкилотлари очилмоқда. Улар томонидан оммавий ахборот воситалари учун ҳар ойда камида бир марта медиа-тадбир ўтказиш ва уларда раҳбариятнинг иштирок этиши устувор масала сифатида қўйилди.

Шунингдек, вазирлик ва идораларда матбуот котиби – раҳбарнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими таъсис этилди. Бугунги кунда республикамизда ахборот хизматлари соҳасида 1200 нафардан ортиқ мутахассис фаолият юритмоқда. Ваҳоланки, 2019 йилга қадар бу йўналишдаги мутахассислар сони 500 нафарга ҳам етмас эди.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг ялпи мажлислари онлайн тарзда масофадан эфирга узатилмоқда. Уларни нафақат жонли кузатиш имконияти яратилмоқда, балки журналистлар ва блогерлар кечаётган жараён ҳақида ўз фикрларини эркин билдириши, маъқулланаётган ёки кўриб чиқилаётган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида Парламентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мулоҳаза қолдириши ҳам мумкин. Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кўтарилган муаммоларга ўз вақтида муносабат билдирилмоқда. 2019 йилда эътироз ва танқидий-таҳлилий материалларга муносабат билдириш ҳолати 12 фоизни ташкил қилган бўлса, 2022 йил 1-чорак якунлари бўйича Агентлик томонидан аниқланган ва давлат идораларига юборилган танқидларга муносабат кўрсаткичи 90 фоиздан ошган.

Амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, жиноий жавобгарлик либераллаштирилди. Хусусан, туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинди. Оммавий ахборот воситалари фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, шу жумладан, мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда. Журналист ва блогерларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга яқиндан кўмаклашиш, ахборот хизматлари фаолиятини яхшилашга устувор аҳамият берилмоқда.Ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлар кенг фойдаланиш имкони яратилди, ўндан ортиқ хорижий сайтлар блокдан чиқарилди, аккредитациядан ўтган хорижий оммавий ахборот воситалари ва журналистлар сони 2016 йилдаги 28 тадан 2022 йилга келиб 64 тага ортди.

Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказишда барча жараёнлар инсон омилисиз, электрон шаклда амалга оширилаётгани бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлганини қайд этиш зарур. Бунинг натижасида 2016 йилда оммавий ахборот воситаларининг сони 1437 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг сони 1962 тага етди.

Ҳозирги вақтда интернет журналистикаси ҳам ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Республикамизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларининг 677 таси веб-сайт сифатида рўйхатдан ўтган.

Юқоридагиларнинг натижаси ўлароқ яқиндагина эълон қилинган “Чегарасиз репортёрлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди.

Ушбу натижалар мамлакатимизда Президентимиз томонидан сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани билан бевосита боғлиқ.

Аммо, тан олишимиз керак, биз ҳали сўз эркинлигини таъминлаш борасида жуда илгарилаб ҳам кетмадик. Ҳанузгача бу борада эскича қараш, тақиқлашга интиладиган давлат ташкилотлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Журналистларимиздаги ички цензура ҳам баъзан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, давлат идоралари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик муҳитини тўлақонли шакллантириш имконини бермаяпти.
Яна бир жиҳат, журналист ва блогерларимизнинг ҳам саводхонлик даражаси, сўз эркинлиги ҳуқуқига амал қилишда ўзгаларнинг ҳуқуқларини поймол қилмаслик борасидаги билимлари жуда паст. Чунки улар ҳам ҳали ривожланишнинг дастлабки босқичида туришибди. Буни бартараф этиш учун эса биз энг аввало бунинг қонуний кафолатларини ҳам ўйлашимиз керак.


Садоқат Асланова,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети магистри